Жамият | 23:02 / 17.11.2020
5863
3 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкентда аҳоли сайёр тиббий кўрикдан ўтказилмоқда

12 ноябрь куни тиббий профилактикага оид президент қарори қабул қилинган эди. Шу асосда айни кунларда Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани аҳолиси тиббий кўрикдан ўтмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Aҳолини текшириш тумандаги 19-оилавий поликлиника ходимлари томонидан эрталаб соат 8:00дан 14:00гача давом этмоқда.

Оилавий поликлиника ходимлари 14 ноябрдан буён уларга бириктирилган 7та маҳаллада юриб,  овоз кучайтиргичлар ёрдамида аҳолини кўрикдан ўтишга чақиряпти. 

19-оилавий поликлиника бош шифокори Мухаррам Дадахўжаеванинг сўзларига кўра, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 7та МФЙнинг ҳар бирида режа асосида тиббий пунктлар ташкил этилган.

«Тиббий кўрик давомида асосан 40 ёшдан ошган фуқароларни оилавий шифокорлар, тор соҳа мутахассислари ҳамда лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказяпмиз.

Бир неча йиллар давомида яширин ва яққол белгиларсиз кечиши мумкин бўлган қандли диабет, қалқонсимон бездаги ўзгаришлар, онкологик ва бошқа бир қатор касалликлар, беморларнинг мутахассисларга вақтида мурожаат қилмасликлари натижасида оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Бундай кўриклар эса касалликларнинг олдини олишга, уни ўз вақтида аниқлашга ҳамда керакли чораларни кўришга ёрдамлашади.

Ташкил этилган сайёр тиббий кўриклар давомида шифокорларимиз аҳолига соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиш, зарарли одатларнинг салбий оқибатлари, тўғри ва рационал овқатланиш юзасидан кенгроқ тушунча бермоқда. Бу аҳолининг тиббий саводхонлиги ҳамда тиббий маданиятини оширишга туртки бўлади», – деди Мухаррам Дадахўжаева.

У шифокорлар маҳаллаларга чиқиб кетса, оилавий поликлиниканинг ўзига келган беморларга қараш учун мутахассислар етишмовчилиги кузатилмаяптими, деган саволга жавоб бериб ўтди.

Бош шифокорнинг айтишича, поликлиникада 19 нафар оилавий шифокор бўлиб, уларнинг фақат 2 нафари сайёр кўрик учун чиқади. Қолгани ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, тор соҳа мутахассислари поликлиникада 2 нафардан бўлиб, улардан бири ҳам шифохонада қолади.

Таъкидлаш жоиз, сайёр тиббий кўрик вақти фуқароларнинг иш соатларига тўғри келмоқда. Натижада аҳолининг катта қисми тиббий кўрикка келолмаслиги мумкин. Бу каби таклифлар ўрганилиб, сайёр тиббий кўрик график-режаси қайта кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид