«Кўчиш учун 2 соат вақтингиз бор». 76 йил аввал месхети турклар ўз ватанидан қувилганди
Ҳар йил 14 ноябрь куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида яшайдиган месхети турклар қабристонларга бориб, аждодлари руҳига Қуръон тиловат қилишади, уларни эслашади. Бундан роппа-роса 76 йил аввал Сталин буйруғига биноан месхети турклар Грузия ҳудудидаги жонажон ватани Месхетиядан бадарға қилинганди...
Мустабид бир тузум ўлароқ ХХ асрда бор йўғи 70 йил яшаган СССР отлиғ давлатда кўплаб миллатлар шунчалик ҳам оғир аҳволга солиндики, ўшанда бошидан оғир кунларни ўтказган миллатлар тарихини ўқиб, инсоннинг матонатига, бардошига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Ана шундай миллатлардан бири ўзларини Аҳиска турклари деб атайдиган месхети турклардир.
Бу миллат мустабид тузум даврида нафақат оғир азобларга дучор қилинди, балки ўз ватанидан ҳам айрилди. Бугун бу миллат дунё бўйлаб сочилиб кетган. Кимдир Туркияда, кимдир Россияда, кимдир Ўзбекистонда яшаяпти. НКВД раҳбари Лаврентий Бериянинг «ташаббуси» ва «доҳий» Сталиннинг биргина қарори месхети туркларнинг ватандан айро ҳолда дунё бўйлаб сочилиб кетишига сабаб бўлган.
Аввалбошданоқ зўравонлик устига қурилган СССРда ХХ асрнинг биринчи ярми муҳим ўрин тутади. Бу давлатда 1922 йилдан 1953 йилгача 31 йил давомида Иосиф Сталин ҳукмронлик қилган. У бугун нафақат СССР тарихида, балки жаҳон тарихида энг ёвуз ва қонхўр шахслар қаторида эсланади. Ахир унинг ҳукмронлик йилларида турли баҳоналар билан миллионлаб одамлар ўз уйларидан бадарға қилинди, қамалди, ўлдирилди...
Аввалига «оқ гвардиячилар»га қарши кураш, коллективлаштириш, кейин «мамлакатни ёт унсурлардан тозалаш», иккинчи жаҳон уруш даврида «сотқинлар» энг охирида эса «империализм тарафдорлари» каби айбловлар билан миллионлаб инсонлар маҳв этилган. Сталин ва унинг энг яқин ёрдамчиси бўлган Лаврентий Бериянинг ана шундай ёвуз ишларидан бири, ўз ватанида яшаб турган бир қанча миллатларни сотқинликда айблаб, бошқа жойларга қувғин қилгани бўлган.
1943 йилда қорачойлар, қалмиқлар, 1944 йилда эса чеченлар ва ингушлар, болқорлар, қрим-татарлар, месхети турклар, курдлар ва хемшинлилар ўз она юртларидан бошқа ўлкаларга сургун қилинган. Сургун қилинганларни гўёки ватанга хиёнат қилишда айблашган. Қрим-татар, чечен, ингуш, қалмиқ, болқорлар немисларга жосуслик қилишда айбланган бўлса, месхети турклар, курдлар ва хемшинлилар Туркия фойдасига жосусликда айбланган.
Кейинчалик бу миллатлар аслида сотқинлик қилмагани маълум бўлди. Уларнинг баъзилари шунчаки ўч олиш учун бадарға қилинган бўлса, баъзиларининг яшаб турган ери керак бўлгани учун қувилган. Айнан қрим-татар ва месхети туркларнинг яшаб турган ерларини олиб қўйиш учун улар мислсиз азобга мубтало қилинган. Тарих шоҳид: қрим-татарлар Қримдан қувилгач, у ерга кўплаб руслар кўчиб борган.
1989 йилда қрим-татарлар ўз ватанига қайтиб борганда у ерда уларга тегишли барча нарса бошқалар томонидан эгаллаб олинган эди. Шундай бўлса-да, қрим-татарларга тарихий ватанига қайтиб боришга рухсат берилди. Месхети туркларга эса тарихий ватанига қайтиб боришга рухсат ҳам беришмайди. Сабаби уларнинг тарихий ватани Месхетия грузинлар томонидан эгаллаб бўлинган эди. Шу тариқа, бу миллат ватансиз қолади.
Қолаверса, қайсидир миллатни «немисларга сотилгани» учун жазолаш керак бўлса, биринчи навбатда русларнинг ўзини, сўнг украинлар ва беларусларни айблаш тўғрироқ бўлмасмиди? Немислар СССРнинг ғарбий қисмига бостириб кирганда, у ерда яшаётган кўплаб руслар ва бошқа маҳаллий халқлар уларни нон-туз билан кутиб олади ва уларга садоқат билан хизмат қилади.
Бундан ташқари, СССР армияси қўмондонларидан бири генерал Власов катта бир қўшин билан немислар тарафига ўтиб кетади. Ана шундай ҳолатда Сталин ва Бериянинг ҳақиқий сотқинлар қолиб айби бўлмаган бошқа миллатларни сотқинликда айблаши «грузин ва рус бўлмаганлар»дан ўч олишдан бошқа нарса эмасди, бизнингча.
Қувғин қилинганларнинг қарийб барчаси (қалмиқлардан бошқа) мусулмонлар, бунинг устига асосан Кавказда яшайдиган халқлар ҳисобланади. Сталиннинг келиб чиқиши грузин эканлигини инобатга олсак, Кавказ халқларини, бунинг устига асосан мусулмонлар ўз уйидан бадарға қилиниши бежиз эмасди.
Юқорида номлари келтирилган миллатларни қувғин қилишда НКВД (Народний комиссариат внутренних дел – Ички ишлар халқ комиссарлиги) раҳбари Лаврентий Берия асосий ролни бажарган. Сталин ҳам хайрихоҳ бўлган бу ишда қувғинлар айнан Бериянинг ташаббуси билан амалга оширилган.
СССРда ўз юртидан қувғин қилинган миллатлар
1943-1944 йилларда СССРнинг Кавказда яшовчи кўплаб миллатлари ўз ватанидан қувғин қилинади. Жумладан:
Қорачой АССРда (автоном республика) яшовчи қорачойлар 1943 йил 12 октябрда;
Қалмиқия АССРда яшовчи қалмиқлар 1943 йил 27 декабрда;
Чечен-ингуш АССРда яшовчи чеченлар ва ингушлар 1944 йил 29 январда;
Болқор АССРда яшовчи болқорлар 1944 йил 24 февралда;
Қрим АССРда яшовчи қрим-татарлар 1944 йил 10 майда қувғин қилинади.
Юқоридаги миллатларни қувғин қилиб ҳам тинчимаган Берия 1944 йил 24 июль куни Сталинга №7896 рақамли хат билан мурожаат қилади:
«Бир неча йил давомида Туркия билан чегарадош ҳудуд аҳолиси чегаранинг нариги тарафидаги Туркия фуқаролари билан қариндошлик алоқаларини сақлаб келмоқда. Айримлари Туркияга муҳожирликка кетмоқда. Шунингдек, улар фаол равишда контрабанда билан шуғулланмоқда ва турк жосуслик идораларига турли маълумотлар етказиб бериб, ўзлари ҳам жосуслик тўдаларини тузишда хизмат қилмоқда...
НКВД Ахалцих, Ахалкалаки, Адиген, Аспиндз ва Богдановск туманларидан ҳамда Ажария АССРнинг бир неча туманидан 16 700 турк, курд, хемшинли оилаларини кўчириш лозим деб ҳисоблайди».
Сталин Бериянинг бу таклифини ҳам маъқуллайди. 31 июль куни СССР мудофаа ишлари бўйича давлат қўмитаси №6279 рақамли «мутлақо махфий» қарорни қабул қилди. Қарорда Грузия ССР жанубида, СССРнинг Туркия билан чегара ҳудудларида яшовчи месхети турклар, курдлар ва хемшинлиларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудига бадарға қилиш кўзда тутилган эди.
«Мутлақо махфий» қарор 1944 йилнинг июль ойида қабул қилинган бўлса-да, Берия негадир уни бажаришни ноябрь ойигача кечиктиради. 14 ноябрь куни бирданига Месхетияни НКВД ходимлари босади ва маҳаллий аҳолига зудлик билан уйларини тарк этиши лозимлиги, акс ҳолда буйруқни бажаришдан бўйин товлаганликда айбланиб, ўша жойнинг ўзида отиб ташланиши мумкинлиги айтилади.
Бериянинг буйруғига кўра, барча ишларга Грузия ССР НКВД раҳбари Георгий Каранадзе, унинг ўринбосари Богдан Кабулов ва Грузия ССР давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Авксентий Рапава бошчилик қилишади.
Аҳолини зудлик билан қувғин қилиш ишларига НКВД ва хавфсизлик хизматининг 4 мингдан ошиқ тезкор ходими жалб этилади. Одамларга жўнаш учун бор-йўғи икки соат вақт берилади. Месхети турклар зўрға кийим-кечак олишга улгуради.
Шундан сўнг, 17 ноябрь куни месхети туркларни 25 эшелонда вагонларга тиқиб, Марказий Осиёга жўнатишади. Қувғин кузнинг совуқ кунларида бошланган бўлса-да, месхети турклар юк вагонларида манзилга декабрнинг сўнгги ўн кунлигида, қишнинг аёзида етиб боришади. Ана шундай оғир шароитда манзилга етиб боргунча сургун қилинганларнинг 25–30 фоизи ҳалок бўлади.
Ҳаво совуқ бўлган кунларда, юк вагонларда 5-6 ҳафталаб узоқ йўл босиш месхети туркларни ҳолдан тойдиради. Юк вагонларидаги оғир ҳолат, касаллик ва эпидемия тарқашига сабаб бўлади, оқибатда кўпчилик ҳалок бўлади.
Месхети туркларнинг омон қолган қисми Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга етиб келганда қишнинг айни авж палласи эди. Ана шундай ҳолатда улар совуқ бараклар, палаткаларда жон сақлашга мажбур бўлади. Бугун юртимизда ёки бошқа юртларда яшаётган кекса ёшдаги месхети турклардан ўша даҳшатли кунлар ҳақида сўрасангиз, улар гап бошлашдан аввал, албатта, кўз ёш тўкиб олади. Сабаби, уларнинг аксарияти жуда ёш бўлган, уйидан, ватанидан қувиб чиқарилгани етмагандай, сўнгги манзилга етиб келгунча ўз яқинларини ҳам йўқотган.
Қувғин қилинганларнинг умумий сони қарийб 120 минг нафар бўлган. Уларни аввалига махсус баракларга, палаткаларга жойлаштиришади. Кейинчалик маҳаллий аҳоли ёрдамида улар уй-жой тиклаб олади. Қувғин қилинганларга ўзлари жойлаштирилган ҳудуддан бошқа жойларга бориш тақиқланади.
1953 йилнинг мартида Сталин вафот этади. Унинг даврида ноҳақ қамалганлар билан бирга ноҳақ қувғин қилинганлар иши ҳам қайта кўрила бошланади. Ниҳоят, 1956 йил 18 апрелда СССР Олий совети президиуми бошқа миллатлар қатори месхети турклар, курдлар ва хемшинлиларнинг қувғин қилиниши хато бўлгани ҳақида қарор қабул қилади. Шундан сўнг, бошқалар қатори месхети туркларга ҳам СССР бўйлаб эркин ҳаракатланиб, кўчиб юриш ҳуқуқи берилади. Аммо бошқалардан фарқли ўлароқ, месхети туркларга тарихий ватани Месхетияга қайтишга рухсат берилмайди. Шу сабабли уларнинг асосий қисми сургун қилинган жойи – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда яшаб қолади. Озроқ қисми РСФСРдаги Кабардин-Болқор АССРдан берилган ерга кўчиб боради.
Месхети турклар ҳақида
Месхети турклар – олтой тил оиласининг турк гуруҳига кирувчи, турк тилларининг ўғуз лаҳжасида гапирувчи, турк, озар ва гагауз миллатларига яқин бўлган миллат ҳисобланади. Улар ўзларини Аҳиска турклари (Ahıska Türkleri) деб атайди. Бугун дунёда ярим миллиондан ошиқ месхети турк бор. Улар дунё бўйлаб тарқалиб кетган. Месхети туркларнинг энг катта қисми Қозоғистон, Россия ва Туркияда яшамоқда. Уларнинг аксарияти ислом динининг суннийлик йўналишига, ҳанафия мазҳабига амал қилади.
Месхети турклар азалдан Грузиянинг Туркия билан чегарадош Месхетия ўлкасида яшаган. Месхетия ўлкаси СССР пайтида Адиген, Ахалцих, Аспиндз туманларига бўлинган. Месхетиянинг ярми СССРга, ярми Туркияга тегишли бўлган. 1829 йилги рус–турк урушидан сўнг Адрианополь шартномасига кўра, Месхетия иккига бўлинади. Унинг ярми Россия таркибига киради, ярми Туркияда қолади. Октябрь тўнтаришидан кейин Грузия ССР тузилганида Россия таркибидаги Месхетия Грузия ССРга қўшиб берилади.
Иккинчи жаҳон урушида Месхетиядан 40 минг одам урушга боради. Уларнинг 26 минг нафари ҳалок бўлади. Месхети турклардан саккиз нафар совет иттифоқи қаҳрамони чиққан. Месхети турклар қувғин қилинган пайтда урушга яроқли эркакларининг 99,9 фоизи урушга чақирилган бўлган. Месхетияда фақат ёш болалар, аёллар ва кекса ёшдаги қариялар қолган. Шундай экан, бу миллатни ўша пайтда сотқинликда айблаш ўта абсурд иш эди.
14 ноябрда месхети туркларнинг ўз ватанидан қувилганига 76 йил тўлади. 76 йилдан буён бу миллат ўз ватанидан айро ҳолда, дунёнинг бошқа давлатларида яшаб келмоқда. Бугун бу миллатга Туркия, Озарбойжон катта эътибор ва ёрдам беряпти. Масалан, 2014 йилда Украина шарқида айирмачилар билан ҳукумат ўртасида қуролли можаро келиб чиққанида Туркия ҳукумати можаро ичида қолган месхети туркларга бошпана беришини маълум қилади ва 400 нафарга яқин месхети туркка бошпана беради. Қолаверса, Туркияга кўчиб борадиган месхети туркларга ҳам кўплаб имтиёзлар тақдим этилади.
Фарғона фожиаси
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида мустабид бир тузум бўлган СССР парчаланиб кетиш арафасига келиб қолади. Ана шундай вазиятда мамлакатни тарқаб кетишдан асраб қолишга кўзи етмаган СССР раҳбарияти турли ҳудудлар бўйлаб, турли миллатлар ўртасида қонли низолар уюштира бошлайди.
Кремлнинг «саъй-ҳаракатлари» билан:
Қирғизистонда ўзбек ва қирғизлар ўртасида;
Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоғида озарлар ва арманлар ўртасида;
Грузияда грузинлар ва абхазлар ҳамда грузинлар ва осетинлар ўртасида;
Молдовада, Днестрбўйида руслар ва молдаванлар, гагаузлар ва молдаванлар ўртасида можаролар бўлиб ўтади.
1989 йилда Фарғонада рўй берган ўзбеклар ва месхети турклар ўртасидаги можаро ҳам Кремль томонидан пухта ўйланган режа асосида уюштирилган эди.
Месхети туркларнинг катта бир қисми Ўзбекистонга олиб келиб жойлаштирилар экан, халқимиз ўша пайтда бу миллатга имкони борича ёрдам кўрсатган. Уруш, қийинчилик давр бўлишига қарамай, бир бурда нонини баҳам кўрган. Орадан йиллар ўтиб, Сталин вафотидан сўнг, 1956 йилда месхети турклардан айбловлар олиб ташланганда, бу миллатнинг борадиган жойи йўқ эди. Месхетия грузинлар томонидан эгаллаб олингани учун туркларнинг асосий қисми Ўзбекистонда яшаб қолди. Келиб чиқиши ва эътиқоди ўзбеклар билан бир бўлган бу миллат Ўзбекистонда она ватанида яшагандай яшайди. Маҳаллий аҳоли ва бу миллат орасида 1989 йилгача умуман можаро келиб чиқмаган.
1989 йилда содир бўлган фожиага расмий Москва турли сабабларни рўкач қилади. «Пивохонада чиққан жанжалдан бошланган», «Бозорда месхети турк ўзбек аёлини ҳақорат қилган» ва бошқа сабаблар кўрсатилади. Аммо кейинчалик барчасини Москванинг ўзи уюштиргани маълум бўлади.
Халқимизнинг севимли ёзувчиси, марҳум Тоҳир Малик ўзининг «Шайтанат» «Мурдалар гапирмайдилар» ва «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» номли асарларида Фарғонадаги можаронинг бошланишида Москванинг ҳиссаси қандай бўлганини қисман очиб берган. Шунингдек, кейинчалик СССР тарқаб кетиши ортидан нафақат Фарғонадаги, балки собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидаги бошқа можароларини ҳам расмий Москва уюштирганини исботловчи кўплаб далиллар юзага чиқади.
Ўшанда Фарғона вилоятида «месхети турк ўзбек қизини зўрлабди» ёки шунга ўхшаш ёлғон гапларни эшитган, Москвадан келиб 1–2 ўзбекни ўлдириб, туркларга ёпиштирилганини англаб етмаган маҳаллий аҳолига можаро Москвадан туриб бошқарилаётганини тушунтириш ва уларни тўхтатиш қийин эди. Шу сабабли зўравонликлар ҳам содир этилади. Тан олиш керак, ўша можароларда жабр чекканлар асосан месхети турклар бўлади. Чунки сон жиҳатидан оз бўлган турклар ҳеч қачон маҳаллий халққа бас кела олмасди.
Ваҳимали гаплар ортидан дарғазаб бўлган маҳаллий аҳоли қаерда месхети турклар яшайдиган хонадон бўлса бостириб кириб, уларга нисбатан турли зўравонликлар содир этади. Можарони тинчитиш учун Фарғонага Туркистон ҳарбий округига қарашли ҳарбий бўлинмалар ташланади.
Ушбу қонли можаро режаси Кремлда тузилганига яна бир исбот шуки, ўшангача СССРнинг турли ҳудудларида содир бўлган можароларни барчадан яшириб келган Москва, Фарғонадаги фожиани оммага кўрсатиш учун марказий телевидениедан бир нечта оператор ва мухбирдан иборат бутун бошли гуруҳни юборади. Мухбирлар ҳар куни «оловли нуқта»дан «ўзбекларнинг қонхўрлиги», «ўзбекларнинг зўравонлиги» ҳақида репортажлар узатишади ва улар марказий телевидение орқали кўрсатилиб турилади.
Фарғона фожиаси туркларнинг катта қисмини юртимиздан олиб чиқиб кетилиши билан тугади. Ўшанда Москвадаги марказий телевидение кўрсатган лавҳалардан фарқли равишда, хориж медиасига интервью берган месхети турклар ҳаммаси тушунарсиз тарзда бошлангани, бошида ўзбеклар билан можаро чиққанига ишонмаганлари ва бир-бирларидан «балки руслар билан можаро чиққандир» деб сўраганлари ҳақида гапирган. Ўша интервьюларда улар ўзбеклар билан аввал ҳеч қачон келишмовчилик юз бермагани, ўзбеклар ва турклар илдизан ҳамда эътиқод жиҳатдан яқинлиги, ҳатто қуда-анда бўлгани, шу учун ўзбекларнинг месхети туркларга қарши кўтарилганига ишонмаганини ҳикоя қилган.
Кейинчалик, Ўзбекистондан олиб чиқилган месхети турклар дунё бўйлаб тарқаб кетади. Уларнинг бир гуруҳи БМТ дастури бўйича АҚШга кўчирилади. Бир қисми Туркиядан бошпана топади. Яна бир қисми МДҲ мамлакатларида яшаб қолади. Бўлиб ўтган қонли можарога қарамай, уларнинг бир қисми «ватаним Ўзбекистон» деб мамлакатимизда яшаб қолади. Бугунги кунда улар юртимизда барча билан бир оила бўлиб, ўз уйида яшагандай яшаяпти.
Энг муҳими, бугун месхети туркларнинг аксарияти ўша қонли воқеаларни расмий Москва уюштирганини, ўзбеклар ва турклар эса вазият қурбони бўлганини билади. Шу учун ҳам бугун месхети турклар дунёнинг қаерида яшашидан қатъи назар, Ўзбекистонни ҳурмат ва соғинч билан тилга олади ҳамда «иккинчи ватанимиз» деб атайди. Буни ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларда месхети турклар Ўзбекистон шарафига ҳурмат билан ёзаётган битиклардан ҳам билса бўлади.
Ана шундай ёзувлардан бирини бугун Озарбойжонда яшаётган месхети турклардан бири ёзиб қолдирган:
«Месхети туркларни қувғин қилишганида онам олти ёшда бўлган. Улар икки ой юк вагонда, оғир шароитда йўл босган. Оиламиз Самарқанд яқинидаги қишлоққа тушган. Онамнинг айтишича, бошида улар роса қийналишган. Орадан бироз ўтиб, маҳаллий халқ туркларнинг сотқин эмаслигини, аксинча, ўз юртидан қувилган жафокаш халқ эканини тушуниб етган ва халқимизга муносабатини ўзгартирган. Айниқса 1956 йилда Хрушчёв бошлиқ ҳукумат Сталиннинг қримтатар, чечен, ингуш, месхети туркларни қувғин қилгани ноқонуний ва адолатсиз иш бўлганини тан олиб чиққанидан сўнг ўртадаги шубҳалар батамом тарқаган.
Шу тариқа халқимиз узоқ ўзбеклар билан ҳамжиҳатликда яшайди. Қуда-анда тутинади. Аммо 1989 йилда ўзбеклар билан бизнинг орамизга барибир фитна солишди. Шундан сўнг, бизни Ўзбекистондан олиб чиқишди ва Озарбойжонга келиб қолдик. Бугун биз ўша қонли воқеаларда Кремлнинг қўли бўлганини яхши биламиз ва тарих ҳам буни исботлаб бўлган».
Бир тарафдан қараганда, кимдир ёзганидай, «инсон қаерда қулай шароитда яшаса, ўша ер унга ватандир». Аммо бугун аксарият месхети турклар ватанини соғинади ва ҳанузгача халқаро ташкилотлардан тарихий ватани бўлган Месхетига қайтишда ёрдам сўрайди...
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга оид
20:17 / 31.05.2024
Аросатдаги Гуржистон: Европага интилиш тўхтаб қолдими?
10:15 / 31.10.2023
Исроил расмийлари ўз фуқароларини Кавказни тарк этишга чақирди
21:19 / 19.03.2023
«Узун пичоқлар кечаси». Ҳитлернинг мутлақ ҳокимият йўлидаги биринчи қонли «тозалаш» операцияси
13:27 / 14.03.2023