Ўзбекистон | 00:03 / 07.11.2020
32617
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Тошкентдаги шифохоналарда бирорта беморнинг иши, афсуски, пулсиз битмайди»

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган йиғилишда Тошкент шаҳридаги давлат тиббий хизматларидан кўплаб аҳоли вакиллари норози экани ҳақида гапирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Пойтахтда соғлиқни сақлаш тизими бутунлай изидан чиқиб кетган, тартиб, интизом, сўров йўқ. Аҳоли бундан бутунлай норози десак, бу ҳам ҳақиқат.

Шаҳар шифохоналарида бирорта беморнинг иши, афсуски, пулсиз битмайди. Шунинг учун шаҳар соғлиқни сақлаш тизимига янги раҳбар тайинлаб, унинг мақоми вазир ўринбосари этиб белгиланди. Алимов, Ортиқхўжаев йил якунига қадар илғор хорижий мамлакатлар, хусусан, Туркиянинг соғлиқни сақлаш тизимини атрофлича ўрганиб, уни Тошкент шаҳрида жорий қилиш бўйича ўз таклифини беради», – деди давлат раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, Тошкентда шифокорлар билан таъминлаганлик даражаси 87 фоиз, мингдан зиёд тор соҳа шифокорларига эҳтиёж бор.

«Бугунги кунда пойтахтда 40 мингдан ортиқ тиббиёт ходими фаолият кўрсатиб, уларнинг иш ҳақига ҳар йили 850 миллиард сўм ажратилади.

Энг оғир аҳвол Учтепа ва Олмазор туманларида бўлиб, тор соҳа шифокорлари етишмаслиги сабабли нафас йўллари, ошқозон-ичак касалликлари бўйича республикада энг юқори ўринларда туради», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид