Ўзбекистон | 15:22 / 12.10.2020
26211
5 дақиқада ўқилади

ССВ коронавирусга қарши қўлланаётган дори воситаларининг ножўя таъсирларидан огоҳлантирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситалари фақат коронавируснинг оғир шаклларида қўлланиши мумкинлиги, енгил ҳолатларда ножўя таъсирларга эгалиги ҳақида гапирди. Унинг айтишича, сўнгги вақтларда бу дорилар ўзбошимчалик билан қабул қилиниши ҳолатлари кўпайгани туфайли шифохонага мурожаатлар ҳам ортган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев билан интервьюда коронавирусга чалинганларни даволашда қўлланаётган дори воситалари ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

— Айни кунларда коронавирусни келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 вируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини ишлаб чиқиш жаҳондаги барча соғлиқни сақлаш ташкилотларининг асосий вазифасига айланган. Ҳозирда дунё фармацевтика бозорида COVID-19 касаллиги олдини олиш ёки уни даволашга қаратилган юздан ортиқ дори воситалари, вакциналар таклиф этилмоқда. Аммо, афсуски, ҳозирги вақтгача COVID-19 касаллигини самарали даволаши кафолатланган препарат топилгани йўқ. Шунга қарамасдан, COVID-19 касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситалари мавжуд бўлиб, бундай дорилар орасида ҳозирда энг машҳури «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дейиш мумкин.

Ҳақиқатан ҳам шу дорилар коронавирусни енгишда ёрдам беряптими?

—  Вирусга қарши «Ремдесивир» препарати 2015 йил АҚШда яратилган бўлиб, Африкада тарқалган «Эбола» вирусига қарши қўлланган. 2020 йил 1 майдан бошлаб Америка озиқ-овқат ва дори воситаларини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан коронавирусни даволашда тезкор дори сифатида қўллашга рухсат берилган. Ўтган вақт ичида «Ремдесивир» ўзининг ижобий натижаларини ҳам берди. Шу сабабли, коронавирусни даволашда бутун дунёда қўлланмоқда. Ҳозирда «Ремдесивир» препарати Ўзбекистонда ҳам «Ремдесса» номи билан ишлаб чиқарилмоқда. 

Коронавирусни даволашда яна бир кенг қўлланаётган дори воситаси бу – «Фавипиравир». У Японияда «Авиган» номи билан 2014 йилдан «Fujifilm Toyama Chemical» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган грипп касаллигига қарши дори воситаси бўлиб, гриппга чалинганларни даволашда бошқа препаратлар таъсир кўрсата олмаганида захира препарати сифатида татбиқ этилган.

«Фавипиравир»нинг биологик актив моддаси бир қатор вирусларнинг кўпайишини блоклайди. Бу препарат ҳам Африкада «Эбола» вирусини даволашда кенг қўлланган. 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб Япония клиникаларида коронавирус беморларини даволашда кенг қўллаб келинмоқда. 

«Ремдесивир» ва «Фавипиравир» вирусга қарши дори воситалари синов вақти ва даволаш муолажалари даврида ўзини ижобий намоён этмоқда. Даволаш кунлари қисқармоқда, беморлар аҳволи сезиларли даражада яхшиланмоқда.

—  Аммо бу дори воситаларининг ножўя таъсирлари ҳақида ҳамма ҳам билмайди... 

—  Тўғри, Японияда «Авиган» («Фавипиравир») дори воситаси фақат буюртма асосида клиникаларга етказиб берилади. «Ремдесивир» эса фақатгина стационар шароитида қўллашга мўлжалланган. Чунки «Ремдесивир» дори воситаси COVID-19 касаллигининг ўрта оғир ва оғир шаклида беморларга тавсия этилади. Сабаби барча дори воситалари сингари ушбу дори воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари мавжуд. Жумладан, тиббий кўрсатмасиз пала-партиш ва юқори дозада ишлатиш буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради, жигар ферменти «АлТ»нинг ошишига олиб келади, ўткир нафас етишмовчилиги, кўнгил айниши ва қабзиятни чақиради. 

«Фавипиравир» дори воситаси касаллик енгил ва ўрта оғир кечиш даражасида фақат шифокор назорати остида тавсия этилади. Сабаби «Фавипиравир»ни вирус юкламаси кўп бўлганда ва фойдаси зараридан устун деб топилгандагина тавсия этилади. Уни ҳомиладор аёллар қабул қилганда боланинг кўп нуқсонли туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Буйрак етишмовчилигини чақиради. Ҳаракат функцияларини бузади.

Ачинарлиси, санаб ўтилган ножўя таъсирига қарамай, аҳоли орасида «Ремдесивир» ва «Фавипиравир» дори воситаларини ишлатишга хоҳиш ортиб бормоқда. COVID-19 касаллиги билан «асоратланган» ҳолатда тиббиёт муассасаларига мурожаатлар кўпайиб кетди. Бунга эса билиб-билмасдан кўп миқдорда ва керак бўлмаган ҳолатда юқорида санаб ўтилган дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид