Жамият | 20:05 / 16.11.2020
22829
4 дақиқада ўқилади

Коллеж ва техникумларга қабул: битта ўринга нечта абитуриент тўғри келмоқда?

Янгича тизимдаги ўрта махсус таълимнинг илк йилида, Ўзбекистондаги 201 та коллеж ва 185 та техникумга жами 154 765 та квота ажратилган. Бу ўринлар учун талабгорлар сони 260 021 нафар. Бир ўрин учун конкурс 1,7га тенг. Ўқишга қабул қилинганларнинг 86 фоизи тўлов-контракт асосида ўқийди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Мелибоев жорий ўқув йилидан фаолияти йўлга қўйилаётган 725 та янги профессионал таълим муассасаларига қабул масаласида маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Касб-ҳунар мактаблари

Мелибоевга кўра, 2020/21 ўқув йили учун жами 339 та касб-ҳунар мактабларига 81 464 нафар 9-синфни тамомлаган мактаб битирувчилари қабул қилинган. Бу – жами битирувчиларнинг 16,7 фоизи демакдир.

«Уларнинг 5 275 нафари (6,5 %)ни эса ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оила фарзандлари ташкил қилади. Бугунги кунда Касб-ҳунар мактабларининг 311 тасида анъанавий, 28 тасида онлайн шаклда таълим жараёнлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, таълим жараёни онлайн шаклдан анъанавий шаклга босқичма-босқич ўтказилмоқда. Ўқувчилар умумтаълим фанларидан ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминланмоқда», – деди вазирлик вакили 16 ноябрь кунги матбуот анжуманида.

Коллежлар

Азиз Мелибоевга кўра, жорий ўқув йили учун 26 та вазирлик ва идоралар тизимидаги 201 та коллежга жами 81 325 нафар ўқувчини (шундан 12 762 нафари давлат гранти, 68 563 нафари тўлов-контракт асосида) қабул қилиш белгиланган. Жами 106 981 нафар абитуриентдан ариза келиб тушган.

«Тушган ҳужжатлар сонининг билим соҳалари кесимидаги улуши: «Таълим»да – 41,4 фоиз, «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда»да – 40,6 фоиз, «Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари»да – 7,4 фоиз, «Хизматлар»да – 5,6 фоиз, «Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ»да – 3,0 фоиз, «Қишлоқ хўжалиги»да – 1,8 фоиз, «Гуманитар фанлар ва санъат»да – 0,2 фоиз, «Фан»да – 0,03 фоиз», – деди у.

Техникумлар

Бошқарма бошлиғининг айтишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан жорий ўқув йилида 62 та ОТМ ҳузуридаги 185 та техникумга (шундан 47 таси тиббиёт йўналишидаги техникумлар) жами 73 440 нафар ўқувчини (шундан 9 199 нафари давлат гранти, 64 241 нафари тўлов-контракт асосида) қабул қилиш белгиланган. Жами 153 040 талабгордан онлайн тарзда ариза қабул қилинган.

«Жами тушган ҳужжатлар сонининг билим соҳалари кесимидаги улуши қуйидагича кўриниш олди: «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот»да – 67,2 фоиз, «Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари»да – 15,4 фоиз, «Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ»да – 7,5 фоиз, «Қишлоқ хўжалиги»да – 5,1 фоиз, «Хизматлар»да – 4,1 фоиз, «Таълим»да – 0,7 фоиз», – деди Мелибоев.

Бу йил коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари 20 ноябрдан 30 ноябрга (30 ноябрь куни ҳам) қадар ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш манзили ва графиги ҳали эълон қилинганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, коллеж ва техникумларда контракт нархи 3,9 – 4,2 миллион сўм оралиғида.

Мавзуга оид