Трампнинг штаби Байденга қарши «супер компромат»ни эълон қилди. Барчаси компьютерга сув тўкилишидан бошланган
АҚШ президентлик сайловларига икки ҳафта қолганида демократлар етакчиси Жо Байден ҳақида ОАВда навбатдаги сенсацион материал пайдо бўлди. У яна Украинадаги коррупцион ҳаракатларда айбланмоқда. Маълумотлар Трамп штаби вакилларининг қўлига худди кинолардагидек тушиб қолган.
АҚШда президентлик сайловлари бошланишига бир ой қолганида интрига чинакамига қизийди. Чунки бу вақтда номзодлардан бири ҳақида сенсацион маълумот пайдо бўлиши эски анъана. Айнан сайлов арафасида эълон қилинган компромат анча самарали, ахир номзод ўзини оқлаши учун жуда кам вақт қолган бўлади-да.
Айтайлик, ўтган сафар октябрда WikiLeaks'да Ҳиллари Клинтон штаби раҳбарининг ядро энергетикаси масаласидаги ёзишмалари тарқалиб кетди. Кейинчалик Клинтоннинг саудияликлар билан хатлари ҳам тарқалиб, охир-оқибат бу натижаларга таъсир кўрсатди. Чунки ижтимоий сўровлар бутунлай бошқача натижани тахмин қилаётганди.
Трамп бу галги рақибига ҳам «апперкотдан зарба бера олди».
Байден ва Украина. Можаро яна хуруж қилди
Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувда Байденнинг ўғли билан боғлиқ коррупцион ҳолатни ўрганишни Украина етакчисига «уйга вазифа қилиб бергани», Зеленский бу «топшириқ»ни пешонасидан тер чиқиб, катта ҳаяжон билан қабул қилганини эсласангиз керак. Айнан мана шу ҳаракати учун Трампга нисбатан импичмент эълон қилинди. У сенатдаги тарафдорлари кўплиги сабаб президентликни сақлаб қолди, аслида вазият жуда жиддийлашиб кетганди. Ахир у амалдаги президент сифатида сайловдаги асосий рақибини жангдан чиқаришга киришганди-да. АҚШда эса бундай «диктаторларча ҳаракат»ни ҳайратланмай кутиб олиш имконсиз.
Ўшанда Байденнинг ўғли Ҳантер Украинадаги энергомагнатлар билан отасининг учрашувини таъминлагани, Байден Украина прокурорининг истеъфосини талаб қилгани ҳам бежизга бўлмагани айтилганди. Трамп бу даъвони илгари сурар экан, Байденни коррупционер оила раҳбари деб атаганди. Ҳозир ўша мавзу яна кун тартибига кўтарилди ва Трамп штаби бу гал жуда ноодатий тарзда иддаосини тақдим этди. Ҳаммаси худди кинодагига ўхшайди.
Жо Байден АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама вақтида мамлакат вице-президенти бўлган. У ҳали «отда бўлган вақтида» ўғли Ҳантер Байден Украинанинг Burisma газ қазиб олувчи компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлган ва атиги 50 минг доллар маошга ишлаган. Ҳа, бежизга атиги сўзини қўштирноқсиз ишлатмадик, чиндан энг даромадли соҳа директорлар кенгаши вакили учун бу жуда катта пул ҳисобланмайди.
New York Post нашрининг ёзишича, Ҳантер бу лавозимда ишлаб туриб, отаси ва украиналик бизнесменларнинг учрашувларини таъминлаб турган. Ахир АҚШнинг молиявий ва сиёсий кўмагини ким ҳам хоҳламайди дейсиз. Вице-президент эса жуда катта лавозим.
Ноутбук таъмирлашга олиб борилганди, ичидан маълумотлар чиқди
Бу галги маълумотлар ноодатий тарзда тарқалди. New York Post нашрининг ёзишича, 2019 йил Дэлевер штатидаги компьютер устасига олиб борилган ноутбук хотирасидан Байден учун «супер компромат» экани айтилаётган маълумотлар топилган.
Таъмирловчи фирма раҳбари компьютернинг эгаси Ҳантер Байден эканини аниқ айта олмаслигини маълум қилган ҳолда унга «Beau Biden Foundation» хайрия фондининг ёрлиғи ёпиштирилганини тасдиқлаган. Бу Байденнинг марҳум тўнғич ўғлининг номига очилган фонд ҳисобланади.
Устахонага ноутбукка сув тўкилиб кетиб ишламай қолгач олиб боришган. Усталар уни барибир тузата олишмаган ва устахона раҳбари «ҳар эҳтимолга қарши» қаттиқ дискда нима борлигини текшириб кўрган. Маълумотлар нима ҳақида эканини тахмин қилган устахона раҳбари аввал ФҚБга хабар қилган, кейин Трампнинг шахсий адвокати Рудольф Жулианига уларни топширган.
Компьютер хотирасидан умумий ҳисобда 25 мингта сурат, 11 550 та почта ёзишмаси топилган. Бу ёзишмалар Байденнинг Украинадаги Burisma ва Хитойдаги CEFC China Energy Co корпорациялари билан бўлгани айтилмоқда.
New York Post нашрида эълон қилинган ёзишмага кўра, Ҳантер Байден 2015 йилда отасининг Украинадаги энергия компанияси топ менежери Вадим Пожарский билан учрашувини ташкиллаштирган. «Қадрли Ҳантер, мени Вашингтонга таклиф қилганингиз ва отангиз билан учрашишга имкон берганингиз учун раҳмат», деб ёзилган газета эълон қилган электрон хатда.
Тарқалиб кетган яна бир хатга кўра, 2014 йилда Вадим Пожарский Ҳантер Байденга «ўз имкониятларидан қандай фойдаланиши мумкинлиги борасида» маслаҳат солган. NYP'нинг ёзишича, юқоридаги учрашув Байден Украина бош прокурори Виктор Шокиннинг истеъфосини талаб қилишидан бир йил олдин содир бўлган. Нашрга кўра, Байден Украина бош прокурорининг истеъфосини сўраган вақтда у Ҳантернинг коррупцион можарога алоқасини текшираётган бўлган.
Жо Байден эса бу ҳолатни изоҳлар экан, АҚШ ва Европа давлатлари Шокинни порахўр мулозим деб ҳисоблашини таъкидлаганди. Байденга кўра, ўша вақтда Украина бош прокурори бўлган Виктор Шокин мамлакатдаги ислоҳотларга қаршилик қилган.
Нега ижтимоий тармоқлар бу мақолани блоклади?
New York Post Байденнинг ўғлига алоқадор маълумотларни «сенсацион» деб эълон қилгач, Facebook ва Twitter бу мақола эълон қилинган постни блоклаб қўйишди. Бу ижтимоий тармоқлар маъмурияти мақоладаги маълумотлар текширилиши керак деб ҳисобламоқда.
АҚШ президенти ва айни вақтда президентликка номзод Дональд Трамп сайловолди чиқишлари ва умуман, кўплаб чиқишларида Жо Байден вице-президент бўлиб ишлаган вақтида мансаб лавозимини суиистеъмол қилганини такрорлаган. У Байден ўғлига ёрдам берганини ҳам кўп марта эслаган. Унинг Владимир Зеленскийга бу борада босим ўтказиши эса юқорида айтганимиздек Трампга импичмент эълон қилинишигача олиб борди.
Маълумот учун, New York Post газетаси эгаси Руперт Мердок Трампнинг узоқ йиллик тарафдори ҳисобланади. Унинг газетаси «сездирмай» республикачиларни қўллаб-қувватлайди. Газета эълон қилган маълумотлари ишончли эканини тасдиқламаган. Устахона раҳбари ҳам компьютер эгаси кичик Байден эканини тасдиқлай олмаслигини айтган. Шунингдек, мақола муаллифларидан бири ўз вақтида Fox телеканали бошловчиси Шон Хэннетига продюсерлик қилган. Шон Хэннети эса Трампнинг яқин дўсти ҳисобланади. Бу телеканал ҳам Трампнинг дўсти Руперт Мердокка тегишли ва очиқчасига республикачиларни қўллаб-қувватлайди. Трампнинг Twitter'да Fox friends деб бошланган твитларига кўзингиз тушган бўлса ажаб эмас.
Ўтган йили Washington Post ўз манбаларига асосланиб Россия Трампнинг шахсий адвокати Рудольф Жулианидан Байден ҳақида сохта маълумотлар тарқатишда фойдаланаётгани ҳақида ёзганди. Нашрда ёзилишича, адвокатнинг Украинадаги «қулоғи» Украина Радаси депутати Андрей Деркач бўлган. У рус агенти сифатида АҚШ Молия вазирлигининг санкция рўйхатига киритилган.
Жой Байден штаби вакили Эндрью Бэйтснинг айтишича, собиқ вице-президентнинг учрашувлари рўйхатида Burisma вакиллари билан учрашув бўлмаган. Трампнинг вакиллари эса бу компроматни улар тайёрлашганини яшириб ҳам ўтиришмаган. Масалан, АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Стив Бэннон Нидерландия телеканали билан интервьюда ҳақиқий сиёсий сенсация олдинда эканини айтганди: «Ҳали кўрасиз, бироз кутинг», деганди Ҳантер Байденнинг ёзишмалари қўлида эканини айтган Бэннон.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024