Жаҳон | 22:39 / 14.10.2020
23108
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Европа давлатлари «ғамгин ҳафталар»га тайёрланмоқда

Европа раҳбарлари ўз давлатларини «қийин ва ғамгин ҳафталар»га тайёрлашмоқда, Жаҳон банки ривожланаётган мамлакатлар аҳолисини эмлаш учун миллиардлаб маблағ ажратмоқда, Парижда комендантлик соатини қайта жорий этиш таклифи муҳокама қилинмоқда.

Польшанинг Закопане ҳудудида биринчи қор ёғди / EPA/Vostock-photo

Европанинг баъзи мамлакатларида мактабларнинг навбатдан ташқари таътиллари ташкил этилмоқда, кўплаб шифохоналарда режалаштирилган операциялар бекор қилиняпти, сўнгги ойларда аллақачон катта молиявий йўқотишларга дуч келган дўкон, ресторан ва кафе эгалари қиш олдидан янги ёпилишлар тўлқинидан хавотирга тушишмоқда. 

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Covid-19 пандемияси бошланганидан бери дунёда 38,1 миллион одам вирусни юқтириб олган, деярли 1,1 миллион киши вафот этган. 

Жаҳон банки ривожланаётган мамлакатларга коронавирус вакцинасини етказиб беришда фойдаланиладиган 12 миллиард долларлик ёрдам пакетини тасдиқлади. 

Пул маблағлари дори-дармонларни сотиб олиш ва етказиб беришга, шунингдек, тўғридан тўғри эмлаш, тестлар ва беморларни назорат қилишга сарфланади.

Жаҳон банки ажратилган маблағ бир миллиардга яқин одамни эмлаш учун етарли бўлиши керак деб умид қилмоқда.

Эпидемиянинг иккинчи тўлқини олдидан Сурия ҳукумати Дамашқдаги спорт мажмуасида коронавирус билан касалланганларни даволаш учун вақтинчалик касалхона ташкил этилишига буйруқ берди.

Касалхона 220 ўринга мўлжалланган, шундан 120таси қўшимча кислородга муҳтож беморлар учун ажратилади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Сурия ҳукумати назорати остидаги ҳудудларда март ойидан бери 4774 киши коронавирусга чалинган ва 228 киши вафот этган, аммо мутахассислар уларнинг ҳақиқий сони анча юқорилигини таъкидлашади.

Британия маҳаллий карантин тизимига ўтади
14 октябрдан Буюк Британияда уч босқичли чекловлар тизими ишлай бошлади. Даражалар таснифи қуйидагича: ўртача, юқори ва энг юқори хавфли. Амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг қатъийлиги мамлакатнинг турли минтақаларидаги эпидемиологик вазият билан белгиланади. Айни пайтда энг қониқарсиз минтақа Ливерпуль бўлиб, у ерда спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи масканлар - қовоқхона ва барлар ёпилади, аммо иссиқ овқат тайёрловчилар бундан мустасно. Шаҳар кенгаши маълумотларига кўра, касалхоналардаги реанимация бўлимлари беморлар билан деярли тўлган.

Ҳукуматнинг тегишли расмийлари Манчестер ва унинг атрофлари, Ланкашир графлиги ва бошқа бир қанча туманларни энг юқори хавф тоифасига киритиш имкониятларини муҳокама қилишмоқда. Шу каби даражадаги тизим Шотландияда ҳам амалда. 

Шимолий Ирландия бугун амал қилиш муддати ҳозирча бир ой этиб белгиланган қисман локдаун доирасида мактаблар, ресторанлар ва қовоқхоналарнинг тўлиқ ёпилишини эълон қилди. Соат 20:00дан кейин спиртли ичимликларни сотишга тақиқ жорий этилди, бино ичидаги спорт машғулотлари, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамдан ташқари ҳар қандай контактли муолажалар ман этилади. Мамлакат бўйлаб биргаликда яшамайдиган одамларнинг олти кишидан ортиқ бўлиб тўпланишига ҳам тақиқ қўйилган. 

Европада «қийин ва ғамгин ҳафталар»

Чехия соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула телевизион мурожаатида халқни яқин бир неча ҳафта қийин ва ғамгин бўлишидан огоҳлантирди. Мамлакатда қисман локдаун жорий қилинган, мактаблар, талабалар ётоқхоналари ва барлар ёпилмоқда. Сўнгги кунларда Чехияда касалланиш ҳолатлари кескин ортди. 

Нидерландияда чоршанба оқшомидан бошлаб кафе ва ресторанлар ёпиқ, бир қатор минтақаларда қисман локдаун жорий этилди. Чекловлар тўрт ҳафтага мўлжалланган, аммо узайтирилиши мумкин. Мамлакатда касалланиш суръатининг баҳорда кузатилган миқёсдан ошиб кетиши кузатилди. Шунингдек, бундан бир кун аввал Нидерландияда дунёдаги Covid-19 билан қайта касалланган беморлар орасида биринчи ўлим ҳолати қайд этилганди - вирусни иккинчи марта юқтириб олган кекса ёшли аёл вафот этди.

Германияда апрель ойидан бери биринчи марта бир кунда 5 мингдан ортиқ одамга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди, 43 киши вафот этди. Қатор маҳаллий раҳбарларнинг қарорига кўра, вирус энг кенг тарқалган минтақалар аҳолиси мамлакатнинг бошқа қисмларидаги меҳмонхоналарда тура олмайди, идеал ҳолда эса ушбу ҳудудларни тарк этиш ҳам чекланиши керак. Канцлер Ангела Меркель вазият бутун Европа бўйлаб жиддий ташвиш уйғотаётганини таъкидлаган.

Германия аэропортларида юқори хавф даражасига эга мамлакатлардан келувчилар учун мажбурий коронавирус тести жорий этилмоқда. Илгари бундай йўловчилар фақат 14 кун давомида ўзини изоляция қилиши керак эди. Бар ва ресторанларда алоқа маълумотларини тақдим этишдан бош тортганлик учун жарималар жорий этилди. Бундай маълумотлардан кўплаб мамлакатларда беморлар контактларини кузатиш учун фойдаланилади.

Франция президенти Эммануэль Макрон бугун тунда телевидение орқали янги чекловлар тўғрисида чиқиш қилади. Эҳтимолий чоралар қаторига Париж, Лион ва Лилль каби нисбатан қониқарсиз вазиятдаги шаҳарларда комендантлик соати жорий этилиши киритилган. 

Испания шимоли-шарқидаги Каталония ҳукумати бар ва ресторанларни октябрь ойининг охиригача ёпиш ҳақида ўйламоқда. Covid-19 билан касалланганлар сони минтақадаги шифохоналарда тез суръатларда ўсиб бормоқда. 

Болгарияда ўтган кун давомида 785та янги ҳолат аниқланди, саккиз киши вафот этди. Мамлакат бўйича энг ёмон аҳвол Софияда кузатилмоқда.

Мавзуга оид