Ўзбекистон | 19:02 / 01.11.2020
28525
4 дақиқада ўқилади

«Биздан гўнг ҳиди келяпти» — Сенатор тезак ёқаётган онахоннинг илтимоси ҳақида гапирди

«Ҳудудгазтаъминот» сенаторлар танқидига учради. Бош вазир ўринбосари Сенатга чақирилади.

Фото: Олий Мажлис Сенат ахборот хизмати

30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов аҳолига газ етказиб беришдаги қатор муаммоларни санаб ўтди.

«Бугунги кунда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тасарруфида республика бўйича жами 89 172,1 км газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу газ қувурларининг 20 525,3 км қисми 10 йилгача, 25 729,2 км қисми 1025 йилгача, 42 917,5 км қисми эса 2530 йиллар ва ундан ортиқ муддат давомида фойдаланиб келинмоқда.

Демак, шунча йиллардан бери марказий тизим қувурлари алмаштирилмаган. Бунга сабаб нима? Аҳоли шунча пайтдан бери газга пул тўлаяпти, МИБ тўламаганларнинг автомобилигача олиб қўйди қарздорликни ёпиш учун», – деди Бурхонов.

Сенатор Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида бўлган воқеа ҳақида сўзлаб берди.

«Ўрта Чирчиқ туманига борганимизда ёши катта бир онахон аёл олдимга келиб: «Яқинроқ келиб мени ҳидланг, мен орқали бутун аёлларни... Биздан гўнгнинг ҳиди келяпти. Тезак ёқяпмиз. Хоҳлаган хонадонингизга киринг, кўринг», – деди.

Мингдан ортиқ одам билан учрашув ўтказяпмиз. Трубалар бор, илгари газ бўлган, ҳозир йўқ... Мурожаат қилса: «Газ мободо узилиб қолса (ўзи бир неча йилдан бери газ умуман йўқ), суюлтирилган газ билан таъминлаймиз, 20 кг норма бор», деб жавоб беряпсизлар», деди Сенат қўмитаси раиси «Ҳудудгазтаъминот» масъулларига қарата.

Фото: Олий Мажлис Сенат ахборот хизмати

Бурхоновнинг сўзларига кўра, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан 2020 йилда бор йўғи 68,4 км газ тармоқлари мукаммал таъмирланган ва 49,2 км реконструкция қилинган. «Ўзтрансгаз» АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2 117 та электро-кимёвий ҳимоя станцияларидан, бугунги кунда фақатгина 1 097 таси ишчи ҳолатда, 761 таси эса белгиланган талабларга умуман жавоб бермайди.

«Энг ачинарлиси, 25–30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда, фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.

Ҳудудлардаги газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарлар штат жадвали қисқартирилиши натижасида газ ростлаш пунктларига ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилмаяпти. Бунинг натижасида ортиқча газ сизиб чиқяпти ва тафтиш ишлари сифатсиз бажариляпти. Газ ростлаш пунктларининг аксарият қисми носозлиги сабабли республика газ тизимида кўплаб табиий газ йўқотишлари кузатилмоқда. Оқибатда давлат бюджетига миллиардлаб зарар келтирилмоқда», – деди Қутбиддин Бурхонов.

Қўшимча қилинишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖга қарашли шаҳар, тумангаз филиалларининг моддий-техник базаси тўлиқ ва замонавий асбоб-ускуналар ҳамда махсус техника билан таъминланмаган. Оқибатда республика газ тизимида содир бўлаётган авариялар ўз вақтида бартараф этилмаяпти.

Маълумот учун, Сенатнинг 2019 йил 12 октябрдаги қарори билан, ҳукуматга табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан  парламент сўрови юборилган эди. Сенаторларнинг фикрича, ушбу сўровда кўтарилган масалалар, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳукумат қабул қилган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашга юзаки ёндашилган.

Қўмита навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига бош вазир ўринбосарининг ахборотини эшитиш масаласини киритиш тўғрисида Сенат Кенгашига таклиф киритиш қарорига келди.

Мавзуга оид