ДХМда илк марта имконияти чекланганлар учун сурдо-онлайн платформаси ишга тушди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги Давлат хизматлари марказида гапириш ва эшитиш билан боғлиқ имкониятлари чекланган фуқаролар эндиликда исталган давлат хизматларидан сурдотаржимонсиз фойдаланишлари мумкин.
3 ноябрь куни Чилонзор туманидаги ДХМда имконияти чекланганлар учун биринчи маротаба сурдо-онлайн платформаси ишга туширилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Марказдаги фуқароларни қабул қилиш нуқтасига жойлаштирилган белгилар имконияти чекланган фуқароларни сурдо-онлайн планшети қўйилган операторга йўналтиради. Оператор столига ўрнатилган планшетлар эса онлайн тарзда мурожаатчининг фикрларини операторга таржима қилади.
Мазкур тизимни жорий қилишдан мақсад – Тошкент шаҳридаги эшитиши ва гапиришида нуқсони бор шахсларнинг жамиятдаги имкониятлардан тўлақонли фойдалана олишини таъминлаш, тез ва қулай хизмат кўрсатишни йўлга қўйишдан иборат.
Келгусида ушбу тизимни республикадаги барча ДХМ ва ФҲДЁ органларида йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.