Жаҳон | 19:46 / 12.11.2020
4779
2 дақиқада ўқилади

АҚШда тиббий ниқоб коронавирусдан ҳимояланишда самарали экани тасдиқланди

АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази ниқоб тақиш коронавирус юқтириб олиш хавфини сезиларли камайтиришини тасдиқлади.

Фото: DPA

Пандемия бошланганидан буён айниқса Америкада ниқоб тақиш мавзусида фикрлар хилма-хиллиги кузатилди: кўплаб америкаликлар ниқобни фақат ўзидаги инфекцияни бошқаларга юқтирмаслик учун тақиш керак, деб ҳисоблашади.

Аммо АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (CDC) хулосасига кўра, ниқоб тақиш ковид тарқалишини «икки тарафдан» секинлаштиради: тиббий ниқоб – нафақат кишидаги инфекциянинг бошқаларга ўтиши эҳтимолини камайтиради, балки уни таққан одамни коронавирусга чалинишдан ҳам ҳимоялайди.

CDC ўтказган янги тадқиқотнинг кўрсатишича, бир неча қават матодан тайёрланган ниқоблар айниқса самаралидир.

Тадқиқотда бир неча қаватли матодан иборат ниқоб инсон тарқатадиган респиратор томчиларни 50–70 фоизга камайтириши аниқланган. Шу билан бирга, бундай ниқоблар ташқи муҳитдаги ҳаво томчиларининг 50 фоизини тутиб қолиши, N-95 ниқобларида эса бу кўрсаткич 95 фоизгача етиши қайд этилган.

Марказ хулосасига кўра, пандемияга қарши курашда универсал қоидалар умумлашмаси яхши фойда беради. Яъни ҳам ижтимоий масофа сақлаш, ҳам ниқоб тақиш, биноларнинг вентиляциясига эътибор бериш ва қўлни тез-тез совунлаб ювиш кабиларнинг барчасига бирдек риоя этилиши инфекция тарқалишини секинлаштиради.

Мавзуга оид