Жаҳон | 22:39 / 16.10.2020
23070
8 дақиқада ўқилади

АҚШ-2020: Трамп қандай қилиб сайловда ғалаба қозониши мумкин?

Сўнгги сўровлар натижаларига кўра, Демократик партия номзоди Жо Байден амалдаги президент Дональд Трампдан сезиларли фарқ билан олдинда бормоқда. Байден, шунингдек, сайлов кампаниясини молиялаштириш бўйича ҳам жиддий устунликка эга. У тўплаган рекорд даражадаги хайрия маблағлари ёрдамида курашнинг сўнгги ҳафталарида мавжуд ахборот оқимини ўз ўзани томон буриш имкониятига эга.

Getty Images

Сайлов бўйича таҳлилчиларнинг орасида ҳам Трампнинг ютқазишини тахмин қилаётганларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Fivethirtyeight.com веб-сайти (ижтимоий сўровларни таҳлил қилиш, сиёсат, иқтисод ва спорт соҳасига ихтисослашган веб-сайт – таҳр.) Байденнинг ғалаба қозониш имкониятини 87 фоиз, Decision Desk HQ (овоз бериш натижаларини йиғиш, тартибга солиш ва сайлов билан боғлиқ маълумотларни тақдим этишга ихтисослашган марказ – таҳр.) эса 83,5 фоиз деб баҳоламоқда.

Бироқ бу каби маълумотлар демократларга жуда яхши таниш. Зотан, тўрт йил аввал Ҳиллари Клинтонга ҳам сайловларда ғалаба қозониш учун катта имконият берилган эди. Бироқ ҳамма бу кечанинг нима билан якунланганини эслайди.

Хўш, Трампнинг янги ғалабаси билан тарих такрорланиши мумкинми?

Агар президент Трамп келаси йилнинг январь ойида яна қасамёд қилиб, ўз вазифасини давом эттирса, бу воқеа содир бўлишининг эҳтимолий бешта сабаби бўлади.

Октябрь ойининг янги сюрпризи
Тўрт йил олдин, сайловга 11 кун қолганда Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми президентликка номзод Ҳиллари Клинтонга нисбатан у давлат котиби бўлгани пайтида шахсий электрон почтадан фойдалангани учун тергов очилганини эълон қилганди.

Ўшанда бир ҳафта давомида бу хабар кун тартибининг асосий муҳокама мавзусига айланади. Бу эса ўз навбатида Трамп кампанияси учун енгил нафас олиш имконини берганди.

2020 йил сайловларига икки ҳафта муддат қолганда худди шунга ўхшаш «оғир сиёсий зилзила» рўй бериши Трамп ғалаба сари олға бориши учун етарли бўлиши мумкин.

Ҳозирча катта ҳарф билан ёзилган сарлавҳали хабарлар Трамп учун ёқимли бўляпти, деб айтиб бўлмайди. Солиқлар билан боғлиқ можаро, унинг коронавирус туфайли касалхонага тушиб қолиши каби воқеалар шулар жумласидандир.

Жо Байден ўғли Ҳантер Байден билан, 2016 йил / Getty Images

New York Post газетасида эса эгаси томонидан компьютерда унутиб қолдирилган электрон мактуб топилгани, унга кўра, Жо Байден ўз ўғли, Украинадаги газ компаниси манфаатларини лобби қилган Ҳантер Байденнинг фаолиятига бевосита жалб этилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатилди. Бу хабарлар баъзи республикачилар томонидан «зилзила» деб таърифланди. Бироқ манбаси шубҳали бўлган ушбу даъволар ҳеч қандай тафсилотларга эга эмаслиги боис улар сайловчилар фикрига деярли таъсир қилмаслиги айтилмоқда.

Бироқ Трамп бу ҳали ҳаммаси эмас эканини, яна кўплаб «сюрприз»лар борлигини даъво қилмоқда. Агар борди-ю ҳақиқатан ҳам шундай бўлса ва Байденнинг вице-президентлик пайтида нотўғри хатти-ҳаракат қилганига оид аниқ далиллар пайдо бўлса, вазият ўзгариши мумкин. Яъни сайлов кампаниясининг воқеалар занжири ҳали номаълум бўлган ва кутилмаган «портлаш» сари олиб бориши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Ижтимоий сўровномалардаги хатолар
Байден Демократик партиядан номзод бўлганидан бери ўтказилган ижтимоий сўровларда барқарор равишда олдинда бормоқда. Аммо 2016 йил сайлов натижалари шуни кўрсатдики, мамлакат миқёсида етакчи номзод бўлиш ҳеч нарсани ифода этмаслиги, штатлар кесимидаги сўров натижалари ҳам натижани акс эттирмаслиги мумкин.

Сўнгги сайловда баъзи бир оммавий сўров ўтказувчи компаниялар Трампга овоз берадиган оқ танли, университет битирувчиси бўлмаган сайловчилар сонини нотўғри ҳисоблаганди.

Гарчи New York Times газетаси Байден томонидан қўлга киритилган устунлик уни 2016 йилдагидек сўровномаларнинг ноаниқликларидан ҳимоя қилишини таъкидлаётган бўлса-да, сўров ўтказувчи компанияларнинг олдида 2020 йилда ҳам енгиб ўтилиши керак бўлган бир қатор тўсиқлар мавжуд.

Бу галги сайловда кўплаб америкаликлар илк бор почта орқали овоз беришади.

Республикачилар ҳануз овоз беришнинг ушбу усули сайловларда қаллоблик қилиш учун имконият яратади, деган фикрни билдиришмоқда ва унга қарши кенг миқёсли ташвиқот олиб боришмоқда. Демократлар эса бу ҳаракатларни сайловчиларга босим ўтказиш сифатида баҳоламоқда.

Агар сайловчилар шаклларни тўғри тўлдирмаса ёки зарурий тартиб-қоидаларга риоя қилмаса ва ёки сайлов бюллетенларини тарқатишда узилишлар бўлса, ҳақиқий сайлов бюллетенлари ҳам ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Телевидениедаги дебатлар
Икки ҳафта олдинги Трамп-Байден баҳсида президент «тоза ўйин» кўрсатмади.

Сўровлар шуни кўрсатдики, Трампнинг тажовузкор услуби ушбу сайловнинг калити бўлган шаҳарлар атрофида яшовчи аёллар томонидан ёқимсиз ҳол сифатида қабул қилинган.

Аксинча, Байден ҳаяжонга тўла бу онларда етарлича қатъий позицияни намойиш этиб, республикачилар томонида ёши анча ўтиб қолгани ҳақидаги иддаолар ортидан туғилган хавотирни йўққа чиқара олди.

Иккинчи дебат ўзаро виртуал форматда ташкил этилиши маълум қилингач, Трамп ушбу баҳсда қатнашмаслик тўғрисида қарор қабул қилганини билдирди ва аввалги баҳсда сайловчиларда туғилган таассуротларини ўзгартириш имкониятини бой берди.

Кейинги пайшанба куни у биринчи баҳс билан боғлиқ таассуротларни ўзгартириш учун сўнгги имкониятга эга бўлади.

Агар Байден хотиржамликни қўлдан чиқарса ва келишмовчиликка олиб келувчи драматик вазият «ўпқони»га тушиб қолса, баҳсда Трампнинг қўли баланд келиши мумкин.

Беқарор штатлар
Жо Байден сайлов сўровномаларида етакчилик қилаётган бўлса-да, хатолар Трампнинг фойдасига ишлаши мумкин. Зотан, сайловчиларнинг умумий овоз мувозанатига жиддий равишда таъсир қилиши мумкин бўлган етарлича муҳим штатлар мавжуд.

Трамп ўтган сайловларда барча овозлар сони бўйича ортда қолган бўлса-да, сайловчилар ҳайъати арифметикасида осонгина фарқ ярата олганди. Ушбу тизимда ҳар бир штат Сайлов ҳайъатига мутаносиб равишда ўз делегатларини юборади.

Ўтган сайловларда ғолиб чиққан Трамп учун бу сафар Мичиган ва Висконсин каби беқарор штатларда ғалаба қилиш анча қийин кечадиганга ўхшайди. Аммо у ҳануз Пенсильвания ва Флорида каби штатларда олий маълумотли бўлмаган оқ танлиларнинг сайловда иштирокини таъминлаш орқали яқин фарқ билан ғалаба қозониши мумкин.

Ҳатто Байден ва Трампнинг ҳар бири 269тадан овоз олиши билан боғлиқ сценарий ҳам мавжуд. Бундай вазиятда натижа Вакиллар палатасидаги штатлар делегацияси ҳукмига қолади, улар эса Трампни афзал кўришлари мумкин.

Байденнинг қоқилиши
77 ёшли Жо Байден ҳозиргача сайлов кампанияси жараёнини жуда тартибли бошқарди.

Ҳозир Жо Байден учун энг асосийси - чекинмасликдир

Эҳтимол, эпидемия даври бўлгани учунми, қўпол хатолари билан танилган Байден ўзини кун тартибидан четроқда тутишга муваффақ бўлди.

Бироқ сайловларга бир неча ҳафта қолганда Байден ўзининг сайловолди кампаниясини кучайтирди ва яна анча кўзга ташланиб қолди. Бу эса оммавий ахборот воситаларининг янада кучли мониторинги ва унинг сайловда ютқазишига сабаб бўладиган ҳаракат ёки нутқи хавфи демакдир.

Байден ортида тўпланган сайловчилар бамисоли бир коалициядир. Шаҳар атрофида яшовчи мўътадиллар, норози республикачилар, анъанавий ишчилар синфига мансуб демократлар, этник озчиликлар ва либераллар.

Агар Байден уларга айтар сўзи ёки қиладиган ҳаракати билан бирор сабаб яратиб бергудек бўлса, салбий маънода қўзғалиши мумкин бўлган жуда кўп динамик нуқталар мавжуд.

Албатта, сайлов кампанияси чарчоғи туфайли Байден ўзининг ёши билан боғлиқ муаммоларга «қоқилиб» тушиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агар шундай ҳол юз берса, Трампнинг сайловолди кампанияси «ўлганнинг устига тепган» қабилида иш тутиши аниқ.

Байден кампанияси ҳозирда улар фақат вақтни ўлдиришлари кераклиги ва охир-оқибат, Оқ уй уларга тегишли бўлиши ҳақида ўйлашаётган бўлишлари мумкин. Аммо агар шундай бўлса, улар нақд бўлиб турган ғалабани қўлдан бой берган биринчи сиёсий жамоа бўлишмайди.

Мавзуга оид