Жаҳон | 09:40 / 01.11.2020
102629
2 дақиқада ўқилади

Мен карикатураларни қўллаб-қувватлаганим йўқ — Макрон ўзини нотўғри тушунишгани ҳақида гапирди

Франция президенти Эмманюэль Макрон Франция ҳукуматининг 2015 йилда Charlie Hebdo журналида чоп этилган пайғамбар карикатураларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва мусулмонларнинг бундай карикатуралар сабабли кечираётган ҳис-туйғуларини тушунишини айтди. У бу ҳақда Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

Фото: Reuters

Сиёсатчининг таъкидлашича, бу карикатураларни Франция ҳукуматига алоқаси бўлмаган мустақил нашр чоп этган. “Бу ҳукумат лойиҳаси эмас”, деб таъкидлаб ўтган Макрон.

Франция президенти мусулмонларнинг пайғамбарга қилинган карикатуралардан ғазабга тушаётганларини тушунишини ва ислом оламида Францияга қарши ўтаётган норозиликлар Париж яқинида содир этилган терактдан кейин айтган сўзлари нотўғри талқин этилгани сабабли бошланганини айтган. “Одамлар буни гўёки мен бу расмларни қўллаб-қувватлашимдек тушунишди, бироқ бундай эмас”, деб айтган Франция президенти.

“Мен бундай ҳис-туйғуларни тушунаман ва ҳурмат қиламан. Бироқ менинг ролим нимадан иборатлигини тушунишингиз керак. У иккита нарсани таъминлаши керак: тартибни ва ҳукуқлар ҳимоясини”, деб айтган Макрон ва Францияда “эркин гапириш, ёзиш, фикрлаш, расм чизиш” ҳуқуқини доим ҳимоя қилишини қўшимча қилган.

16 октябрда Париж яқинидаги Кофлан-Сент-Орион шаҳри коллежларидан бири ўқитувчиси, ўз ўқувчиларига Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини намойиш қилган Самуэл Пати ўлдирилганди. Уни ўлдиришда чечен миллатига мансуб 19 ёшли Абдуллоҳ Анзоров гумон қилинмоқда. Анзоров твиттерда ўқитувчини пайғамбарни ҳақоратлагани учун “қатл этгани” ҳақида хабар қолдирган. 

Макрон ушбу қотилликни “ислом террорчилигига хос хатти-ҳаракат” деб атаганди. Франция президенти ундан аввалроқ, октябр ойи бошидаги маърузасида “ислом дини дунё бўйлаб инқироз ҳолатини бошдан кечирмоқда” дея таъкидлаганди. Аммо пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатураси чизилганини сўз эркинлиги деб ҳисоблаши кўплаб давлатларда мусулмонлар ғазабига сабаб бўлди.

Мавзуга оид