Ўзбекистон | 21:10 / 16.10.2020
33505
3 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини сақлаш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири. Буни таъминлаш мақсадида сўнгги 3 йилда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун 28 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Биргина чорвачилик йўналишида 11 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилди.

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинган. 

Лекин шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар  маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортган. Шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, юртимизда 23 фоизга қимматлаган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

«Бугундан барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги таъкидланди.

Ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этилиши белгиланди. Ҳудуд раҳбарлари тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўяди. Бундай тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилади.

Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархини арзонлаштириш мақсадида йирик хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий биржадаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманига республиканинг муайян вилоятини бириктириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари расталари ва дала дўконлари ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудида яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар ва нарх-наво бўйича халққа ҳисобот бериши зарурлиги айтилди.

Видеоселектор йиғилишида вилоятлар ҳокимлари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан ойма-ой узлуксиз таъминлаш режалари юзасидан ҳисобот берди.

Мавзуга оид