Жаҳон | 00:00 / 16.10.2020
18797
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Франциялик вазирнинг уйидаги тинтув, Байденнинг атрофидагилардан вирус чиқмоқда

Лондонда карантин қатъийлаштирилди, Франция соғлиқни сақлаш вазирининг уйида тинтув ўтказилди, АҚШдаги президентлик сайловларига икки ҳафта вақт қолганида вице-президентликка номзоднинг жамоасида Covid-19 аниқланди.

BBC шу ва шу каби коронавирусга оид куннинг бошқа хабарлари дайжестини келтирган. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланганлар сони 38,5 миллиондан ошган, қарийб 1,1 млн киши вафот этган.

Британия ҳукумати Лондон шаҳрини эпидемиологик вазият нисбатан ёмон бўлган ҳудудлар кирувчи тоифага ўтказди - яқинда мамлакатда жорий этилган уч даражали тизимга кўра, иккинчи тоифага «касалланиш хавфи ошган ҳудуд»лар киритилади.

Шанба кунидан эътиборан бир уйда яшамайдиган лондонликлар уйда, паблар ва ресторанларда учрашмаслиги керак. Очиқ кенгликда мулоқот қилиш мумкин, аммо бир жойда 6 нафардан ортиқ киши йиғилиши мумкин эмас.

Мамлакатнинг турли ҳудудларидаги яна олти шаҳар ва Эссекс графлиги тўлиқ иккинчи тоифага ўтказилган. Бунгача Манчестер ва Ливерпуль ушбу тоифада эди.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II эпидемия бошланганидан буён илк марта қироллик қароргоҳидан ташқаридаги маросимда иштирок этди.

Унга набираси, шаҳзода Уильям ҳамроҳлик қилди, қиролича коронавирусга қарши курашнинг турли методларини ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатган олимлар гуруҳи билан учрашган. Бундан ташқари, улар Сергей Скрипаль ва унинг қизи 2018 йилда Солсберида «Новичок»дан заҳарланиши билан боғлиқ текширувларда ишлаган жамоа билан танишишган.

Қиролича ҳам, шаҳзода ҳам тиббий ниқобда бўлишмаган. Аммо учрашувга таклиф қилинган 48 кишининг барчаси Covid-19ни аниқлаш тестидан ўтганди. Букингем саройидагиларнинг ишонч билдиришича, қиролича хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилган.

Дунёдаги вазият
Франция полицияси ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорларининг пандемияга қарши кураш ҳаракатларини текшириш доирасида уларнинг уйларида тинтув ўтказмоқда. Жумладан, уйига ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари ташриф буюрганлар орасида соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран ва Франция Миллий жамоат саломатлиги агентлиги раҳбари Жером Саломон ҳам бор.

Расмийларга нисбатан текширув мамлакатда касаллик авж олганида суд қарори чиқарилиб бошланганди. Бунга Франция шифохоналарида индивидуал ҳимоя воситалари тақчиллиги юзага келгани, шунингдек, ўз вақтида зарур қарорлар қабул қилинмагани асос бўлганди. Шифокорлар ва Covid-19 қурбонига айланган фуқароларнинг яқинларидан кўплаб шикоятлар келиб тушган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Франция Европада касалланиш ҳолатлари сони бўйича 10-ўринда - жами 820,3 минг ҳолат, 33 минг киши касалликдан вафот этган. Президент Эммануэль Макроннинг сўзларига кўра, инфекция мамлакатнинг барча ҳудудлари бўйлаб тарқалган.

Чоршанба куни мамлакатдаги энг йирик шаҳарларда - Париж, Марсель, Лилль, Лион, Руан, Сент-Этьен, Тулуза, Гренобль ва Монпельеда комендантлик соати жорий этилди. Бу қатъий чоралар жами 22 млн кишига таъсир қилади.

Камала Ҳаррис жамоасида Covid-19
АҚШ вице-президентлигига номзод бўлмиш Камала Ҳаррис штабида коммуникация масалалари бўйича директор ҳисобланган ходимга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Шунингдек, Ҳаррисга хизмат кўрсатган самолёт экипажи аъзоларидан вирус чиққан.

Демократларнинг сайловолди штаби берган расмий маълумотга кўра, Камала Ҳаррис касаллик аниқланганларнинг ҳеч бири билан сўнгги икки кун давомида яқин алоқада бўлмаган. Бу эса унга карантинга кетмаслик имконини беради.

«Аммо эҳтиёткорлик юзасидан ва кампаниямиз ички тартибига кўра, биз сенатор Ҳарриснинг мамлакат бўйлаб сафарларини 18 октябргача бекор қиламиз», - дейилади Жо Байденнинг сайловолди штаби баёнотида. АҚШда президентлик сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган.

Еврокомиссия раҳбари ЕИ саммитини тарк этди
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Брюсселда ЕИ давлатлари етакчилари иштирокида бошланган икки кунлик саммитни бир соат ўтиб тарк этди. Маълум бўлишича, у шу кунларда Covid-19 ташувчиси билан алоқада бўлган. У топширган тест натижаси манфий чиққан бўлсада, тадбирни тарк этишга ва бошқаларни хавфга қўймасликка қарор қилган.

Лекин бу маълумот унга етказилгунича у саммитда нутқ сўзлашга улгурганди, хусусан, Евроиттифоқнинг барча давлатлари карантин қоидаларига амал қилиши кераклиги, минтақадаги вазият кундан кунга даҳшатли тус олаётганини айтиб ўтган.

Янги ташхис - «узоқ муддатли Covid-19»
Британия жамоат саломатлиги тадқиқотлари миллий институти олимлари эълон қилган ҳисоботга кўра, айрим ҳолатларда касалликка чалинганларда коронавирус аломатлари аввал айтилганидан узоқроқ вақт давомида қолади.

Шу вақтгача коронавирус енгил кечганда аломатлар икки ҳафтада йўқолиши, жиддийроқ ҳолатларда эса касаллик уч ҳафта давом этиши ҳақида тушунча мавжуд эди. Натижада, бу муддатдан кейин ҳам аломатлар сақланиб қолган беморлар ёки бу маълумотларга ишонишмас ёки ўзларида умуман бошқа касаллик бор, деган фикрга келишарди. Ҳисоботда айтилишича, бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган беморлар сони минглаб бўлган.

Симптомлар давомийлиги Covid-19нинг ўзи ва яна коронавирус касаллигидан келиб чиқувчи уч сабаб билан боғлиқ бўлиши мумкин:

  • Ўпка ва юрак фаолиятидаги сурункали муаммолар
  • Интенсив терапия асоратлари
  • Коронавирусдан кейинги доимий чарчоқ синдроми

Шу тариқа, олимларнинг айтишича, Covid-19 маълум муддат давомида даволаш мумкин бўлган касаллик эмас, у узоқ вақт сақланиб қолувчи касаллик даражасига ўтмоқда, натижада, ташхис ва терапияда янгича ёндашувлар талаб этилади.

Оксфордда янгича тест ишлаб чиқилди
Пайшанба куни Оксфорд университети олимлари инсон организмидаги коронавирус инфекциясини беш дақиқада аниқлайдиган экспресс-тест ишлаб чиқишгани ҳақида маълум қилишди.

Университет тестнинг тажрибавий намунаси 2021 йил бошларида ишлаб чиқарилиши, яна олти ойдан кейин эса тасдиқланган модели тақдим этилишига умид қилишмоқда.

Қайд этилишича, янги тест вирусни аниқлашда юқори аниқликка эга, бундан ташқари, у мазкур вирусни бошқа касалликлардан фарқлай олади.

Олимларнинг фикрича, бундай экспресс-тестлар дунё иқтисодиётини тиклаш гарови бўлади, аэропортлар, мактаблар, олий таълим муассасалари ва одам тўпланувчи бошқа жойларда бундай тестларни тезкорлик билан ўтказиш мумкин.

Мавзуга оид