Спорт | 21:52 / 27.10.2020
13771
1 дақиқада ўқилади

Ҳабиб Нурмагомедов илк марта UFC умумий рейтинги етакчисига айланди

Россиялик аралаш жанг устаси Ҳабиб Нурмагомедов UFC лигасидаги умумий рейтингда илк марта биринчи ўринга чиқиб олди. У Жастин Гэтжини мағлуб этгач, вазн тоифасидан қатъи назар лиганинг энг юқори рейтингли спортчисига айланди.

Рейтингнинг суратини Ҳабиб Нурмагомедов Инстаграмдаги саҳифасида жойлаган. Унда Нурмагомедов рейтингда Жон Жонсни ортда қолдиргани кўринган. Нурмагомедовга мағлуб бўлган Жастин Гэтжи 3 поғона пастлаб, 10-ўринда қайд этилган. Конор Макгрегор 11-ўринда, Тони Фергюсон эса 13-поғонага жойлашган.

Ҳабиб Нурмагомедов 24 октябрь куни америкалик Жастин Гэтжига қарши баҳсда чемпионлик камарини ҳимоя қилганди. Гэтжини иккинчи раундда бўғиш усули билан мағлуб этган Нурмагомедов жанг тугаши билан фаолиятини якунлаганини эълон қилганди: «Ота-онангиз бўлса, уларни қадрланг. Энди менда фақат онам қолдилар. Онам отамсиз ортиқ жанг қилмаслигимни сўрадилар», деганди россиялик спортчи бошқа жанг қилмаслигини эълон қилар экан.

Ҳабиб Нурмагомедов UFC лигасида 29 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган.

Мавзуга оид