Ўзбекистон | 16:07 / 07.11.2020
30395
3 дақиқада ўқилади

«Соғлиқни сақлаш тизими учун қаттиққўл вазир керак» – Президент соҳа раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги раҳбарларнинг ўзгариши масаласида тўхталди.

Президент мазкур соҳа раҳбари қаттиққўл бўлиши кераклигини айтган ва вазирликнинг янги раҳбари Абдуҳаким Ҳожибоев ҳақида гапирган.

«Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими учун қаттиққўл вазир керак. Ҳозирги вазиримизни мен бекорга қўйганим йўқ, синалган, замонавий ва талабчан. Энг муҳими, ким қандайлигини билади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари собиқ вазир ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирган.

«У ҳалол ва пок инсон эканлиги учун ректорликка ўтказилди. Ўйлайманки, Шодмонов ўз тажрибаси билан у ерда катта ўзгаришлар қилади», деган у.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов ҳақида тўхталиб ўтилган.

«Ўзбекистонга келганингдан ва янгича тажрибалар билан оғир шароитларда бизга елкадош эканингдан миннатдорман. Эсингдан чиқарма, тиббиётимизга тезроқ ўзинг айтган рақамлаштиришни олиб киришимиз керак. Тиббиёт муассасаларига телемедицинани олиб киришимиз керак. Қўрқма, ортингда мен турибман», деган Шавкат Мирзиёев.

  • Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев вазирликнинг янги раҳбари этиб тайинланди.
  • 2017 йил февралидан буён вазирликни бошқариб келган Алишер Шодмонов Тошкент тиббиёт академияси ректори лавозимига ўтказилди.
  • Президент маслаҳатчиси ўринбосари Амрилло Иноятов Абдуҳаким Ҳожибоевнинг ўрнига соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
  • 6 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасида ишлаб келган Анвар Алимов Cоғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
  • 2006–2019 йилларда Данияда қатор нуфузли компанияларда масъул лавозимларда ишлаган, 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида иш бошлаган Абдулла Азизов 2020 йилнинг июлида Соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлганди.
  • Октябрь ойида ижтимоий тармоқларда Абдуҳаким Ҳожибоевга тегишли эканлиги маълум бўлган аудиоёзув тарқалган, унда вазир ўринбосари Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини койигани акс этганди.

Мавзуга оид