Ўзбекистон | 20:21 / 27.10.2020
62079
2 дақиқада ўқилади

Ўқишни бошлаш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ОТМнинг ўзида қолдирилиши мумкин

2020-2021 ўқув йили учун бакалавриат ва магистратура босқичида ўқишни онлайн ёки анъанавий тарзда бошлаш бўйича қарор қабул қилиш ваколати олий таълим муассасаларининг ўзида қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манбага асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ҳозирги вазият мутасаддилардан ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Аввало қабул қилинадиган қарор қандай натижаларни келтириб чиқаришини турли талқинларда кўриб чиқиш керак. Ҳозир ўйламасдан қарор қабул қилиб юборилса-ю, бу одамлар орасида касаллик кўпайиб кетишига олиб келса, кейин буни ҳеч ким тўхтата олмайди.

Умуман, олий таълим соҳасини мактабгача таълим ёки умумий ўрта таълим тизими билан солиштириб бўлмайди. Бизда вазият хавфлироқ.

Билишимча, бакалавриат ва магистратура босқичида ўқишни онлайн ёки анъанавий тарзда бошлаш бўйича қарор қабул қилиш ваколати олий таълим муассасаларининг ўзида қолдирилиши ҳам мумкин. Бунда ОТМ қайси таълим йўналишида ўқишни онлайн давом эттириш ёки анъанавий тарзда бошлаш қарорини қабул қилади. Масалан, талабаларга тарих фани бўйича мавзуларни масофавий ҳам ўқитса бўлади ёки тиббиёт йўналишида анъанавийга қайтиш керак, дегандек.

Иккинчидан, ота-оналар ва талабалар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари ҳам тайёр бўлган. Кўрган бўлсангиз, у ерда иштирокчилар анъанавий дарсларни кўпроқ хоҳлашяпти. Бу борада шу ҳафта якуний қарор қабул қилинади», деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили.

Вазирлик ахборот хизмати ходими Баҳриддин Шайвалиев эса 2 ноябрдан бошлаб барча олий таълим муассасаларида анъанавий дарслар бошланиши бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга ўз муносабатини билдирди.

«Ўқишни қайси шаклда бошлаш бўйича ўтказилган сўровнома ўз якунига етди ва якуний қарор тез орада эълон қилинади.

Олий таълим муассасаларида 2 ноябрдан бошлаб анъанавий дарслар бошланиши бўйича тарқалаётган хабарлар расмий асосга эга эмас. Ҳозир истаган одам Telegram мессенжерида канал очяпти ва уни оммалаштириш учун истаган хабарини эълон қиляпти.

Қандай қарор қабул қилинганда ҳам талабаларга тайёргарлик учун маълум вақт берилади», – деди у.

Мавзуга оид