Жаҳон | 17:50 / 27.10.2020
157790
10 дақиқада ўқилади

Макроннинг гаплари мусулмон оламини жунбишга келтирди. У нима деган эди?

Франция президенти Эммануэль Макрон ислом дини «дунё бўйлаб инқироз ҳолатида» дея таъкидлаши ва пайғамбар карикатураси чизилишини ҳимоя қилиб чиқиши ортидан, Яқин Шарқ мамлакатларида француз товарларига бойкот эълон қилинди. Мусулмонлар ижтимоий тармоқларда Макроннинг сўзларига нисбатан тоқатсизлигини турли шаклларда изҳор қилмоқда.

Истанбулдаги акция. 25 октябрь 2020 йил.
Фото: Emrah Gürel / AP

Араб мамлакатларида бир нечта йирик супермаркетлар тармоқлари Франция маҳсулотларига нисбатан бойкотга қўшилган. Кувайтда 430га яқин сайёҳлик агентликлари Францияга чипта сотишни тўхтатди. Қатар университети режалаштирилган француз маданияти ҳафталигини «ислом ва унинг рамзларига қасддан қилинган ҳужум» сабабли номаълум муддатга қолдирди.

Қатор шаҳарларда, хусусан Франциянинг Ироқ ва Исроилдаги элчихоналари олдида митинглар бўлиб ўтди, уларда учрангли байроқ ва Макроннинг суратлари ёқилди.

Франциянинг Бағдоддаги элчихонаси олдидаги намойиш. 26 октябрь, 2020 йил.
Фото: Reuters / Teba Sadiq

Ислом ҳамкорлик ташкилоти француз етакчисининг чақириғини қоралаб баёнот эълон қилди. Эрон, Покистон, Иордания ва Марокаш ҳукуматлари ҳам Макроннинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги эса бойкот эълон қилиш учун «асос йўқ»лигини таъкидлаган ҳолда, ҳукуматларни француз товарлари бойкот қилинишига йўл қўймасликка чақириб расмий релиз тарқатди.

Қатардаги супермаркетлардан бири француз пишлоқларини сотувдан олиб қўйди. 25 октябрь, 2020 йил.
Фото: AFP
Француз товарларига бойкот эълон қилган Кувайт шаҳридаги дўкон. 24 октябрь, 2020 йил.
Фото: Getty Images

Норозиликлар ёйилишида айниқса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнотлари алоҳида аҳамият касб этмоқда, у охирги уч кундан буён қилаётган кетма-кет чиқишларида Макронни кескин танқид остига олди.

Эрдўған 24 октябрда франциялик ҳамкасбини «психик текширувдан ўтказиш» кераклигини айтди; эртасига шу фикрини такрорлаб, «Макрон ҳақиқатан ҳам руҳий кўрикдан ўтишга муҳтож» дея таъкидлади. 26 октябрда эса Туркия халқини француз маҳсулотларини сотиб олмасликка даъват қилди.

Расмий Париж дастлабки баёнотдан кейиноқ Анқарадаги элчисини чақириб олди. Шу ўринда Туркия ва Франция президентлари сўнгги вақтларда бошқа бир нечта масалалар, хусусан Тоғли Қорабоғ, Ўрта Ер денгизидан газ қазиб олиш, Сурия ва Ливиядаги низоли масалаларда ҳам тез-тез бир-бирини ОАВ орқали танқид қилиб турганини эслаб ўтиш жоиз.

Макрон нималар деганди?

Франция – Европанинг энг кўп мусулмон яшовчи давлати саналади. Макрон эса ушбу 6 миллионга яқин мусулмон мамлакат ичида «ўз контр-жамияти»ни шакллантиришни истаяпти, деб ҳисобламоқда. У бундан қарийб бир ой олдин – 2 октябрда шу мавзуда бир соатлик маъруза билан чиқиш қилган ва декабрь ойида француз жамиятидаги «ислом сепаратизми»нинг олдини олишга доир янги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этишини эълон қилганди.

Эммануэль Макрон сепаратизмга қарши кураш стратегиясини тақдим этмоқда. 2 октябрь, 2020 йил.
Фото: Eric Tschaen/SIPA/Rex/Shutterstock

Президент 1905 йилда қабул қилинган, динни давлатдан ажратиш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф этяпти. Қонун қабул қилинса, маҳаллий раҳбарларга экстремизмга қарши курашда янги ваколатлар берилади, масжидларнинг молиялаштирилиши устидан назорат кучайтирилади, имом сифатида ишлаш учун Франциянинг ўзида ўқиш ва сертификат олиш талаб этилади (айни пайтда Франциядаги имомларнинг ярми туркияликлардир).

Юқоридагилар билан бирга, Эммануэль Макрон мамлакатда ислом маданияти ва араб тилини ўқитишга маблағ ажратиш, бошқа ижтимоий муаммоларга олиб келувчи уйсизлик ва қашшоқликни камайтириш бўйича қўшимча чоралар кўришни таклиф этган. Шу ва бошқа чоралар, президентнинг фикрича, Францияда «маърифий ислом» муҳитини яратиш ва бу муҳитни «ташқи таъсирлар»дан ҳимоялаш имконини беради.

У нутқининг энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган қисмида: «Ислом дини дунё бўйлаб инқироз ҳолатини бошдан кечирмоқда», дея таъкидлаган. The Guardian'га кўра, Макрон бу билан ИШИД жиҳодчилари, ваҳобийлик ва салафийлик каби йўналишларни назарда тутган. «Биз дунёдаги барқарорлик ва тинчликка мос бўлмаган сиёсий Исломга ишонмаймиз», деган у. Шу билан бирга, французлар етакчиси экстремистлар мусулмонларни ёмонотлиққа чиқараётганини айтиб, уларнинг тузоғига тушиб қолмасликка чақирган.

Макроннинг бу баёноти ўша вақтнинг ўзида ҳозиргичалик катта резонанс келтириб чиқармаганди. 6 октябрда Эрдўған франциялик ҳамкасбининг бу гапларини «мустамлакачиларга хос» ва «ҳурматсизлик уёқда турсин, очиқчасига провокация» деб атагани, «Сиз ким бўлибсизки, Ислом асослари ҳақида гапирасиз?» дея, Макронга «ўзи тушунмайдиган нарсани гапираётганда эътиборли бўлиш»ни маслаҳат бергани ҳам унчалик шов-шувга сабаб бўлмади.

Мусулмонлар ғазабини келтирган асосий воқеа – карикатуралар мавзусининг яна кўтарилиши бўлди.

Парижда навбатдаги экстремистик акт ва Макроннинг карикатураларни ҳимоя қилиб чиқиши

Эммануэль Макроннинг маърузасидан икки ҳафта ўтиб, 16 октябрь куни Париж чеккасидаги туманлардан бирида мактабнинг тарих фани ўқитувчиси шафқатсиз равишда ўлдириб кетилди: у бўйнидан пичоқ билан бўғизланиб, боши танасидан узиб олинган эди.

Маълум бўлишича, Самюэль Пати исмли бу ўқитувчи қотилликдан бир неча кун олдин мактабда, фикр билдириш эркинлигига бағишланган дарсда бир нечта карикатуралар сирасида Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Шарли Эбдо» журналида босилган карикатурасини ҳам болаларга намойиш этган. Ўқувчилардан бирига кўра, у 2015 йилда ушбу журнал таҳририятига уюштирилган қонли босқиндан кейин ҳар йили шу мавзудаги дарсда муҳокама учун мазкур карикатуралардан фойдаланган, суратни кўрсатишдан олдин мусулмон болалар истаса синфдан чиқиб туриши мумкинлигини билдирган.

Қотил – Абдулла Анзоров исмли 18 ёшли чечен бўлиб чиқди. У Москвада туғилиб, Францияда қочқин мақомида бўлган. Йигит қотиллик содир этган куни шу атрофдан топилган; уни ҳибсга олишга уринган полициячиларга қарата ўқ узгач, отиб ташланиши оқибатида вафот этган.

Воқеа Франция Республикаси қадриятларини устувор деб билувчиларга Эммануэль Макроннинг бир неча кун олдинги таклифлари долзарблигини яна бир бор исботлагандек бўлди. Мамлакатнинг ўнга яқин шаҳарларида ҳодисани қоралаб минглаб одамлар тинч намойишларга чиқди.

Париждаги Республика майдони. Намойиш иштирокчиларини Je Suis Prof. («Мен – ўқитувчиман») шиори бирлаштирди.
Фото: Charles Platiau / Reuters

Макрон воқеани теракт деб атаб, ҳалок бўлган ўқитувчи шарафига илиқ сўзлар айтди ва уни қаҳрамон деб таърифлади. «Ватандошимиз болаларга сўз эркинлигини, эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини ўқитгани учун ўлдирилди», деди у. Сиёсатчининг фикрича, ўқитувчи «ўзида республика қадриятларини акс эттиргани сабабли» қотиллик қурбони бўлган. «У ўлдирилди, чунки исломчилар бизнинг келажагимизни эгаллаб олмоқчи. Чунки улар айнан шу каби оддий қаҳрамонлар борлиги туфайли ҳеч қачон келажагимизни олиб қўя олмасликларини билишади», деди Франция президенти.

Макрон, шунингдек, республика тарихида карикатуралар муҳим ижтимоий-сиёсий ўринга эга эканини таъкидлаб, Франция карикатуралардан «воз кечмаслиги»ни эълон қилди. Бу эса унга қарши ижтимоий тармоқларда кетаётган кампания, араб давлатларида кузатилаётган бойкот кучайишига сабаб бўлди.

Эммануэль Макрон (марказда) ўқитувчи ​​​​​Самюэль Патининг видолашув маросимида. Сорбонна университети, 21 октябрь, 2020 йил.
Фото: AFP
Фото: AFP

«Бир шахснинг эркинлиги иккинчи шахснинг шаъни бошланган жойда тугайди»

Ушбу воқеалар сабаб қатор муаллифлар диний эътиқодни таҳқирловчи материаллар «сўз эркинлиги» концепцияси билан ҳимоя этилмаслиги кераклиги ҳақида ёзишмоқда.

«У [Макрон] Франция фуқаролари республика қадриятларини ҳурмат қилишини истамоқда, ўзи эса мусулмонларнинг қадриятларини ҳурмат қилмаяпти. Макроннинг исломга тоқати йўқ, лекин айни вақтда у мусулмонлардан уларнинг динига қаратилган таҳқирлашларга нисбатан тоқатли бўлишни сўраяпти», – деб ёзади Daily Sabah колумнисти Мерве Шебнем Оруч.

Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов мавзуга муносабат билдирди.

«Афсус, Франция мусулмон ва исломчи, ислом ва экстремист ўртасида қатъий тенглик белгисини ўрнатиб бўлди. Нега қўшни Германия, Испания, Италия ва айниқса Буюк Британия ёки АҚШда карикатуралар муаммоси йўқ? Нега фақат Францияда шундай муаммо бор?! Чунки бу мамлакатларда элементар нарсаларни ҳисобга олишади: инсон шаъни, фундаментал қадриятларни масхара қилиб бўлмайди.

Францияда диний рамзлар устидан калака қилишни эркинлик ва ҳуқуқ деб қабул қилишлари ачинарли. Ахир ҳаммага аён: бир киши ёки кишилар гуруҳининг ҳуқуқи бошқаларнинг шаъни, эркинлиги ва хавфсизлиги бошланган жойда тугайди», – дея фикр билдирган Раббимов.

Мавзуга оид