Ўзбекистон | 20:58 / 05.11.2020
29220
2 дақиқада ўқилади

Денов тумани ҳокими ўзгарди

Бугун, 5 ноябрь куни Халқ депутатлари Денов туман кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессияда ташкилий масала кўриб чиқилиб, Денов тумани ҳокими Бахтиёp Иботов вазифасидан озод этилди.

Денов тумани ҳокими лавозимига Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рустам Пардаев тасдиқланган.

Рустам Пардаев

Рустам  Пардаев 1979 йилнинг 7 апрелида Қизириқ туманида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Турли йилларда «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик тижорат банки Жарқўрғон тумани, Сурхондарё вилояти филиаллари раҳбари, вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

У 2019 йилнинг май ойидан Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида иш бошлаганди.

Бахтиёр Иботов 2018 йил 11 ноябрдан буён Денов туманига раҳбарлик қилиб келаётганди. У муқаддам Қизириқ тумани ҳокими бўлган, 2016-2018 йилларда Ангор туманини бошқарган.

Бахтиёр Ибатов / Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Мавзуга оид