Жаҳон | 22:18 / 25.10.2020
33886
11 дақиқада ўқилади

АҚШ кетишини кутаётган Афғонистон: «Толибон»нинг фаоллашуви ва янги фуқаролик уруши сояси

Афғонистонда тинчлик музокаралари тўхтаб қолиши фонида толиблар ҳужумга ўтишни бошламоқда. Мамлакатдан америкалик ҳарбийларнинг барчаси олиб кетилгач тинчлик ўрнатиладими? BBC корреспонденти Лиз Дусет шу каби саволларга жавоб излади.

Афғон армияси толиблар билан яккама-якка қолмоқда / TONY BROWN/BBC

Учли, ўткир қиррали, тарам-тарам чизиқли қора мармар бўлаги. Ўзининг оддийлиги билан мукаммал кўринадиган бу ёдгорлик - АҚШ тарихидаги энг узоқ вақт давом этган ҳарбий кампаниянинг илк қурбони хотирасига ўрнатилган.

Марказий разведка бошқармасининг 32 ёшли офицери Майк Спанн 2001 йил ноябрида толибларга қарши оғир жанглардан бири вақтида ҳалок бўлганди.

Майк Спаннга ёдгорлик

«Эркинлик учун, Афғонистон учун, Америка Қўшма Штатлари учун жонини қурбон қилган қаҳрамон». Тошга инглиз ва форс тилларида шу битик ўйиб ёзилган.

19 йил ўтиб Афғонистондан НАТО ва АҚШ қуролли кучларини олиб кетишга тайёргарлик кўриш ишлари доирасида ҳарбий объектларни кўздан кечирган америкалик ва афғонистонлик юқори мартабали зобитлар Майк Спанни хотирлашди.

Ўтган вақт мобайнида толибларга қарши коалициянинг 3,5 мингдан ортиқ аскари ҳамда 110 мингдан ошиқ афғонистонлик ҳалок бўлган. Аммо тинчликка эришилмаган. Ҳамон мамлакатда янги фуқаролик уруши бошланиб кетиши хавфи сақланиб турибди.

«Зўравонлик даражаси пасайиши»
«Биз энг ёмон вариантларнинг олдини олишга ва воқеалар ривожини шундай йўналишга буришга ҳаракат қиляпмизки, Афғонистон ҳозиргидан беқарорроқ вазиятга тушиб қолмасин, яна фуқаролик уруши бошланмасин», дейди Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар бошлиғи, НАТО халқаро ҳарбий контингенти қўмондони, генерал Скотт Миллер.

2011 йилдан буён энг кучайган даврида бўлган «Толибон» шу йил февралидаги АҚШ билан келишувга қарамасдан бутун Афғонистон бўйлаб ҳужумга ўтишда давом этмоқда. Гўёки, улар февралда урушдан толиққан ва барчаси яна қайта бошланишини қўрқув билан кутган афғон халқига бироз тин бергандек.

«Зўравонлик даражаси пасайиши керак. Мен толиблардан зўравонликларни камайтиришни алоҳида сўрадим, бу бир томонлама бўлиши мумкин эмас. Ҳамма томонлар камайтириши керак», дея такрорлайди генерал Миллер BBC учун берган интервьюсида. Генерал фуқаролар ва ҳарбий бошлиқлар билан учрашувларда ўтиш жараёнини имкон қадар оғриқсиз ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Бир йилдан ортиқ давом этган музокаралардан сўнг 2020 йил февралида Доҳада имзоланган битимга кўра, АҚШнинг 4500 нафар, НАТОнинг 6100 нафар аскари 2021 йилнинг майига қадар мамлакатдан олиб чиқилиши белгиланган.

Аммо битимнинг бу шарти бажарилиши «Толибон»нинг ўз мажбуриятларини қанчалик бажариши, жумладан, «Ал-Қоида» каби эктремист гуруҳлар билан алоқаларини узишига боғлиқ.

Февраль ойидан буён бирорта америкалик ҳарбий хизматчи толиблар қўлидан вафот этмаган. Аммо келишувда кўрсатилган афғонларга зўравонликларни камайтириш талаби ижроси бажарилмаётгани турли қарама-қарши талқинларга сабаб бўлмоқда.

Шу туфайли, генерал Миллер ва Америка элчиси Залман Халилзод Қатар пойтахти Доҳа ва Афғонистондаги вазиятга аралаша бошлаган минтақанинг бошқа давлатлари ўртасида серқатнов бўлиб қолишган.

Америкалик ҳарбий хизматчилар эса мамлакатдаги шов-шувли сайловолди кампанияси билан боғлиқ нозик мавзулар ҳамда кутилмаган твитлари билан йўналишни 180 даражага ўзгартириб юборувчи олий қўмондонлик ҳақида гапиришдан ўзларини тийишади.

«Рождествода - уйга!»
Бунга мисол сифатида ўтган ойдаги сенсация кўтарган твитни келтириш мумкин. Ўшанда Дональд Трамп шундай ёзганди: «Биз ҳали ҳам Афғонистонда хизмат қилаётган жасур эркакларимиз ва аёлларимизни уйга Рождествони нишонлаш учун қайтаришимиз керак!»

«Бу сиёсий қарор. Биз ҳарбий тавсиялар беряпмиз. Қолгани сиёсий раҳбарият ва тинчлик жараёни қандай кечаётганига боғлиқ», - деган генерал Миллер муддат ўзгариш-ўзгармаслиги ҳақидаги саволга жавобан.

Афғонистон ҳукумати ва толиблар ўртасидаги музокараларда сезиларли силжишга эришилмади

Америка ва «Толибон» ўртасидаги келишув толиблар ва Афғонистон ҳукумати ўртасидаги тинчлик музокараларига йўл очиб берганди. Ўтган ойларда бу келишув тарихий ютуқ ўлароқ ҳисобланаётганди, чунки толиблар узоқ йиллар мобайнида фақат америкаликлар билан музокара ўтказишларини айтиб, расмий Кобул билан алоқа ўрнатишдан бош тортиб келишарди.

Томонлар музокаралар столига ўтириши учун умид пайдо бўлганди.

Аммо процедура масалалари билан боғлиқ муҳокамалар, айниқса, мамлакатда исломий қонунчилик ўрнатилиши билан боғлиқ масала кўтарилиши музокаралар боши берк кўчага кириб қолишига ва келишув бу сафар ҳам муваффақиятсизликка учраши бўйича хавотирларни уйғотмоқда.

Октябрь ойи бошида Ҳилмандда ҳарбий ҳаракатлар авж олгач, ўн минглаб кишилар уйларини тарк этишга мажбур бўлишди

«Биз толиблар билан тинчликка эришиш учун ўзимизга боғлиқ барча ишни қиляпмиз. Аммо тинчлик ва уруш ёнма-ён юради ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр турамиз», дея таъкидлайди Афғонистон Mиллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб Кобулдаги қаттиқ қўриқланадиган президент сарой мажмуасида, ёрқин рангли атиргул буталари ёнидаги майса устида мухбир билан суҳбатда.

Қадимий тош деворлар ва ҳозир бир-бирига боғланган темир ҳалқалар билан мудофааланган 19 асрга оид бу муҳташам истеҳкомдаги одамларнинг асаби таранглашган. Ташқарида «Толибон» жангарилари муҳим шаҳарча ва шаҳарларга, хусусан, Кобулга ҳам аста-секин кириб келаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалмоқда.

Генерал Миллернинг шу ҳафта мамлакат ғарбидаги Фарах вилоятига ташрифи унинг шимолдаги Балх вилоятида жойлашган Қалъаи Жанги истеҳкомидаги афғон армияси базасида тўхтаб ўтгани каби маънога эга бўлиб, бундан мақсад АҚШнинг афғон кучларини қўллашда давом этишини билдиришга уриниш эди - вақт ўтиб бормоқда, Вашингтондан эса Афғонистонни тарк этиш муддати масаласида турли қарама-қарши хабарлар келиб турибди.

Баграмдаги дўкон эгаси энди болаларини боқа олмай қолишидан хавфсирамоқда

Сафардаги ҳар бир манзилда афғонистонлик ва америкалик ҳарбийлар ҳамда амалдорлар коронавирус туфайли оралиқ масофа сақлаб ўрнатилган курсиларда ўтириб, Афғонистон хавфсизлик кучларининг қудратини баҳолаб, фикр алмашишди.

Бир вилоятдаги хавфсизлик даражаси бошқасиникидан фарқ қилади, аммо суҳбатнинг умумий йўналиши битта: ҳукумат кучлари баъзи ҳудудларда рақибга оғир зарба бермоқда, баъзи жойларда йўқотишларга учрамоқда ва ҳудудни бой бермоқда, аммо АҚШнинг ҳаводан қўллаб-қувватлаши туфайли толиблар бирорта вилоят марказини эгаллашига йўл қўйилмаган.

«Биз қуршовдамиз!», дея ёрдам сўрайди Фарах вилоятидаги афғон ҳарбийларидан бири.

Генерал Миллер бу вақтда асосий йўллар толиблар томонидан тўсиб қўйилгани ва таъминот линияларига босим кучайгани акс этиб турган харитани кўздан кечирарди. Унга ҳамроҳлик қилаётган афғон генерали Айюб Саланги эса ишонч билан хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлайди. «Ҳозир оғир, аммо аввал бундан ҳам оғирроқ ҳолатларга дуч келганмиз. Афғон етакчилари шуни яна такрорлашмоқда», дейди у 1980-йилларда совет қўшинларига қарши урушган Ғарб қўлловидаги мужоҳидларга ишора қилар экан.

«Фуқаролар уруши»нинг «ҳиди келмоқда»

GETTY IMAGES

Афғонлар 1989 йилда советлар кетгач мамлакатда турли қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетганини унутишмайди.

«Мағлубият», дея жавоб беради Ҳамдуллоҳ Моҳиб нимадан кўпроқ қўрқаётгани ҳақидаги саволга.

У фуқаролик уруши «эҳтимолдан ҳам юқорироқ» эканини таъкидлаб, ҳукумат бунинг олдини олиш учун имкон доирасидаги барча чораларни кўришини қўшимча қилади.

Шу ой бошида толиблар Афғон армиясининг кучини ва АҚШнинг позициясини текшириб кўриш учун жанубдаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳилманд вилоятига юриш бошлаганида Американинг қудратли авиацияси воқеалар ривожини ўзгартириб юборганди.

«Ҳа, америкаликларнинг ёрдами Ҳилмандда муҳим аҳамият касб этганди», дея тан олади Моҳиб.

Аммо АҚШ авиациясининг ҳарбий парвозлари тўхтатгач, толиблар вилоятлар марказларини қамал қилишни бошлаши ҳақидаги тахминга жавобан у афғон кучлари қуруқликда ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётгани, Афғонистон ҳукумати ҳарбий самолётларни бошқарувчи учувчиларни тайёрлаётганини айтиб ўтган.

Кўплаб афғонлар кетишга шошилмоқда. Шу кунларда Жалолободдаги Покистон консулхонаси олдида виза олиш учун юзага келган тиқилинч вақтида 11 аёл оёқ остида қолиб ҳалок бўлди

Ҳилмандда америкаликлар қатъий ҳаво зарбалари бериши толибонларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди, улар АҚШ тинчлик келишувини бузди, деб ҳисоблашмоқда.

«Биз афғон хавфсизлик кучларини ҳимоя қилишда давом этамиз», дея ваъда беради генерал Миллер ва америкаликларнинг сабрини синаш керак эмаслигини таъкидлайди. «Биз тинчлик музокаралари тўхтаб қолишини истамаймиз, шу туфайли ўзимизни етарлича тиймоқдамиз», дея қўшимча қилади у.

Аммо ойдан ойга қудратли Америка армияси кетишга тайёргарлик кўраётганини кўрсатувчи ишоралар кўпаймоқда.

АҚШнинг мамлакатдаги энг катта авиабазаси атрофида йиллар давомида кенгайган сершовқин Баграмда америкаликлар ҳарбий техникаларини олиб чиқиб кетар экан, вертолётлар ва ҳарбий транспорт самолётларининг гувиллаши тинмайди. Бу улкан базанинг келгуси тақдири номаълум, аммо унинг чегараси торайган ва металл тўсиқ анча ичкарига сурилган.

Шаҳарчадаги ҳаёт ҳам аста-секин сўнмоқда. Америкалик ҳарбийлардан ортиб қолган буюмлар, қарийб янги ботинкалардан тортиб компьютерлар ва спорт тренажёрларигача савдо қилган маҳаллий дўконлар ўз бизнесини ёпишга мажбур бўлмоқда.

Кўчада мухбир олдига 28 ёшли Малик яқинлашади. Минглаб баграмликлар каби у ҳам америкаликлар базасида ишлаган.

«Уйда пул тугади. Болаларни боқиш учун никоҳ узугимни сотдим», дея шикоят қилади у аввал база ичида бўлган, ҳозирда бетони ёрилиб кетган майдонда туриб.

Ушбу ёш йигитнинг овозида қўрқув сезилиб туради.

«Юз фоиз, Толибон аллақачон шу ерда! У шу ерда, орамизда!» дея қарийб бақиради у баланд овозда.

Афғонистонда келажак, Америкадаги сайловлар натижаси мавҳумлиги одамларнинг кайфиятида яққол сезилади. Лекин шуниси аниқки, сайловда ким ғалаба қилмасин, Трамп ёки Байден, америкаликлар бу ерда узоқ вақт қолишмайди.

«Мени афғонлар тинчлик учун имкониятларини бой бериши жуда ташвишга солади», дейди генерал Миллер.

Аммо Вашингтон биринчи навбатда ўз миллий хавфсизлиги тўғрисида қайғуради ва Афғонистондаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолса ҳам, улар кетишни кўп ортга сурмаслиги тайин.

Мавзуга оид