Махсус комиссия қаерда қолди? «Қўлқоп»га доир қарор эътирозларга сабаб бўлмоқда
Куни кеча Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиш тартиби ҳам жорий этилишини маълум қилди.
Бунга қўшимча равишда, шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг санитария қоидалари ва белгиланган карантин талабларига қатъий амал қилишларини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилиши ҳақида огоҳлантириш берилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқобдан ташқари тиббий қўлқопда ҳам бўлишлари ҳақидаги қатъий талаб жорий йилнинг 19 октябридан, яъни душанба кунидан кучга киради.
Ушбу талаб жорий этилиши маълум қилинганидан сўнг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сонли фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ташкил этилди. Махсус комиссияга коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтиришга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарорида Махсус комиссияга зарур ҳолларда қўшимча, кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилган. Аммо бугунга қадар қабул қилинган ҳужжатларда Транспорт вазирлигига Махсус комиссияни четлаб ўтган ҳолда мустақил тарзда мажбурий чора-тадбирлар белгилаш ваколати берилмаган. Махсус комиссия эса ҳали тарқатиб юборилмади. Ҳамма ишни ўзининг эгаси қилгани маъқул.
Шу ўринда яна бир савол туғилади: Транспорт вазирлиги бундай чора-тадбирлар белгилашни ким биландир келишганми? Ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда тавсия берганми?
Ушбу талабнинг мантиқсиз жойи шундаки, ЖССТ қўлқопдан фойдаланиш коронавирус тарқалишига қарши самарасиз ва аксинча вирус тарқалишига хизмат қилади, дея таъкидлаб турган бир дамда бизда қўлқопнинг мажбурий қилиб белгиланаётганидир. ЖССТ жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида қўлқоп ўрнига ташриф буюрувчиларнинг қўлларини дезинфекция қилишни тавсия этган. Талабнинг яна бир ғалати жиҳати – унинг нега бошқа ҳудудларда эмас, фақат Тошкентда жорий этилаётганида. Ваҳоланки, бугунги кунда республиканинг деярли барча ҳудудларида йўловчи ташишда автобуслардан кенг фойдаланилмоқда.
Транспорт вазирлиги томонидан жорий этилган мазкур талаб жамоатчиликда норозилик уйғотди. Блогер Хушнуд Худойбердиев ушбу ҳолатга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:
“Биринчидан, бунинг қандай фойдаси бор? Кимдир аниқ кафолат бера оладими бу қарор фойдали эканлигига. Илмий изланишлар олиб борилганми? Аниқ тадқиқотларнинг хулосаси борми? Ёки шунчаки қайсидир коттаконнинг хаёлига келди, тамомми? Дезинфекция туннелларидан сабоқ чиқармадикми?
Иккинчидан, Транспорт вазирлигининг бунақа қарор қабул қилишга ваколати борми ўзи? Фуқароларга яна қўшимча харажат қилдирадиган мажбурий талабни қўйишга ким уларга ҳуқуқ берди? Ёки текин қўлқоп тарқатишадими ҳамма йўловчиларга?”
Блогер Қобил Хидиров ҳам ўз саҳифасида ушбу тартибга нисбатан қуйидагича танқидий муносабатда бўлди:
“Бизнинг-ча, мақсад йўқ, шунчаки Москвада 16 октябрдан метро ва автобусларга қўлқоп ва маскасиз киритиш тўхтатилган эди ва буни Москва транспорти департаменти эълон қилган эди. Ўзларига қулай пайти ўзимизники, ўзларига керак пайти хорижникини маъқуллашнинг яққол намунаси бу. Айниқса, русларнинг хатти-ҳаракатларини такрорлаш бўйича устамиз.
Дарвоқе, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус юқтиришнинг олдини олиш мақсадида қўлқоп тақиб юришни тавсия қилмайди. Қўлқоп тақиш аксинча инфекцияни юқтириб олиш эҳтимолини оширади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига ҳам ўзимизга маъқул пайти амал қиламиз, одатда”.
Транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказиши айтилаётган махсус ишчи гуруҳ таркибида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам бўлиши қўлқопсиз юрган шахслардан жарима ундиришга бўлган «иштаҳа»ни кўрсатаётгандек гўё. Ўз ўрнида бу ҳам юқоридаги қонунсиз амалиётнинг давоми десак, хато қилмаган бўламиз.
Сўзимиз якунида масъуллар томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқишда, аввало, ЖССТ тавсияларига таяниш лозимлигини яна бир карра эслатишни истардик. Шунингдек, бу масалада қарорлар қайсидир вазирлик эмас, айнан ваколатли орган – Махсус комиссия томонидан қабул қилиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Расмийлардан юридик кучи шубҳали бўлган мазкур қарорни бекор қилинишини сўраб қоламиз. Зеро, карантинда силласи қуриган одамлар бу каби маънисиз жарималарни кўтара олмаслиги мумкин.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
16:14 / 14.12.2024
Тошкент автобусларида нақд шаклда тўлов қабул қилиш тўхтатилади
17:00 / 07.12.2024
Тошкент шаҳри автобусларида нақд пул ўрнига қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилди
12:29 / 30.11.2024