Ўзбекистон | 10:26 / 02.11.2020
11814
5 дақиқада ўқилади

МТРКга 427, Энергетика вазирлигига 44 млрд сўм. 2021 йил учун бюджет лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинди. Унга кўра, деярли барча давлат идоралари учун ажратиладиган маблағ миқдори ошган.

Лойиҳага мувофиқ, қуйидаги:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
  • ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолатдан ташқари, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
  • қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ турлари туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ўтказилиши таклиф этилмоқда.

Лойиҳада, шунингдек республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга 2021 йил учун 132 трлн сўм ажратилиши белгиланди. Ушбу суммадан эса айрим ташкилотлар кесимида қуйидагича чекланган миқдорларда маблағ ажратиш назарда тутилган:

  • Олий Мажлис Сенатига 29 млрд сўм (2020 йил учун 19 млрд сўм);
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 162 млрд сўм (2020 йил учун 111 млрд сўм);
  • Президент Администрациясига 784 млрд сўм (2020 йил учун 721 млрд сўм);
  • Вазирлар Маҳкамасига 1,508 трлн сўм (2020 йил учун 1,422 трлн сўм) – шундан 903 млрд сўми Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасига;
  • Бош прокуратурага 1,375 трлн сўм (2020 йил учун 869 млрд сўм);
  • Ўзбекистон Республикаси Олий судига 635 млрд сўм (2020 йил учун 432 млрд сўм);
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигига 3,428 трлн сўм (2020 йил учун 3,073 трлн сўм) – шундан 198 млрд сўм болаларни вакцинация қилиш билан боғлиқ харажатларга;
  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 140 млрд сўм (2020 йил учун 128 млрд сўм) – шундан 125 млрд сўм хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига трансфертларга;
  • Ташқи ишлар вазирлигига 553 млрд сўм (2020 йил учун 399 млрд сўм) – шундан 268 млрд сўми хориждаги элчихоналар ва консуллик идораларини сақлаш харажатларига;
  • Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига 1,139 трлн сўм (2020 йил учун 623 млрд сўм) – шундан Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва қатнашиш харажатларига;
  • Мактабгача таълим вазирлигига 5,434 трлн сўм (2020 йил учун 4,647 трлн сўм) – шундан 600 млрд сўм давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасаларига субсидияларга;
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига 1,047 трлн сўм (2020 йил учун 1,306 трлн сўм) – шундан 782 млрд сўм аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини ривожлантириш харажатларига;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига 556 млрд сўм (2020 йил учун 222 млрд), шундан 200 млрд сўм тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига трансфертлар;
  • Транспорт вазирлигига 4,951 трлн сўм (2020 йил учун 2,649 трлн сўм);
  • Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига 148 млрд сўм (2020 йил учун 234 млрд сўм) – шундан 100 млрд сўм янги меҳмонхоналар қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисмини қоплаш харажатларига.

Шунингдек, келаси йилда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига 427 млрд сўм (2020 йилда 410 млрд сўм) ажратилиши кўзда тутилган. Булар МТРКнинг жорий харажатлари (377 млрд сўми), объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар (50 млрд сўми)га ишлатилади.

Мамлакат ижтимоий ҳаётида энг муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳалардан бири - Энергетика вазирлигига эса МТРКга сўралаётган маблағнинг ўндан бири (43,8 млрд сўм) ажратилиши кутиляпти. Бу маблағлар вазирликнинг жорий харажатлари, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга йўналтирилади.   

Лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг жорий йил сарф-харажатларини бюджет ҳисобидан қоплаш учун ўтган йилга (11 млрд) нисбатан қарийб икки баробардан кўпроқ (26,6 млрд сўм) маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 28 октябрь куни эълон қилинган лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси шу йилнинг 12 ноябрига қадар давом этади. 

Мавзуга оид