Ўзбекистон | 11:50 / 26.10.2020
9301
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар қарийб 10 млрд сўмлик «транзит операцияси»га чек қўйишди

 Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бошқармаси Андижон ва Тошкент вилоятлари божхона бошқармалари билан ҳамкорликда олдиндан олинган маълумотлар асосида ўтказилган тезкор тадбир натижасида товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яширин равишда олиб кириш мақсадида амалга оширилган транзит операциясини фош қилишди.

Республика ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши керак бўлган товарларнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилишига чек қўйилди.

Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетиш учун тун ярмида келган 2та юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилди.

Юк автотранспорт воситаларида олиб чиқилаётган товарлар билан ҳайдовчиларнинг божхонага тақдим қилинган ҳужжатларида кўрсатилган товарлар ўртасида кескин тафовутлар аниқланди. Ҳужжатларга кўра, машиналарнинг бирида 11 турдаги, иккинчисида эса 14 турдаги товарлар бўлиши лозим эди.

Аммо, божхона кўриги давомида автотранспортларга божхона қиймати нисбатан паст бўлган пўкак, елим, қурувчилар учун махсус кийим ва қўлқоплар, резина этик ва болғалар ортилганини кўриб, хулоса қилса бўладики, машиналар шунчаки бўш тарзда чиқиб кетмаслиги учун ушбу товарлар билан номигагина тўлдирилган.

Мазкур автотранспорт воситалари жорий йилнинг 16 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги “Доут ота” чегара-божхона пости орқали республикага кириб келган.

Кириб келишда божхона органларига тақдим қилинган ҳужжатлар билан инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларда божхона ходимларини шубҳалантирган жиҳатлар кўзга ташланмаган. Натижада, юк автотранспорт воситалари транзит тарзида чиқиб кетиши учун “Андижон” вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона постига йўналтирилган.

Ҳужжатларда кўрсатилган товарлар аслида ушбу автотранспорт воситаларида ҳақиқатдан ҳам бўлган. Аммо, республикага кириб келишда ва чиқиб кетишда инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирлар бир-биридан фарқлидир.

Аниқланишича, юк автотранспорт воситаларига ортилган товарлар Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган омборлардан бирига тушириб қолдирилган.

Мазкур омборни белгиланган тартибда кўздан кечириш давомида шу ерда бўлиб турган чет эллик фуқаро ушбу юклар ўзига тегишли эканлигини маълум қилди. Аммо, уларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатларни тақдим қила олмади.

Аниқланишича, мазкур юк автотранспорт воситалари тиркамаларининг эшиклари очилмаган ва мавжуд пломбалар бузилмаган. Шунга қарамай, уларнинг ичидаги юкларни алмаштириш учун тиркамалар бошқа томонидан туриб, ўзбошимчалик билан очилган.

Шу тариқа, божхона ходимлари республика ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши лозим бўлган 24 турдаги 9113 дона товарлар ички ҳудудда тушириб қолдирилганини фош қилишди.

Мазкур товарларнинг умумий қиймати эса 6 млрд. 502 млн. сўмни ташкил қилмоқда. Тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлардан жами қиймати 9 млрд. 850 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги товарлар ва транспорт воситалари вақтинча сақловга олинди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид