Спорт | 11:04 / 11.10.2020
17367
8 дақиқада ўқилади

#FootWeek: Шомуродов БААга қарши ўйнамайди, Афонин Абрамовдан таклиф кутяпти, «Андижон»да яна можаро

Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда навбатдаги йиғинини бошлади. Йиғин доирасида илк ўртоқлик ўйини Эронга қарши бўлиб ўтди ва унда форслар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. FootWeek'нинг бу галги сони асосий мавзуларидан бири ҳам Ўзбекистон – Эрон баҳси ва унда мезбонлар намойиш этган ўйин таҳлили бўлди.

Бундан ташқари, дастурдан «Локомотив» яримҳимоячиси Вадим Афонин билан интервью ҳамда тез-тез тугатилиб, қайтадан ташкил этиб туриладиган «Андижон» клуби мавзусида юрист Зокиржон Холиқов билан суҳбат ҳам ўрин олган.

«Андижон» можароси ФИФА даражасига кўтарилиши мумкин

«Андижон» клуби бу йил ҳам тугатилиб, қайта ташкил этилди. Аммо бу амалиёт бу клуб учун янгилик эмас: кўплаб мавсумларда бир МЧЖ ёпилиб, ўрнига бошқа МЧЖ таъсис этилиши ва «Андижон» янги таъсисчи қўл остида чемпионатларда қатнашиши оддий ҳол.

Маълум бўлишича, бу иш – клубнинг турли қарздорликларини йўқ қилиб юбориш учун қилинар экан. Банкрот деб эълон қилинган МЧЖ футболчилар ва мураббийлар олдидаги мажбуриятларини бажаришга қодир эмас. Юрист Зокиржон Холиқов ойлик маошларини ололмаётган мутахассис ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани ва «Андижон» можароси ФИФА даражасига кўтарилиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

Вадим Афонин: «Мен ўзбекман!»

Миллий жамоага бегона бўлмаган, клубдаги фаолиятининг катта қисмини Россияда ўтказиб, айни пайтда Тошкентнинг «Локомотив» клубида ўйнаётган яримҳимоячи Вадим Афонин билан интервью эса Россия ва Ўзбекистон лигалари ўртасидаги фарқ, «Локо»нинг сўнгги пайтлардаги муваффақиятсизликлари, Кападзенинг клуб мураббийлигига келиши, миллий жамоадан таклиф кутиши ва қалбан қаерга яқинроқ экани каби мавзуларда кечди.

– Жамоага Темур Кападзе келганидан сўнг нима ўзгарди? Қандай кайфият ҳукмрон?

– Менимча, кайфият барчада яхшиланди, чунки ғалабаларга эриша бошладик. Ўйинга муносабат, ўйинни олиб бориш, ўзаро тушуниш борасида яхшиланиш бор. Асосийси, ғоя бор.

– Кападзегача нима бўлган эди?

– Буткул ўзгариш борасида гапирмаган бўлардим. Мураббий жамоани керакли йўналишга бура олди, баъзи хатолар устида ишлади ва тузата олди. Пандемия ҳам бизга таъсир қилгани бор гап. Тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмади. Йиғинлар ҳам бир маромда ўтмади. Сабаблар етарли. Баъзи ўринларда керагидан ортиқ, баъзиларида эса етарли бўлмагандир ҳаракатларимиз. Янги одам келса, барибир нимадир ўзгаради.

– Ҳар хил жамоалар бор. Характерли жамоалар – мағлуб бўлса ҳам, ўйнайди, курашаётгани билиниб туради. «Локомотив» эса характерсиз, кайфиятсиз, руҳан синган жамоадек таассурот қолдирди.

– Инкор этмайман, ташқаридан яхшироқ кўринади. Кападзегача ҳам ёмон ўйнамаётгандик, дея оламан. Ҳа, руҳий муаммолар бўлди.

– Йил бошида ундай эмасди-ку?! 0:7, 0:4 натижалари... Бундай ҳолатда футболчилар нима ҳис қилишади? Аҳвол-руҳият қандай? Дейлик, Афонин бундай ўйинлардан кейинги нималарни ҳис қилади?

– Ўзим учун жавоб бераман, барча учун нимадир дейишим қийин. Ҳа, йирик ҳисобдаги мағлубиятлар ёмон таъсир қилади. Лекин айтаманки, Вадим Афонин доим курашган, охиригача ўйнаган. Майдонни тезроқ тарк этиш, тезроқ ўйинни тугатиб олиш ва дам олиш ҳақида умуман ўйламайман. Нохушликлардан қочиш менга хос эмас.

– Одатда легионерлар, масалан, сиз каби ёшлигида кетган футболчилар фаолиятини якунлаш учун кучсизроқ лигаларга кетишади ёки ватанларига қайтишади. Сиз Ўзбекистонга фаолиятингизнинг сўнгги босқичларини ўтказиш учун келдингизми?

– Йўқ, мен ҳали кучга тўламан. Ҳали анча ўйнагим бор. Руҳан тайёр бўлиш керак бундай ўйнаш учун. Ҳаётимда шундай ҳолатлар бўлдики, қайтишим лозим бўлди. Футболга алоқадор ва футболдан ташқари сабаблар. Ҳали юқори даражада ўйнаш ниятим бор. Ҳолатим бунга тўғри келади. Гап ёшда эмас, руҳият ва жисмоний ҳолатда. Эртамизда бизни нималар кутаётганини билмаймиз.

– Россиядан нима учун кетдингиз?

– Легионерларга лимит қўйилган. Менга айтишдики, лимит тўлди, Россия паспортинг бўлганида, қолардинг.

– Россия паспортини олиш ҳақида фикр бўлмаганми?

– Мен Ўзбекистоннинг турли миллий жамоаларида ўйнаганман. Паспорт ўзгартиришдан маъно йўқ. Ватаним Ўзбекистон.

– Миллий жамоа учун кўп ҳам ўйнамагансиз...

– Лекин доим чақирувни кутганман, кутяпман ва кутаман!

– Ҳозирги миллий жамоа ҳақида нима дея оласиз? Ахир сиз ўйнайдиган нуқтада рақобат жуда кучли.

– Мени чақиришса, ақалли 5–10 дақиқа ўйнатишса ҳам хурсанд бўлардим. Айтганимдек, чақирувни доим кутаман. Ҳозир янги авлод ўйнаяпти. Ёш, иқтидорли, кучли футболчилар бор.

«Шўртан»да ўйнаганимга 8 йил бўлди. Ўша давр футболчиларидан саноқлилари қолди. Футбол фалсафаси ўша-ўша, балки қаерлардадир сифат ўзгаргандир. Авваллари тажрибалироқ, кучлироқ футболчилар бўлгандек.

– Ҳозир ўйнаш осонроқми?

– Қийин савол. Ҳамма ерга мослашиш мумкин. Ҳа, Россия футболи билан таққослаганда фарқлар бор. Ўзбекистон чемпионати ўсяпти. Бу хурсанд қилади. Россия футболи билан фарқимиз яна бир жиҳатда – бу ерда бир клуб доминантлик қиляпти, у ерда эса 6-7 клубнинг имкониятлари яхши. Маблағ томондан, болалар футболи ва академияларга эътибор жиҳатидан ҳолат яхшироқ. Ўзбекистонда ҳам яхши.

Мен бу мавсумни ҳисобга олмаган бўлардим. Коронавирус кўп нарсани ўзгартириб юборди.

– Легионер бўлиш нима дегани?

– Ким бўлмасин, адаптацияга, мослашишига боғлиқ. Ахир ҳамма ҳар хил. Мен ёшлигимда кетганман ва ёшроқ футболчиларга маслаҳатим – курашиш, ўсишдан тўхташмасин. Бир сонияга ҳам бўшашишмасин.

Россияда рақобат жуда кучли. Бироз бўлса-да чалғидингми, тамом, ўрнингни йўқотдинг. Машғулотларда ҳам, ўйинда ҳам ўз имкониятингни максимум кўрсат. Футболдан ташқаридаги масалаларга чалғимаслик муҳим.

– Фаолиятингизни якунлагач, ўзингизни қаерда кўрасиз?

– Бу ҳақда ўйлашни истамайман. Ўйлаб ҳам кўрмаганман. Хаёлим ва ҳаётим футбол билан банд. Эртага қаерда, қайси соҳада бўлишимни билмайман. Бугун футболдаман. Шу асосийси.

– Афонин майдондан ташқарида ким?

– Жавоб бериш қийин. Оддий инсонман. Яхши ота. Келинг, ўзимга баҳо бермай.

– Футболни ташлаб кетиш фикри бўлганми ҳеч қачон?

– Бунақаси бўлмаган. Тун ортидан тонг отади. Ҳа, қийинчиликлар бўлган, лекин ҳеч қачон тарвузим қўлтиғимдан тушмаган, ташлаб кетиш ҳақида ўйламаганман ҳам. Қийинчиликлар кишини тоблайди, чиниқтиради, чидамли қилади.

Футболда ҳам, ҳаётда ҳам яхши бўлишга, юқорироқ ўринларни эгаллашга, атрофдагиларга яхшилик қилишга интиламан. Футбол фаолиятимдан қисман кўнглим тўлади. Кимдадир мана шу йўқ, кимдадир бундан ортиғи бор. Мен максималистман.

Бундан юқорироқ марраларга эришишим ҳам мумкин эди. Бу ерга қайтганим ҳам яхши, ахир мен «Трактор» тарбияланувчисиман. Бу – мен катта бўлган жой, болалигим ва ёшлигим ўтган стадион. Мен ўзимни доим ўзбекистонлик деб ҳисоблаганман. Ўзбекман!

***

Шу ва бошқа хабарлар Бобур Акмаловнинг FootWeek муаллифлик лойиҳаси навбатдаги сонида. Томоша қилинг!

Мавзуга оид