Ўзбекистон | 23:22 / 13.10.2020
32402
6 дақиқада ўқилади

«Бош вазир сўзлари нотўғри талқин қилинмоқда» – Монополияга қарши қўмита ва АОКА раҳбари муносабат билдирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва ​​​​​​​Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев бош вазир Абдулла Ариповнинг ҳукумат йиғилишидаги сўзлари нотўғри талқин этилаётгани ҳақидаги муносабатларини эълон қилди. 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати муносабатида 12 октябрдаги ҳукумат мажлисида бош вазир Абдулла Арипов томонидан қўмита ва «UzAuto Motors» компанияси ўртасида давом этаётган суд жараёнида шошмасдан қарор қабул қилиш, имкон даражасида халқаро консультант-мутахассислар билан ҳамкорликда, уларнинг ўрганишлари ҳам инобатга олинган ҳолда иш олиб борилиши таклиф сифатида билдирилгани айтиб ўтилган.

«Бош вазир бошчилигида бўлиб ўтган селектор йиғилиши ва унда кўтарилган масалалар бугун ОАВ ва блогерлар ўртасида кенг муҳокама қилиняпти. Айрим блогерлар томонидан кўтарилган масалалар нотўғри талқин қилиняпти. 

Мазкур селектор йиғилиши Ўзбекистон Республикаси президентининг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 5 октябрдаги ПФ–6079-сон Фармони билан белгиланган лойиҳалар ва чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни самарали ташкиллаштириш масалаларига бағишланган.

Мажлис Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятига бағишланмаган ва унда қўмита раиси Нажмиддинхўжа Шариповнинг ҳисоботи ёки «UzAuto Motors» компанияси масаласи бўйича махсус ахбороти тингланмаган. 

Йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири – давлат органлар томонидан олиб борилаётган ахборот сиёсати, матбуот котибларининг фаолияти самарадорлиги, ОАВ билан ишлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган.

Йиғилишда, бош вазир томонидан ҳозирги кунда юқоридаги йўналишларда давлат органлар томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида фикрлар билдирилиб, кўплаб ижобий ва танқидий мисолларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва «UzAutoMotors» компанияси ўртасида давом этаётган суд жараёнида шошмасдан қарор қабул қилиш ва имкон даражасида халқаро консультант-мутахассислар билан ҳамкорликда, уларнинг ўрганишлари ҳам инобатга олинган ҳолда иш олиб борилиши таклиф сифатида билдирилди.

Шунингдек, давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан ўзаро мулоқотда, асосли ва исботланган далилларга таяниб ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклиги, акс ҳолда бу ҳаракатлар популистик кўринишга эга бўлиб қолиши эҳтимоли борлиги назарда тутилган», дейилади қўмита муносабатида.

АОКА раҳбари Асад Хўжаев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бош вазир иштирокидаги йиғилишда аввало вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари фаолиятини яхшилаш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилгани ҳақида айтган.

«Шу билан бирга, ахборот маконида мутасадди раҳбар томонидан айтилган ҳар бир сўз ижтимоий-сиёсий тус олиши, бу жамоатчиликни чалғитувчи бирёқлама фикрлар тарқалишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Масалан, куни кеча Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг кўпчиликнинг эътиборида бўлган соҳадаги (коронавирус беморлари масаласи – таҳр.) статистик маълумот бир ҳудудда ҳақиқатдагига нисбатан 10 баробар камайтириб кўрсатилгани тўғрисида фикр билдирилди. Жуда катта шов-шувга айланиб, баҳс-мунозара келтириб чиқарган ушбу масала юзасидан бир қанча мутахассислар ОАВ орқали тушунтириш беришига тўғри келди.

Бу оддий статистика билан умумий маълумот орасидаги фарқни таҳлил қилмаслик, расмий ахборотдаги тафовутни текшириб кўрмаслик аҳолини саросимага туширишини амалда намоён этди.

Статистик маълумотни солиштиришда маълумотларни йиғиш ва умумлаштириш, статистикага киритиш асослари ва ҳоказоларни ҳисобга олиш, охир-оқибат мутахассис-шифокорларнинг маслаҳатини олиш лозимлиги айтилди.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг сотиб олинган автомобиллар учун тўловларнинг муайян қисмини мижозларга қайтариб бериш борасидаги баёноти ҳам мисол тариқасида келтириб ўтилди.

Қўмита билан боғлиқ ҳолатда ҳам айнан шундай – бундай ҳисоб-китоблар, холисликни таъминлаш мақсадида, хорижий консультантлар иштирокидаги аудиторлик компаниялари томонидан тасдиқланса яхши бўлар эди. Акс ҳолда, бу шунчаки популистик баёнотга айланади. Мазкур ҳолатда бунга (ҳисоб-китоб аудитор томонидан тасдиқланмаган – таҳр.) амал қилинмаган», дея ёзган Асад Хўжаев.

У интернетда учинчи шахслар томонидан жойлаштирилган хабарларнинг ОАВда ҳам кузатилишидан ажабланганини қўшимча қилган. Хўжаев ОАВни текширилмаган, ишончли бўлмаган ахборот тарқатишдан тийилишга ва фаолиятида мамлакат қонунчилигидаги талабларга амал қилишга чақирган.

Бунгача Kun.uz манбаси бош вазир Абдулла Арипов 12 октябрь куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида «UzAuto Motors» масаласига тўхталиб ўтгани, Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг «UzAuto Motors» компанияси фаолияти юзасидан текширувига хорижий консалтинг фирма жалб этилмаганини қайд этиб ўтгани, шунингдек, қўмита раиси Нажмиддин Шариповнинг ҳаракатлари ҳам танқид остига олиниб, унинг раҳбарлигидаги ташкилот фаолияти популизм сифатида баҳолангани ҳақида хабар берганди.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда флешмобга сабаб бўлган. Блогерлар ва интернетнинг бошқа фаол фойдаланувчилари «мен ҳам популистман» сарлавҳаси билан «UzAuto Motors»га қарши курашаётган қўмита ва депутатларни қўллаб-қувватлашган.

Маълумот учун, президентнинг 2020 йил июлдаги фармони билан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Сенат ва давлат раҳбарига бўйсунуви белгиланган.

Мавзуга оид