Ўзбекистон | 16:44 / 14.11.2020
16794
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим муассасаси талабани турар жой билан таъминлашга кафолат бермайди — масъул

Олий таълим муассасаларида жорий ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда сўз олган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов олий таълим муассасасига талабаларнинг 60-70 фоизи келадиган бўлса, олий таълим муассасаларининг барчасида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш имконияти борми, дея берилган саволга жавоб қайтарди.

“Буни тан олиш керак, талабалар турар жойида барча талабаларни тўлиқ таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Бугунги кундаги барча талабларга жавоб берадиган ва масъулиятни бўйнига оладиган талабаларимиз анъанавий таълим шаклига қайтади. Олий таълим муассасаси талабани турар жой билан таъминлашга кафолат бермайди. Имконияти мавжуд бўлган талабалар анъанавий таълим шаклида ўқийди.

Маълум бир талабалар турар жойларида бугунги кунда таъмирлаш ишлари ҳам олиб бориляпти. Таъмир тугаганидан кейин [хоналарнинг] тарқатилиши бўйича ҳар бир олий таълим муассасасининг ўзи бу имкониятни талабаларга беради. Талабаларни турар жойга жойлаштиришда ҳамма биладики, имконияти чекланган талабалар биринчи ўринда ётоқхона билан таъминланади. Кам таъминланган, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари – мана шу тоифадагилар”, – дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид