Иқтисодиёт | 21:33 / 17.11.2020
103892
2 дақиқада ўқилади

Бюджет маблағлари энг кўп қайси вилоятда асоссиз сарфлангани маълум бўлди

Айрим маҳалий ҳокимликлар давлат ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қимматбаҳо автомашиналар харид қилаётгани, бюджет маблағларидан асоссиз фойдаланаётгани ҳақида хабарлар жиддий эътирозларга сабаб бўлаётгани бор гап.

Фото: Reuters

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокама қилинаётган 2020 йил 9 ойлик якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда ҳам бюджет интизомининг бузилиши ҳолатлари қайд этилган.

Kun.uz мухбири аниқлаган маълумотга кўра, бу борада Қашқадарё ва Андижон вилоятлари «етакчилик қилмоқда». Қуйидаги рўйхатда қайси вилоятда қанча бюджет маблағлари асоссиз ишлатилгани келтирилган.

  • Қашқадарёда – 14,1 миллиард сўм;
  • Андижонда – 12,8 миллиард сўм;
  • Фарғонада – 11,1 миллиард сўм;
  • Сурхондарёда – 10,6 миллиард сўм;
  • Наманганда – 9,9 миллиард сўм;
  • Жиззахда – 9,8 миллиард сўм;
  • Самарқандда – 9,2 миллиард сўм;
  • Тошкент вилоятида – 6,5 миллиард сўм;
  • Хоразмда – 4,2 миллиард сўм;
  • Тошкент шаҳрида – 9,8 миллиард сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикасида – 6,1 миллиард сўм.

Жумладан, Андижон вилояти Жалақудуқ туман Халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида малака тоифасига эга бўлмаган, малака тоифаси сертификати муддати тугаган ёки сунъий равишда ўзгартирилган ўқитувчиларга ортиқча 422,8 миллион сўм сарфланган.

Бухоро вилоятида соғликни сақлаш тизимидаги 12 та тиббиёт муассасаларида тез тиббий ёрдам ходимларига бюджетдан ва ҳомийлар ҳисобидан берилган бир марталик моддий ёрдам пулларининг ҳисоблаб тўланишида ходимларнинг ишлаётган ўрин бирликларига нисбатан моддий ёрдам пулларининг нотўғри ҳисоблаб тўланиши оқибатида жами 1 миллиард 108,4 миллион сўм бюджет маблағи асоссиз сарфланган.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туман ҳалқ таълим бўлимида 2020 йил январь-апрель ойларида лавозим маошларига 472,3 миллион сўм мукофот ва моддий ёрдам пуллари асоссиз қўшиб тўланган.

Олдинроқ 2020 йилнинг ортда қолган 9 ойида 129 миллиард сўмлик бюджет маблағларининг асоссиз сарфланиши ҳолатлари ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид