Жамият | 15:14 / 23.10.2020
3771
2 дақиқада ўқилади

Карантин қоидаларини бузган Чехия соғлиқни сақлаш вазиридан истеъфога чиқиш талаб қилинди

Соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула карантин чекловларига қарамасдан ресторанга кирган ва ҳимоя ниқоби тақмаган.

Фото: EPA-EFE/MARTIN DIVISEK

Чехия бош вазири Андрей Бабиш қатъий ижтимоий чеклов қоидаларини бузгани учун мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Роман Примуладан истеъфога чиқишни сўради.

"Мен соғлиқни сақлаш вазиридан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишини сўрадим. Биз аҳолига ўрнак бўлишимиз лозим. Примула йўл қўйган хатони кечириб бўлмайди", - деди у.

 Хабар қилинишича, 22 октябрь куни Blesk портали журналистлари Примуланинг ресторандан ҳимоя ниқобисиз чиққани тўғрисида ёзишган. Нашрнинг маълумот беришича, Примула соат 22:00 атрофида ресторанга кирган ва у ердан 23:30да чиққан.

Вазир машина эшигини очиб турган ҳайдовчи ёнида ҳам, машина салонида ҳам ниқоб тақмаган. Ресторанда у билан бирга депутатлар раиси Ярослав Фалтинек ва ресторан эгаси Раймонд Шпунда бўлган.

Чехия ҳукуматининг бошқа аъзолари ҳам вазирнинг истеъфосини талаб қилишди.

Чехияда коронавирус тарқалиши авж олганлиги сабабли яна қатъий карантин чоралари жорий этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармойишига мувофиқ, мамлакатда умумий овқатланиш муассасаларининг фаолият кўрсатиши тақиқланган. Уларга фақат таом етказиб бериш билан шуғулланишга рухсат берилган. Шунингдек, бинолар ичида ҳам, кўчада ҳам ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланган.

 

Мавзуга оид