Иқтисодиёт | 16:39 / 22.10.2020
24258
2 дақиқада ўқилади

Бу каби чораларга қаршимиз - МБ раиси озиқ-овқат маҳсулотлари нархи давлат томонидан тартибга солиниши ҳақида

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов дам олиш кунлари Ўзбекистон бозорларида гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи давлат томонидан тартибга солиниши ҳолатлари кузатилгани бўйича изоҳ берди.

«Бу масалада мен шуни қайд этишим керакки, ўзбекчасига айтганда, маҳаллий ҳокимият органларининг бу каби ҳаракатларига нисбатан «Салласини олиб келгин деса, калласини олиб келади», деган бир тушунча бор.

Биз бу каби чораларга қаршимиз. Бу масалада президент биздан энг аввало нархларни маъмурий тартибга солиш ҳисобидан эмас, таклиф ва талаб ҳисобига барқарорлаштириш кераклигини талаб қилади.

Бу борада биз ўз фикримизни баён этдик. Иқтисодий фаоллик ва инфляция даражаси ўртасидаги мувозанатни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатимиз, энг аввало, ана шу мақсадга эришишга қаратилган», – дея Марказий банк раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар нархининг кескин ўсиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Президент барча озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси бўлиши кераклигини, бу давлат сиёсатига айланиши лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг Тошкент шаҳрида гўшт нархига чеклов ўрнатилгани маълум бўлди.

Мавзуга оид