Тошкентда жамоат транспорти корхоналарига йўловчиларни қўлқоп билан бепул таъминлаш юклатилди
Ваҳоланки, ЖССТ қўлқопдан фойдаланиш COVID-19 тарқалишининг олдини олишда самарасиз эканини, аксинча вирус юқтириб олиш эҳтимолини оширишини билдирган.
19 октябрь, душанба кунидан бошлаб, турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш тартиби жорий этилади.
Транспорт вазирлигидан маълум қилишларича, бунда ташувчилар томонидан жамоат транспорти йўловчиларига қўлқоплар бепул тақдим этилади.
“Йўловчилар метро станцияларига киришда, автобус ҳамда микроавтобусга чиқиш вақтида касса ходимлари, кондуктор ва ҳайдовчилардан қўлқопларни олишлари мумкин”, –дейилади хабарда.
Вазирлик бундай тартиб жорий этилишидан “ягона мақсад – фуқаролар саломатлигини асраш” эканини таъкидлаган. Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур қарор қўлқоп бизнеси эгаларининг (эҳтимол, транспорт ташкилотлари билан ҳамкорликдаги) лоббиси бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Транспорт вазирлигининг мазкур ташаббуси Республика махсус комиссияси ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилгани ёки келишилмагани ҳақида маълумот йўқ.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўлқопдан фойдаланиш COVID-19 тарқалишининг олдини олишда самарасиз эканини, аксинча вирус юқтириб олиш эҳтимолини оширишини билдирган. ЖССТ жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида қўлқоп ўрнига ташриф буюрувчиларнинг қўлларини дезинфекция қилишни тавсия этган.
Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бутун республика бўйича ўрнатиб чиқилган дезинфекция туннелларини “коронавирусга қарши энг самарасиз чора” деб эълон қилган ва бу ҳатто одамлар саломатлиги учун хавфли эканини билдирган, натижада бундай туннеллардан фойдаланиш тақиқланган, бу ҳам жамоатчиликда норозилик уйғотган эди.
Транспорт вазирлигига кўра, Тошкент жамоат транспортида ниқоб ва қўлқопда юриш талаби амал қила бошлагач, вазирлик ва тегишли ҳуқуқ органлари иштирокида махсус ишчи гуруҳи тузилади ва жамоат транспортида рейдлар бошланади.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
16:14 / 14.12.2024
Тошкент автобусларида нақд шаклда тўлов қабул қилиш тўхтатилади
17:00 / 07.12.2024
Тошкент шаҳри автобусларида нақд пул ўрнига қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилди
12:29 / 30.11.2024