Жамият | 07:49 / 14.11.2020
60838
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда фуқаро ота-онасининг кўз ўнгида «кўча болалари» томонидан ваҳшийларча калтакланган

Жорий йил 3 ноябр куни шаҳрисабзлик 33 ёшли Юнус Ёрбобоевни бир гуруҳ нотаниш кишилар кўчада тўхтатиб, аёвсиз калтаклашган.

Ю.Ёрбобоевнинг яқинлари мазкур ҳолат юзасидан ўша куниёқ ИИБга хабар беришган.

«Укам ота-онам билан ўзининг шахсий машинасида Шаҳрисабз шаҳридаги Янгибозор атрофидаги автотураргоҳга кираётган пайтда олдида келаётган «Spark» русумли автомашинани эҳтиётсизлик сабаб туртиб юборган.

Машинага у қадар жиддий зарар етмаган. Укам машина эгасидан узр сўраб, зарарни тўлаб беришини айтиб, ўзаро муросага келишган.

Бироқ шу атрофда юрган 5-6 нафар бегона йигитлар келиб, аралашиб, ҳозироқ зарарни тўлаб беришини талаб қилишади ва 0,25 литрли шиша «Coca-Cola» идиши билан укамнинг бошига бир неча марта қаттиқ урган. Идиш синиб кетиб, укамнинг эса боши ёрилиб, тинимсиз қон оққан.

Бу ҳам етмагандек улар ота-онамнинг кўз олдида укамни ваҳшийларча тепкилашган. Ажратмоқчи бўлган отамни эса қўлидан босиб, ушлаб туришади. Укам то ўзини билмай қолиб ерга йиқилгунча дўппосланган», — дейди жабрланувчининг акаси Юсуф Ёрбобоев.

Kun.uz воқеа юзасидан Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси масъуллари билан боғланди. Бирлашма вакилининг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам 3 ноябр куни шифохонага 1987 йилда туғилган Ёрбобоев фамилияли фуқаро олиб келингани, унинг боши тепа соҳаси чап қисмида эзилиб йиртилган жароҳат борлиги қайд этилган. Шифохонада беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, яқинлари уни ўзи яшайдиган Китоб туманидаги шифохонага олиб кетишган.

Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Беморнинг яқинлари мазкур ишни қилган гуруҳ ўзларини «кўча болалари» деб аташи, агар уларнинг қилмишларига ҳуқуқий баҳо берилмаса, келгусида бу оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Мавзуга оид