Ўзбекистон | 20:58 / 23.10.2020
41211
5 дақиқада ўқилади

«Бундан ҳамма зарар кўряпти» - Гўшт сотувчиси нархлар мажбуран арзонлаштирилаётгани ҳақида гапирди

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги бозорлардан бирида бўлиб, шу кунларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши ва туширилиши билан боғлиқ ҳолатни ўрганди. Сотувчиларнинг маълум қилишича, расмийлар бозорда бир хил нарх ўрнатилиши учун уларга босим ўтказишмоқда.

Исмини ошкор этмаслик шарти билан суҳбатга рози бўлган гўшт сотувчилардан бири туман ҳокимлиги ташаббуси билан бозорда барча озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт нархи сунъий туширилаётгани, гўштни сотиб олган нархда сотишга мажбур бўлишаётганини гапириб берди.

«Кушхоналарда гўшт нархи ошиб кетди. У ерда мол гўшти 53-55 минг сўмдан сотилади. Биз гўштни бозорга олиб келиб сўйилган нархида сотяпмиз. Харажат қиляпмиз. Касса 55 минг сўмни кўтармайди. Уни чарвиси бор, 20 минг сўмдан берамиз. Қуриб камайиши бор. Бир молнинг гўштидан 5 кило йўқотилади. Бу дегани 300 минг сўм ҳавога учиб кетади, дегани.

Кунига 80 минг сўмдан тўлаб ишчи ишлатаман. Битта мол 100 кило гўшт қилса, ҳар 4 кило гўштдан 1 кило суяк чиқади. Бу бир кило суякни 10 минг сўмга сотаманми?

Бозорга 46 минг сўмлик гўшт қўйиб қўйишди. Беларусники. 55 минг сўмлик арзонлаштирилган гўшт сотиляпти. Шундай экан, қассоб ҳам сотаверсин кўтарганича, 70 мингдан сотсин, 80 мингдан сотсин. Агар савдоси бўлмаса, «ухлайверади».

Биз ҳам солиқ тўлаяпмиз. Олдин патент учун ойига 1 млн 300 минг сўм тўлардим. Ҳозир ҳар кварталда (3 ойда) 10 млн сўм тўлаяпман. Тўловлар 3,9 млн сўм эди, энди 10 млн сўм бўлди. Бундай бўлмайдида энди!

Бир фермер билан гаплашиб қолдим. У айтдики, қачонки ем арзон бўлса, ўшанда мол кўпаяди, чорвадорлар орасида рақобат пайдо бўлади. Шундагина гўшт нархи ҳам, мол нархи ҳам тушиши мумкин. Унинг гаплари тўғри», дейди гўшт сотувчи.

У ҳокимлик вакиллари қассоб ва сотувчиларга босим ўтказганини таъкидлаган.

«Босим ўтказишди, лекин биз бунга чидай олмаймиз. «Майгача шундай сотасизлар», дейишди. Ахир бунга чидаб бўлмайдику?

Шакар-чи, шакар? Уни 5800 сўмдан сотишяпти. Шакарнинг Ўзбекистонга кириб келиш нархи 6,8 еврога тушади. Катта шакарчилар бор. Ўшалар билан гаплашганман. 6800 сўмдан кириб келяпти, вагони билан. Аслида 6000 сўмлик шакарнинг ўзи йўқ.

Агарда фойда қилмаганида ҳам 6800 сўмдан сотиши керак эди. Уни устига, 50 килограммлик қопдаги шакар 50 кило чиқмайди. 49 кило чиқади. 1 килоси қурийди, шунинг ҳисобига камаяди.

1 литр ёғ (кунгабоқар) нархи 1,32 доллар. Бизнинг пулга 13400-13500 сўмга тўғри келади. Арзонлаштирилган бозорда 12000 сўмдан сотиляпти. Зарарига.

Нархни ҳозир шундай ушлаб туришибди. Ёғ ярмаркада 12 минг сўмдан сотилаётган бўлса, бу ёқда 14 минг сўмга сотаётган савдогар зарар кўряпти.

Ҳамма эркин бўлсин. Пули бор харидор ўзи истаган нархидаги гўштдан, ёғдан ва шакардан олсин», дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар нархининг кескин ўсиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётгани таъкидланди. Президент барча озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси бўлиши кераклигини, бу давлат сиёсатига айланиши лозимлигини таъкидлади. Шундан сўнг Тошкент шаҳрида гўшт нархига чеклов ўрнатилгани маълум бўлди.

22 октябрь куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов озиқ-овқат маҳсулотлари нархи давлат томонидан тартибга солинишига қаршилигини айтиб ўтди.

Шу куни Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов ҳам Kun.uz’га берган интервьюсида бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи давлат томонидан туширилаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

У улгуржи савдо билан шуғулланадиган корхоналарга бозорларда, маҳаллаларда текин жой ташкил қилиб берилгани, улар ўз маҳсулотларини тўғридан тўғри савдо жойига олиб келиб сотишаётгани ва шунинг эвазига нархлар арзонлашганини айтиб ўтганди.

«Ижтимоий тармоқларда гўёки ҳукумат нархларни белгилаётгани, савдогарларга «шу нархдан арзон сотмайсан» дейилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалди. Булар ёлғон. Мана, тухум 900 сўм, гўшт 55000 сўм. Бу нархларни тадбиркорларнинг ўзлари белгилашган», деганди у.

Мавзуга оид