Ўзбекистон | 15:50 / 24.10.2020
8749
3 дақиқада ўқилади

Болаларда анемия ташхисини қўйиш учун қандай текширувлардан ўтиш керак – мутахассис изоҳи

Ёш болаларда камқонлик муаммоси ижтимоий аҳамиятга эга. Боланинг тўғри ривожланиши, тенгдошларидан жисмонан ва ақлан орқада қолмаслиги учун бу касалликка бефарқ бўлмаслик керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу касаллик бўйича Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, олий тоифали шифокор Назокат Орипова билан интервью уюштирди. Унда анемия ташхисини қўйиш учун ўтказиладиган текширувлар, камқонликни даволаш даврида нималарга аҳамият қаратилиши ҳақидаги долзарб саволларга жавоб берилди.

— Анемия ташхисини қўйиш учун қандай текширувлар ўтказилади?

— Болада камқонлик белгиларини сезган ота-она, энг аввало, қон текширувларини амалга ошириши зарур. Қондаги эритроцитлар ва гемоглобин сонининг кўрсаткичлари орқали ташхис қўйилади. Гемоглобин миқдори 110 г/л.дан, эритроцитлар 3,5 х 10¹² г/л.дан кам бўлса анемия ташхиси қўйилади. Бу кўрсаткич анемиянинг енгил даражасига тегишли. Ўртача анемия қуйидаги кўрсаткичлар билан белгиланади: гемоглобин 90 г/л.дан кам, эритроцитлар 2,5х10¹² г/л.гача, оғир даражадаги камқонликда эса 70 г/л.дан кам, эритроцитлар 2,5х10¹² г/л.дан кам бўлади. Болада камқонлик аниқланганда нафақат гематолог, балки гастроэнтеролог, нефролог ва педиатрларга ҳам мурожаат қилиш ҳоллари учрайди.

— Камқонликни даволаш даврида нималарга аҳамият қаратилади?

— Камқонликни даволашнинг босқичлари тўлиқ шифокор назорати остида ўтиши лозим. Агар болада анемиянинг енгил кўриниши кечаётган бўлса, темир моддасига бой бўлган овқатлар ва қўшимча витаминлар берилади. Такрорий камқонлик юзага келмаслик учун ушбу жараённи тўхтатмаслик зарур. Рационда мол гўшти, жигари, дуккакли экинлар, денгиз маҳсулотлари, янги сабзавот ва мевалар, кўкатлар ўрин олиши керак. Темир препаратлари ва витаминлари кўрсатилган дори-дармонларни шифокор тайинлайди.

— Анемиянинг олдини олиш борасида қандай тавсиялар берган бўлар эдингиз?

— Темир танқислиги камқонликнинг асосий сабаби эканлигини ҳисобга олсак, тўғри овқатланишнинг аҳамияти жуда катта. Бола туғилмасидан олдин ҳомиладор аёллар соғлом овқатланишга, етарлича ухлаб дам олишга эришиши зарур. Илк 6 ойликда она сутига қўшимча овқатлар қўшиб бориш зарур. Катта ёшдаги болалар учун турли хил овқатланиш балансини ташкил қилиш керак. Чақалоқларнинг иложи борича очиқ ҳавода бўлиши ва қуёш ванналарини қабул қилиши муҳимдир. Агар бу етарли бўлмаса, витамин-минерал комплекслари ва таркибида темир моддаси сақловчи препаратлардан фойдаланиш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, темир организмга яхши сўрилиши учун С витамини жуда зарур. Сут, чой ва қаҳва каби маҳсулотлар эса темир моддасини сўрилишига қаршилик кўрсатади.

Мавзуга оид