Жаҳон | 21:55 / 12.10.2020
45730
1 дақиқада ўқилади

Олимлар коронавирус инсон терисида қанча вақт қолишини аниқлашди

Япониянинг Киото тиббиёт университети олимлари коронавирус инсон терисида қанча вақт яшовчан бўлиб қолишини аниқлашди. Олимларнинг таъкидлашича, инсон терисига тушган коронавирус тахминан 9 соатгача хавф солиши мумкин.

Фото: Carl Court / Getty Images

Бу эса грипп вирусининг инсон терисидаги яшовчанлик вақтидан 5 марта кўпроқни ташкил қилади. 

Ушбу натижалар тажрибалар давомида олинган. Тажрибалар давомида инсон терисига коронавирус ва грипп вирусларидан 100 мингтадан жойлаштирилган. Сўнгра вируслар теридан йўқ бўлиб кетишигача қанча вақт ўтиши қайд қилинган. Грипп вируслари 1-2 соатдан кейин йўқ бўлган. Бироқ коронавирус инсон терисида баъзи ҳолатларда 11 соатгача, ўртача эса 9 соат давомида қолган. 

Тадқиқотларда аниқланишича, 80 фоизлик этил спирти қўлланиши теридаги вирусларни 15 сонияда ўлдиради. Агар қўллар совун билан 15 сония давомида ювилса, сўнгра оқиб турган сувда 10 сония чайилса, бунда вируснинг дастлабки миқдоридан 10 мингдан бир қисмигина қолар экан. Қўлларнинг крандан оқиб турган сувнинг ўзи билан ювилиши ҳам вируслар миқдорининг юздан бири қолишига олиб келар экан.

Аввалроқ коронавируснинг банкноталар ва смартфонлар юзаларида бир ойгача сақланиб қолиши мумкинлиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид