Ўзбекистон | 22:18 / 17.11.2020
25887
4 дақиқада ўқилади

Covid-19 койкаларида 6,5 мингдан ортиқ бемор даволанаётгани маълум қилинди. ССВ рақамлардаги фарқ юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистонда айни пайтда Covid-19’га чалинган беморларни даволаш учун ажратилган койка-ўринларнинг 38 фоизида беморлар даволанмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда 89та муассасада 17 минг 500та ўрин Covid-19 билан касалланганлар учун ажратилган бўлиб, ҳозирда ушбу ўринларда 6 570 нафар бемор даволанмоқда.

Бу маълумот тарқалиши ортидан сайтлар ва ижтимоий тармоқларда яна коронавирусга чалинганлар статистикасига оид рақамлар бўйича баҳс-мунозаралар бошланди. Гап шундаки, президент матбуот хизмати айни пайтда даволанаётганлар сони 6570 нафарлигини билдирган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шу кунга оид маълумотларида бу кўрсаткич 2123 киши деб кўрсатилган.

Kun.uz мухбири ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланди. 

– Чиндан ҳам рақамлардаги бу тафовут яна кўпчиликда шубҳалар туғилишига сабаб бўлди. Президент матбуот хизмати маълумотларида Ўзбекистон бўйлаб 89та даволаш профилактика муассасаларида COVID-19 касаллигини даволашга мўлжалланган 17,5 мингта ўринлар тайёрлангани, уларда 6570 нафар бемор даволанаётгани билдирилган. Бу тўғри маълумот. Кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлгани бизнинг ўша кунги статистик рақамларимизда 2123 бемор бор деб кўрсатилгани бўлди.

– Хўш, бунинг қандай изоҳи бор?
– Ҳаммаси жуда оддий ва бу борада бир неча марта изоҳ берганмиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фақат коронавирус инфекцияси лаборатор таҳлилларга асосан аниқланган беморларнигина статистикага киритади. 6570 нафар бемор даволанаётгани рост, аммо уларнинг 2123 нафаридагина бу вирус расман тасдиқланган.

Касаллик гумон қилинган ва айрим симптомлари мавжуд бўлиб, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар, табиийки, коронавирус билан боғлиқ умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди. Аммо юқумли касалликларга ихтисослашган ва юртимизнинг қатор ҳудудларида ташкил этилган Саралаш ва тақсимлаш марказларида бундай беморлар ҳам стационар шароитда даволанишлари учун зарур шароитлар муҳайё қилинган. Ҳозирда улар шундай масканларда даволанишмоқда.

– Тан олиш керакки, сўнгги пайтда расмий статистика кўпчиликни қизиқтирмай қўйди. Аммо уни ҳамон мунтазам эълон қилиб туришдан мақсад нима?
– ССВ расмий статистикани эълон қилишда қандайдир шов-шувга эришиш ёки ниманидир яширишни кўзламайди. Ҳар қандай эпидемия ёки пандемияда ЖССТ томонидан белгиланган кўрсаткичлар изчил ҳисобланиб борилиши керак. Бу жаҳон бўйича барча давлатлар амал қилувчи талаб, бусиз касалликка қарши курашда аниқ режа тузиб бўлмайди.

Энди қизиқиш сусайганига келсак, бу табиий. 8 ойдирки ҳар куни бу борадаги хабар кунига бир неча марта тарқатилмоқда. Бизнинг ўзимиз ҳам бу борадаги қизиқишни оширишдан манфаатдор эмасмиз, аммо касаллик ҳали буткул чекинмаганини билдириб туришимиз, белгиланган ҳисоб-китобларни олиб боришимиз шарт.

– Касаллик бўйича умумий вазиятни қандай баҳолайсиз, оғир фазадан ўтилдими?
– Албатта, бу борада олимларимиз аниқроқ маълумот берадилар. Аммо шуни айтиш мумкинки, назаримда, энг оғир даврдан ўта олдик ва касалликка қарши курашда катта тажриба тўпладик. Шу билан бирга, даволаш ҳамда профилактика бўйича моддий техник базамиз кенгайди, имкониятларимиз ошди. Истардикки, улардан яна фойдаланишга ҳожат бўлмасин, халқимиз соғ-саломат бўлсин, тезроқ бу бало чекинсин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид