Интернетда боғча ходимлари «кўмир таппи» қилаётгани сурати тарқалди. Воқеа қаерда бўлгани аниқланди
Ижтимоий тармоқларда кўмир кукунидан «таппи» тайёрлаётган аёллар сурати тарқалди. Суратлар эълон қилинган постларда ҳолат қайси туманда, қайси боғчада содир бўлганига ойдинлик киритилмаган. Суратлардан бирининг остига Самарқанд, яна бирида эса Андижон деб ёзилганди.
Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати ва Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ олдик. Шунингдек, постлардан бирида айтилган Самарқанддаги боғча мудири билан ҳам боғландик.
Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилфуза Азизованинг айтишича, тарқалган суратни эрталаб кўриб, гап қайси боғча ҳақида кетганини аниқлай олмаган. Бу борада Самарқанд вилоятидаги барча туман МТБ мудирларига маълумот жўнатилган ва ички суриштирув ўтказилган.
Кўмир қандай етказиб берилади?
Шу ўринда бошқарма қарамоғидаги боғчаларга кўмир қандай етказиб берилиши билан қизиқдик. Дилфуза Азизовага кўра, вилоятдаги мавжуд боғчаларда йиллик қанча кўмир ишлатиши аниқ ва шунга кўра кўмир тақсимланади. Вилоят бошқармаси рўйхат шакллантириб, вилоятдаги боғчалар куз-қиш мавсуми учун қанча кўмир олиши лозимлигини вилоят ҳокимлиги ва мактабгача таълим вазирлигига юборади. Мактабгача таълим вазирлиги барча вилоятлардан юборилган маълумотларни «Ўзбеккўмир»га жўнатади.
Шундан сўнг, омборларга кўмир келганда вилоят ҳокимлигидан шу ишга масъул бўлган мутасаддилар кўмирни турли ташкилотларга тақсимлайди ва туманлардаги мактабгача таълим бўлимлари навбати билан ўз ҳудудидаги боғчаларга кўмир олиб беради.
Жорий йил Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган боғчалар учун «Ўзбеккўмир»нинг Самарқанд кўмир етказиб берувчи филиалидан 894 тонна кўмир ва 1686 тонна кўмир брикети харид қилинган. Бундан ташқари, «Кўмир таъминот» МЧЖдан 859 тонна брикет олинган.
Дилфуза Азизовага «Боғчаларга берилаётган кўмирнинг сифатини назорат қиласизларми? Мабодо қайсидир боғчага сифатсиз кўмир тўғри келиб қолса, ўша боғча қандай йўл тутади?» деб савол бердик. Унинг айтишича, бундай ҳолатларда боғчалар омбордан қандай кўмир беришса, ўшани олиб кетишга мажбур.
Шунинг учун ҳам мактабгача таълим тизими мутасаддилари куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масаласи кўндаланг келганда «Ўзбеккўмир»га ҳам, ҳукуматга ҳам, жойларда ҳокимлик мутасаддиларига ҳам кўмир эмас, брикет сўраб мурожаат қилишяпти. Аммо ҳозирча брикетни ҳаммага етказиб бўлмаяпти. Берилаётган кўмирнинг сифати эса яхши эмас.
Боғчаларга берилаётган кўмирнинг ярми кукунга чиқади. Айрим боғчалар кўмир деб берилаётган кўмир кукунини амаллаб ёқаётган бўлса, айримлари ходимлари билан уни «кўмир таппи» қилиб ёқмоқда.
Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармасининг молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоби бўлими вакили Ойбек Тугизовнинг айтишича, аксарият ҳолларда боғчалар омборга қандай кўмир келса, ўша кўмирни олишга мажбур.
Воқеа юзасидан мактабгача таълим вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаевадан изоҳ олдик. Унинг айтишича, кўмир кукунидан аёллар қўлбола брикет тайёрлаётган суратлар тарқалгач, вазирлик Самарқанд ва Андижонда алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, суратда қайси боғча эканини билиш учун суриштирув бошланган. Суратдаги Андижонда экани айтилган боғчалардан бири бу вилоятдан «топилмаган». Иккинчисини эса Самарқанддан суриштиришяпти.
Топилди
Мавлуда Асқархўжаеванинг айтишича, у кўмир кукунидан «таппи» қилаётган аёллар суратини фейсбукдаги саҳифасига жойлаган аёл билан боғланган. Аёл ҳолат Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 14-боғчада содир бўлганини айтган.
Тойлоқдаги 14-боғча мудири билан телефон орқали боғландик. У суратдаги ҳолат ўзи бошқараётган боғчада эмас, тумандаги 30-боғчада содир бўлганини айтди. Кейин Тойлоқ туманидаги 30-боғча мудири Матлуба Ниғматованинг телефон рақамини топиб, ундан интернетда тарқалган сурат ҳақида изоҳ сўрадик. Матлуба Ниғматова суратлар чиндан ўзи раҳбарлик қилаётган мактабгача таълим муассасасида олинганини тасдиқлади.
Унинг айтишича, боғчага берилган кўмирнинг сифати унча ёмон бўлмаган. Шунчаки кўмирни тушириб олишгандан сўнг ундан чиққан кукунни боғча ходимлари исроф бўлмасин деб «таппи» қилишган. 30-боғча 140 ўринли бўлиб, бу ерда жами тўртта иситиш қозони ўрнатилган. Уларга бу йил жами 12 тонна кўмир берилган. Боғча мудири берилган кўмирнинг сифати яхши бўлганини қайта-қайта таъкидлаб, бу борада эътирози йўқлигини айтди. Шунингдек, ходималарини ҳам бу ишга ҳеч ким мажбурламаганини, ўзлари рози бўлиб шу ишни қилганини айтди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
14:41 / 06.11.2024