Ўзбекистон | 16:50 / 21.10.2020
6810
4 дақиқада ўқилади

2019-2020 йилларда 500дан ортиқ ЙТҲга йўллар носозлиги сабаб бўлган – Сенат

Сенат ялпи мажлисида Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 19 июндаги тегишли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов парламент сўрови натижаси юзасидан қўмита хулосасини билдирди. Парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ечимига эътибор қаратилмагани таъкидланди.

«Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари юзаки ишлаб чиқилган.

Ушбу стандартлардаги йўл белгиларининг тартиб рақамлари ҳам тўғри белгиланмаган, бу эса йўл ҳаракатининг асосий ва устувор қоидаларидан ҳисобланади.

Яъни мазкур стандартлар бошқа давлатларнинг стандартларидан тўғридан тўғри кўчириб олинган. Оқибатда бошқа давлатларнинг амалдаги йўл ҳаракати қоидаларидаги мавжуд йўл белгилари ушбу стандартларнинг иловаларига ҳам киритилган. Ваҳоланки, мазкур йўл белгилари Ўзбекистон Республикаси Йўл ҳаракати қоидаларида мавжуд эмас.

Шунингдек, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулайликлар яратиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга 2017–2020 йиллар давомида жами 6 709та тақдимнома киритилган бўлса-да, уларнинг 3 173таси ёки 45 фоизи белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган автомобиль йўлларини зарур даражада таъмирлашга эътибор қаратилмагани оқибатида 2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи давомида 532та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 511 нафар фуқаро жароҳатланган ва 191 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Бу каби камчиликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда», дея Қутбиддин Бурхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шу жиҳатдан Сенат аъзолари аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Бунда:

  • Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларни 2021 йил 15 январга қадар такомиллаштириш;
  • Автомобиль йўллари носозлиги оқибатида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича бир ой муддатда аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;
  • Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган мутасадди ходимларнинг масъулиятини ошириш юзасидан зарур чораларни кўриш;
  • Ўзбекистон Республикаси бош вазири томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича тақдим этилган маълумотларни қўмитада таҳлил қилиб, чора-тадбирлар дастури ҳамда киритилаётган тақдимномалар ижросини ўз вақтида бажармаган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларини Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисига таклиф қилиб, муҳокама қилиб бориш белгиланди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид