Ўзбекистон | 21:02 / 30.10.2020
5382
13 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташқи реклама бозори иштирокчилари эътирозларига жавоб қайтарди

Ҳукуматнинг ташқи рекламани тартибга солишга доир қарори юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар     ташқи реклама бозори иштирокчиларининг эътирозларига сабаб бўлди. Бу ҳақида ижтимоий тармоқлар ва турли оммавий ахборот воситаларида туркум мақола ва материаллар эълон қилинди. 

Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси хузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги соҳа вакилларининг эътирозларига сабаб бўлаётган Ҳукумат қарори ва унинг қабул қилиниши тарихига оид ахборот берди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида” 2018 йил 17 августдаги ПФ-5515-сон Фармонига асосан (7-илова, 23-банд), ташқи реклама объектлари қурилмаларини жойлаштиришга рухсатнома бериш ва реклама фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, мазкур Фармон билан (3-илова, 22-банд) Тошкент шаҳар ҳокимлиги реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссияси (комиссиянинг Ишчи органи “Тошкент реклама сервис” ДУК ҳисобланади) тугатилиб, унинг функциялари Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасига ўтказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 702-сонли қарорининг 3-бандига асосан, Адлия вазирлигига ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Ўз навбатида, Адлия вазирлиги томонидан жорий йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилиб, сайтида ID-19200 рўйхат рақами билан жойлаштирилган ва бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи рекламани тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сон қарорининг 2-банди ва қарорга 4-илованинг 21-бандига асосан ушбу қарор қабул қилингунга қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилишини узайтиришга тасдиқланган йиғим миқдори тўланганидан кейин рухсат этилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сон қарори қабул қилинишини қуйидаги бир қатор омиллар тақазо этган. Жумладан:

  • ташқи рекламани жойлаштириш тартибини белгилаш масаласи ҳокимликлар ваколатида бўлганлиги сабабли, ҳар бир ҳудудда турли ёндашувлар билан алоҳида тартиб ўрнатилганлиги – тадбиркорлар учун ноқулайликлар келтириб чиқарган;
  • ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкалари рўйхати шакллантирилмаган ва бу борада шаффофлик таъминланмаган;
  • ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун тузилган шартномалар ва берилган паспортларнинг амал қилиш муддатлари аниқ белгиланмаган, бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келиши мумкин;
  • ташқи реклама конструкцияларини жойлаштирганлик учун тарифларни ҳокимликлар томонидан белгилашда ягона ёндашув таъминланмаган, яъни ҳисоблаш тартиби, методикаси (формуласи) бўлмаган, ҳудудий зоналар коэффициентлари қўлланилмаган;
  • ҳокимликларда ташқи реклама масалалари билан бевосита шуғулланувчи тузилма мавжуд бўлмаганлиги оқибатида ташқи рекламани назорат қилиш ишлари эътибордан четда қолиб кетган.

Натижада, аксарият ҳолларда туман (шаҳар)лар ҳудудида республиканинг бошқа ҳудудидаги реклама тарқатувчи томонидан реклама воситаси ўрнатилса ҳам, бу ҳолат назоратга ҳам, ҳисобга ҳам олинмаган. Шу билан бирга, маданий-тарихий объектлар биноларида ва уларнинг ҳудудида тижорат рекламаларини жойлаштириш ҳолатларига ҳам йўл қўйилган.

Қарор лойиҳаси белгиланган тартибда мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишилиб, шунингдек, реклама соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Қарорнинг ташқи реклама объектлари (конструкциялари) жойлаштирилишини тартибга солиш борасидаги яна бир муҳим жиҳати – мазкур қарор талабларига мувофиқ ҳолда битта реклама жойида бир нечта ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қурилганлиги ва улар турли тадбиркорлик субъектларига тегишли эканлиги аниқланган тақдирда, қайта электрон аукцион ўтказиш орқали ушбу жойда фақат битта ташқи реклама объектини (конструкциясини) қуриш ҳуқуқи берилади (қарорнинг 2-банди “ж” кичик банди).

Жаҳон тажрибасида бу каби амалиётни АҚШ, Европа, Корея, Япония, Россия ва бошқа давлатларда ҳам кузатишимиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли “Ташқи рекламани тартибга солиш тўғрисида”ги қарорининг 7-бандига асосан ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан барча турдаги ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ушбу қарор талабларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказилган ва натижалари бўйича реклама эгаларига хулоса ҳамда кўрсатмалар тақдим этилган. Ўз навбатида, қарор талабларидан келиб чиқиб, ташқи реклама объектлари (конструкциялари) эгалари мазкур қарор талабларига жавоб бермайдиган ҳолатларни ушбу қарор қабул қилинган санадан бошлаб олти ой ичида бартараф этиш лозимлиги кўрсатмаларда қайд этилган.

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ Тошкент шаҳрида босқичма-босқич равишда 2020 йил 31 декабрга қадар биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида фақат видео экранли ва 2021 йил 31 декабрга қадар иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида аралаш турдаги юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши назарда тутилган бўлиб, ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши лозим бўлган 217 та (шундан 94 таси биринчи ва 123 таси иккинчи даражали) кўчалар рўйхати шакллантирилган (Тошкент шаҳрида жами кўчалар 1300 тадан ортиқ).

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 11 ноябрдаги 251-сонли “Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 4-бандига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш ишлари архитектура-қурилиш ҳамда санитария меъёрлари ва қоидаларига қатъий мувофиқ ҳолда, шунингдек пойтахт шаҳарнинг ташқи қиёфасига қўйиладиган замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Бу борада реклама бозори иштирокчилари бўлган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши лозим бўлган кўчалар рўйхатини, бундай объектларни Тошкент шаҳрининг асосан марказий ҳудудидаги кўчалар (шоҳ кўчалар)да ўрнатилиши нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш (рўйхатни қисқартириш) тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли таклиф киритилди.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкмасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи рекламани тартибга солиш тўғрисида”ги Қарорининг 1-иловаси 11 бандига асосан ташқи реклама ва унинг воситаларининг аҳоли уйлари ойналарига бевосита яқинликда жойлаштириш, хонадон эгалари дам олишларига халақит бериши, ташқи реклама ўз ёруғлиги ва акси билан истеъмолчиларга ортиқча ноқулайликлар туғдиришига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Ташқи реклама объектлари (конструкциялари)ни ёритиш мосламалари билан жиҳозланганлигини ривожланган давлатлар (Европа, АҚШ, БАА, Корея, Япония) амалиётида ҳам кузатишимиз мумкин. Хусусан АҚШда ёритиш мосламаларига эга ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун мўлжалланган жойлар рўйхати қонун билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан реклама бозори иштирокчилари – тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб қувватлаш мақсадида, ташқи рекламани жойлаштириш учун маҳаллий ҳокимияти органлари томонидан ундириладиган йиғимни 3 ой муддатга тўхтатиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимликларига тегишли таклиф киритилган (Қўмитанинг 2020 йил 7 апрелдаги 259/01-26-сонли хати).

2020 йил 6 июнда Халқ депутатлари, шу жумладан тадбиркорлик субъектлар вакиллари таркибидан ташкил топган Тошкент шаҳар кенгашининг «Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектлари учун йиғимлар миқдорини белгилаш тўғрисида»ги 96/12-6-сон қарори қабул қилинган бўлиб, қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 (уч) ой ўтгач кучга кириши белгиланган. 2020 йил 9 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларига (конструкцияларига) ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимлар миқдори:

  • ер участкаларига ўрнатилган алоҳида турувчи конструкциялар учун 1 кв.м учун бир ойга 5000 (беш минг) сўм;
  • бинолар, иншоотлар ва қурилмалардаги реклама конструкциялари учун 1 кв.м учун 5000 (беш минг) сўм белгиланган.

Бунда ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун йиғим миқдори ҳудудий зоналар коэффицентига қараб ундирилади. Нукус шаҳри ва вилоят марказларида ўрнатилган ташқи реклама объектлари учун белгиланган йиғим миқдори Тошкент шаҳри учун белгиланган йиғим миқдорларидан ошмаслиги керак.

(мисол учун: Тошкент шаҳар 1 м2 учун 1 зона ҳудуди 5000 минг сўм х 3 коэффицент = 15 000 минг сўм, Қарши шаҳар 1 м2 учун 1 зона ҳудуди 5000 минг сўм 2,5 коэффицент = 12 500 ўн икки минг беш юз сўм).

Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қарор талабларига мувофиқлаштириш юзасидан уларнинг эгаларига туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан кўрсатмалар берилган.

Махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан хатлов натижалари юзасидан расмийлаштирилган хулосаларни қонунийлиги ва ишончлилиги учун, шунингдек ҳокимликлар ташқи реклама объектлари (конструкциялари) эгаларига ушбу қарор талабларига жавоб бермайдиган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмаларни ўз муддатида юборилиши учун шахсан жавобгардир.

Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) эгалари махсус ишчи гуруҳларнинг хулосалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ўтказилган хатлов натижаларидан норози бўлган тақдирда ўрнатилган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли “Ташқи рекламани тартибга солиш тўғрисида”ги қарор талабларига асосан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқи олиш учун қуйидаги тартиб ўрнатилган:

ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, тавсия этиладиган реклама конструкциялари турлари ва уларни жойлаштириш хариталари (схемалари)ни тузиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан;

ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали;

“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали берилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқига шартномалар тузиш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан;

ташқи реклама иншоотларига эгалик ҳуқуқларини, шу жумладан, жойлари паспортларини расмийлаштиришни тадбиркорлик субъектларига Давлат хизматлари кўрсатиш маркази томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тартибга солинади.

Мисол тариқасида, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун ер участкалари рўйхати шакллантирилди ва тавсия этиладиган реклама конструкциялари турлари билан аукцион савдоларига чиқарилди

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунининг 43-моддасига асосан Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантиришни таъминлаш билан боғлиқ масалаларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланган.

Реклама соҳасидаги яна бир амалий чора-тадбирлардан бири бу ташқи рекламани жойлаштириш соҳасида норматив ҳуқуқий базани шакллантирилганлиги.

Реклама тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасида ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий ҳокимликлар томонидан ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, шунга кўра барча вилоятларда ҳар хил талаб ва турлича тарифлар амалда бўлган. Техник талаблар ва нормативлар бўлмаган.

Бу эса ўз навбатида, биринчидан ушбу соҳада тартибсизлик келтириб чиқарган бўлса, иккинчидан соҳани барча ҳудудларда бир текис ривожланишига ва барча вилоятларда тенг шароитлар яратилмаслигига олиб келганди.

Бу каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида реклама бозори иштирокчиларининг таклифлари ва хорижий тажриба асосида ташқи рекламани жойлаштиришнинг ва тариф белгилашнинг ягона тартиби ишлаб чиқилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори тарихий-шаҳарсозлик муҳити ва туман (шаҳар)ларнинг мавжуд бинолари меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, реклама конструкцияларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишни тартибга солишни назорат қилиш, ташқи реклама соҳасининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқларни таъминлайдиган тамойиллар ва шартларни шакллантириш мақсадида қабул қилинган” дейилган агентликнинг Kun.uz’га йўлланган ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz реклама конструкциялари эгалари ва ушбу соҳани назорат қилувчи давлат ташкилотлари вакиллари ўртасида очиқ мунозара минбарини ташкил қилиб, вужудга келаётган муаммолар атрофлича муҳокама қилинганди.

Мавзуга оид