Ўзбекистон | 22:09 / 16.10.2020
23705
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жамоат транспорти йўловчиларига ниқоб ва қўлқопда бўлиш мажбурий қилинмоқда

17 октябрь кунидан эътиборан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўловчилари тиббий ниқоб ва қўлқопларда бўлишлари талаб этилади.

«Транспорт вазирлиги бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилишини маълум қилади», дейилади Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида. 

Шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг санитария қоидалари ва белгиланган карантин талабларига қатъий амал қилишларини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилади.

Жорий йилнинг 19 октябридан эътиборан шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқобда, шунингдек, тиббий қўлқопда бўлишлари қатъиян талаб этилади. 

«Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Шаҳар жамоат транспорти хизматидан фойдаланганда белгиланган карантин талаблари ва санитария меъёрларига қатъий амал қилинг. Ўзингиз ва атрофдагиларнинг саломатлигига бефарқ бўлманг», дейилади хабарда.

  • 15 август куни Тошкент метроси бир неча ойлик танаффусдан кейин фаолиятини тиклаганди. Ўшанда йўловчилар метро бекатлари ва поездлар вагонларида тиббий ниқобда бўлиши шартлиги белгиланганди.
  • Махсус комиссиянинг август ойи охиридаги қарорига кўра ҳам йўловчилар ниқобда бўлиши кераклиги белгиланган. Лекин ўзбекистонликларнинг ҳаммаси ҳам бу талабга амал қилмаётганди. Шу билан бирга, комиссия тиббий қўлқоп тақишни талаб қилмаганди.

Мавзуга оид