Ўзбекистон | 08:00 / 06.11.2020
12966
5 дақиқада ўқилади

«Симёғочларни симлар ушлаб турибди...» — Андижоннинг икки қишлоғи қишга яқин яна хавотирда

Қиш яқинлашиб, ҳаво совиши билан аҳолидан электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги камчиликлар юзасидан мурожаатлар сони кўпаяди. Биз ана шундай арзномалар ортидан Андижон вилоятининг икки қишлоғидаги бир хил муаммоли ҳолатни ўргандик.

Орол қишлоғидаги «ногирон симёғочлар»

Андижон туманининг адирлар ичида жойлашган Орол қишлоғининг Сўлим кўчасидамиз. Бизни мурожаатчи фуқаролар кутиб олиб, кўчадаги аянчли электр тармоғи ва «ногирон» симёғочлар билан таништира бошлашди.

Кўчага электр 1956 йиллари, бундан 64 йил аввал келган экан. Бироқ ўшандан бери симёғоч ва симлар алмаштирилмаган. Йиллар ўз сўзини айтиб, симёғочлар чириб, ёнбошлаб қолган бўлса, симлар узилиб уланавериб, ўз хусусиятини йўқотиб осилиб ётибди.

«Қишлоғимизга мана шу «столба»лар 1956 йилда қўйилган. Шу пайтгача хизматини қилиб, энди авария ҳолатига келиб қолди. Қарангки, 1985 йили «электросет»дан текширув келиб, мана бу симёғочимизга «Алмаштириш керак» деб ёзиб ҳам кетганди. Ўзгариш бўлмаган.

Симларимиз чўзилиб, пастлаб кетди. Ток қуввати пастлигидан кир ювиш машиналари, музлаткичлар ишламай қолади», – дейди Маъмиржон ота Ҳасанов.

«Ўтган ҳафта нашрларингда «Андижон шаҳридаги «қаҳрамон» симёғочлар» сарлавҳали мақолани ўқидик. Раҳбарларга етиб боргач, ўша кўчага янги «столба»лар қўйилганидан ҳам хабаримиз бор. Бизнинг маҳалламиздаги симёғочларимиз ҳам «қаҳрамон» бўлиб, бунинг устига «ногирон» ҳам. Бу йилги қишдан ё чиқади, ё чиқмайди.

Маҳалла кенгайиб боряпти-ю, лекин «столба»лар қўйилмаяпти. Шунинг учун одамлар бир-бирининг томидан олиб ўтишга мажбур бўляпти. Оқибатда ток кучи камайиб кетиб, одамларнинг уйларидаги электр жиҳозлар ҳам ишламай қоляпти. Симлар ҳам қайта-қайта уланавериб, сал шамолга ҳам ток ўчиб қоляпти.

Мутасаддиларга қайта-қайта мурожаат қилдик. Икки марта келишиб, янгилаб берамиз дейишганди. Самара йўқ.

Симёғочларимиз ёнбошлаб қолган, тагига бетон қуйиб, зўрға тиклаб қўйганмиз. Ағдарилиб кетиши ҳеч гап эмас. Фарзандларимиздан хавотирдамиз», – дейди Адҳамжон ота Солиев.

Кўчанинг бошқа фуқаролари ҳам симёғочлар қишли-қировли кунларга қолмай янгиланмаса, жуда хавфли ҳолга келганини билдиришди.

Симёғочларни симлар ушлаб турган қишлоқ

Кейинги манзилимиз Жалақудуқ туманининг Ўрғи маҳалласидаги Нуронийлар кўчаси бўлди.

Кўча номига яраша экан. Бизни бир гуруҳ оппоқ соқолли отахонлар кутиб олишди. Бу ерда ҳам электр тизимидаги ҳолат жуда ачинарли. 200дан зиёд хонадон яшаётган кўчадаги симёғочлар ёрилиб кетибди. Уларга тортилган симлар минг улоқ. Аксар симёғочларларининг таг қисмлари чиришни бошлаган.

«Столбаларни тортилган симлар ушлаб турибди. Бўлмаса, аллақачон қулаб тушган бўлар эди. Фарзандларимиз бемалол телевизор кўриб, музлатгичларни ишлата оладиган шароитни кутиб яшашяпти. Бошқа маиший жиҳозлар – кир ювиш машинаси, «духовка», чангюткичларни фақат кундузи ишлата оламиз холос.

Трансформаторни шу пайтгача аҳоли ўз ёнидан таъмирлаб келган», – дейди маҳалла нуронийси Нишонбой Ҳамдамов.

Кўча аҳлига ўтган асрнинг 70-йилларида сув насоси учун ўрнатилган паст кучга эга «отахон трансформатор» 50 йилдан бери хизмат қилиб келмоқда. Аммо йиллар ўтиб, электр ускуналари кўпайди, аҳоли сони ҳам ошди. Чироқни чарақлатиб ёқишга, музлатгич, дазмолни ишлатишга энди унинг кучи етмай қолган.

«Қишлоғимизга ўтган асрнинг 60-йилларида ўрнатилган симёғочлар, унга тортилган симлар, ўша пайтдаги трансформатор шу пайтгача янгиланмади. Бу вақт оралиғида аҳоли сони бир неча бараварга кўпайган ахир.

Кундуз кунлари ток қуввати меъёрида бўлади. Кечқурун ва эрталаблари айни керак пайтда 120-150 вольт қувватга тушиб кетади. Маиший жиҳозлар ишламайди. Чироқлар хиралигидан фарзандларимиз дарс қила олмаяпти.

Туман электр тармоқларига кўп бора мурожаат қилдик. Фойдаси бўлмаяпти. Маҳаллага замонавий ва қуввати баланд трансформатор қўйилиб, симёғочлар ва ундаги симларни янгилаш керак», – дейди Абдуҳошим Ваҳобов.

Ишончимиз комилки, туман ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Нуронийлар кўчасида тармоқ эскиргани ва 160 кВт.ли трансформатор ортиқ юклама билан ишлаётганидан хабардор. Шунингдек, Сўлим кўчасидаги ҳолат ҳам мутасаддилар учун сир эмас. Ахир аҳоли вакиллари уларга бир эмас, бир неча марта мурожаат билан чиқишган.

Истардикки, масъуллар Орол ва Ўрғи маҳаллаларидаги ҳолатга эътибор қаратишса, ўзларини шу маҳаллада яшовчилар ўрнига қўйиб кўрса... Ана шунда қишга қолмай муаммо ечими учун амалий ҳаракатлар бошланса ажаб эмас.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид