Ўзбекистон | 16:18 / 31.10.2020
7503
3 дақиқада ўқилади

“Ўзтрансгаз” масъулиятсизлиги бюджетга миллиардлаб зарар келтиряпти – Сенат

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Фото: Ўзтрансгаз

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов аҳолига газ етказиб беришдаги қатор муаммоларни санаб ўтди.

“Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тасарруфида республика бўйича жами 89172,1 км газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу газ қувурларининг 20525,3 км қисми 10 йилгача, 25729,2 км қисми 10-25 йилгача, 42917,5 км қисми эса 25-30 йиллар ва ундан ортиқ муддат давомида фойдаланиб келинмоқда.

Шулардан 766,4 км газ қувурлари ўз вақтида алмаштирилмаганлиги сабабли мукаммал таъмирталаб, яъни тўлиқ янгилаш ҳолатига келиб қолган. Қайд этиш лозимки, ушбу қувурларни зудлик билан алмаштириш чоралари кўрилмаган тақдирда табиий газ исрофгарчилиги кундан-кун ортиб бориши, турли авариялар ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан 2020 йилда бор йўғи 68,4 км газ тармоқлари мукаммал таъмирланган ва 49,2 км газ тармоқлари реконструкция қилинган. “Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2117та электро-кимёвий ҳимоя станцияларидан бугунги кунда фақатгина 1097таси ишчи ҳолатда, 761таси эса белгиланган талабларга умуман жавоб бермайди. Энг ачинарлиси, 25-30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда, фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.

Ҳудудлардаги газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарлар штат жадвали қисқартирилиши натижасида газ ростлаш пунктларига ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилмаяпти. Бунинг натижасида ортиқча газ сизиб чиқяпти ва тафтиш ишлари сифатсиз бажариляпти. Газ ростлаш пунктларининг аксарият қисми носозлиги сабабли республика газ тизимида кўплаб табиий газ йўқотишлари кузатилмоқда. Оқибатда давлат бюджетига миллиардлаб зарар келтирилмоқда.

Бундан ташқари, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга қарашли шаҳар, туман газ филиалларининг моддий-техник базаси тўлиқ ва замонавий асбоб-ускуналар ҳамда махсус техника билан таъминланмаган. Оқибатда республика газ тизимида содир бўлаётган авариялар ўз вақтида бартараф этилмаяпти”, - деди Бурҳонов.

Аҳолига газ етказиб беришдаги муаммолар ўз вақтида бажарилмаганлиги ва бунга совуққонлик билан ёндашилганлиги сабабли Сенат кейинги ялпи мажлисда бош вазир ахборотини тинглаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Мавзуга оид