Коронавирус пандемияси даврида айрим тоифа ходимларни ишдан бўшатиш мумкин эмас
Карантин чоралари амал қилиш даврида айрим ташкилотларда иш ўринлари қисқараётганига гувоҳ бўляпмиз. Kun.uz пандемия даврида қисқартиришга тушгани сабаб ишдан бўшатилаётган ходимларга ўз ҳуқуқларини эслатиб ўтади.
Kun.uz таҳририятига фуқаролардан карантин вақтида «сокращение»га тушгани, иш берувчи томонидан: «Ўз хоҳишинг билан ариза ёз, йўқса «статья» билан бўшатаман», деган таҳдидлар бўлаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Таъкидлаш керакки, иш берувчилар учун коронавирус пандемияси даврида меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича айрим вақтинчалик чекловлар ўрнатилган.
Хусусан, 2020 йил 19 мартдаги президент фармонига мувофиқ:
- коронавирус инфекцияси билан зарарланган;
- карантинга жойлаштирилган;
- 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси (Меҳнат кодексининг 100-моддаси) билан бекор қилиш тақиқланади.
Яъни иш берувчи юқоридаги тоифаларга тааллуқли бўлган ходимларни «қисқартириш»га тушгани ёки малакаси етарли бўлмагани сабабли, ҳаттоки улар ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузган ёки ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузган тақдирда ҳам ишдан бўшатиши мумкин эмас.
Айтиш керакки, юқоридаги нормани 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходим коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган бўлиши керак, деб нотўғри талқин қилмаслик зарур.
Борди-ю, иш берувчи юқоридаги тоифалардан бирига тааллуқли ходимни ишдан бўшашга (ариза ёзишга) мажбур қилса-чи?
Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-сонли қарорига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Шунингдек, суд даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида бергани тўғрисидаги важларини синчковлик билан текшириши лозим.
Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра, агар ходим аризани иш берувчининг қистови натижасида берганини даъво қилиб чиқса, меҳнат шартномаси бекор қилинишининг асослилигини исботлаб бериш мажбурияти иш берувчи зиммасига юклатилади. Ушбу ҳолатда иш берувчи ходимни ишдан бўшатишнинг асослилигини исботлаб бера олмаса, суд ходимни ишга тиклайди.
Меҳнат кодексининг 270-моддасига кўра, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган юқоридаги тоифа ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой ичида иш берувчи жойлашган ҳудуддаги фуқаролик судига даъво аризаси киритишлари мумкин. Ушбу муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, суд муддатни қайта тиклаши мумкин.
Меҳнат кодексининг 112-моддасига кўра, ходим ишга тикланганда иш берувчи зиммасига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.
Зарарни қоплаш:
- мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;
- меҳнат шартномаси бекор қилингани ёки ходим бошқа ишга ўтказилгани устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлаш;
- маънавий зарар учун компенсация тўлаш кабиларни ўз ичига олади.
Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходимнинг илтимосига кўра, суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига (юқоридаги компенсациялардан ташқари) камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин.
Маълумот учун, «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига асосан, меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар юзасидан даъвогарлар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Муҳаммадамин Каримжонов, ТДЮУ ўқитувчиси.
Аббос Салайдинов, ҳуқуқшунос.
Мавзуга оид
15:42 / 20.12.2024
Ўзбекистонлик кадрларни Чехияда ишга жойлаштириш бошланади
12:29 / 18.12.2024
Ўзбекистон Бош консулхонаси Россиядаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказди
08:21 / 16.12.2024
Кореядаги ўзбекистонликлар иш жойини ташлаб кетгани туфайли кафиллардан 2 млрд сўм ундирилди
15:32 / 09.12.2024