Жаҳон | 15:16 / 15.10.2020
12109
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг 14 ёшли ўғли ҳам коронавирус юқтиргани маълум бўлди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг 14 ёшли ўғли Бэррон Трамп ҳам коронавирус юқтиган. Бу ҳақда президентнинг рафиқаси Мелания Трамп маълум қилган. Унинг айтишича, Бэррон касалликдан тузалган ва унинг организмида вирус асоратлари қолмаган.

Фото: Getty Images

Аввалроқ президентнинг даволовчи шифокори Шон Конли Дональд Трамп коронавирусдан буткул халос бўлгани ва у энди атрофдагилар учун хавф туғдирмаcлигини маълум қилган эди. Шунингдек, АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп ҳам вирус юқтириб, тузалиб чиқди. Трампдан фарқли ўлароқ Мелания хоним 2 ҳафтага яқин жамоатчилик олдида кўриниш бермади ва ўзини яккалаш режимида бўлди.

Кеча, 14 октябрь куни Дональд Трампнинг рафиқаси Мелания Трамп Оқ уй расмий сайтида ўзининг оиласи коронавирусни қандай бошдан кечиргани ҳақида батафсил мақола эълон қилди.

Меланиянинг ёзишича, биринчи тест натижалари ўғли Бэрронда коронавирус йўқлигини кўрсатган. Шунга қарамай, Бэррон қайта топширган тестлар унда COVID-19 борлиги ҳақидаги онасининг хавотирларини тасдиқлаган: «Бахтимизга у кучли йигит ва касаллик асоратсиз ўтди. Бир томондан касаллик учаламизда бир вақтда кечгани яхши бўлди. Биз бир-биримизга ғамхўрлик қилдик ва вақтни бирга ўтказдик», деб ёзган Мелания Трамп.

Биринчи хоним коронавирусни қандай енгиб ўтгани ҳақида ҳам ёзди: «Вирусни енгишнинг кўпроқ табиий йўлларини танладим: витаминлар қабул қилдим ва соғлом овқатландим».

Трамп ҳам ўғлида касаллик енгил кечганини таъкидлади: «У ўзида вирус борлигини сезмай ҳам қолган деб ўйлайман. Ахир ёшларнинг иммун тизими кучли ва у коронавирус билан курашади. Бэррон ажойиб йигит», деди Трамп.

Аввалроқ, Мелания Трампнинг вакиллари оиладаги болалар коронавирусга чалинмаганини маълум қилишганди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2 октябрь куни коронавирус юқтиргани маълум бўлгач, уч кун давомида Уолтер Рид номли ҳарбий касалхонада даволанди. Уни «Дексаметазон», «Ремдесивир» ва антитаначалар ёрдамида тайёрланган махсус «Регенерон» коктейли билан даволашди.

Мавзуга оид