Жамият | 10:19 / 17.11.2020
29470
11 дақиқада ўқилади

Йўловчи ташишга рухсат йўқ, рухсати бор маршрут ҳам йўқ, одамлар эса сарсон. Самарқанддаги жиддий муаммо ҳақида

Ўнлаб одам сиғадиган автобусларда ҳам йўловчи ташиш давом этаётган бир пайтда айнан «Дамас»га рухсат йўқлиги чекка ҳудудларда йўловчилар учун муаммо устига муаммо туғдирмоқда.

Яқинда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида шунақа рейд бўлдики, ундан бехабар одам қолмади ҳисоб. Ахир куппа-кундузи бозорга одам ташиётган машиналарни кўчани тўсиб тўхтатишса ва уларни сал кам 5 миллион сўмдан жаримага тортишса, тумандаги бозорга чиққан ҳар бир одам бундан хабар топади-да!

Йўқ, бу муболаға эмас, 2020 йилда, Илон Маскнинг космик кемалари коинотга «кира қилаётган» вақтда Тойлоқда одамларни бозорга олиб бориб, рўзғор тебратаётган киракашларнинг йўлини тўсиб (!), карантинда силласи қуриган оилаларга фалон миллиондан жарима қўллашмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: ўша киракаш ҳафтада икки кун бозорга одам ташиб, рўзғорининг тешигини ямасинми, кимдир коронавирус юқтирган бўлса, унга дори ташисинми, молига отнинг калласидай қимматлаган ем олсинми, «ўта сезувчан» янги АСКУЭ ҳисоблаган светнинг қарзини тўласинми ёки қайсидир кабинетда ўтириб буйруқ берган раҳбарнинг касрига йиққан-терганини жаримага атасинми?

Ўша киракашларнинг йўлини тўсиб, жаримага солишни буюрган катта карантин одамларнинг белини букиб қўйганини, қассобхоналарда одамлар граммлаб гўшт олишга ўтганини, март ойидан буён миллионлаб ўзбекларнинг дарди қандай қилиб бўлса ҳам кунини ўтказиш бўлиб қолганини билармикин?

Аслида лицензиясиз йўловчи ташиш барча вилоятларда «гуллаб-яшнаган». Ҳамма шаҳарда рухсатномасиз йўналишсиз таксилар кўчаларни тўлдириб юради. Табиийки, уларнинг хизматидан кўпчилик фойдаланади. Афсуски, бу муаммонинг илдиз отишига сабаб бўлган омиллар, ҳайдовчилар нима сабабдан ноқонуний йўловчи ташиётгани ўрганилмаган кўринади. Самарқанд вилояти мисолида муаммони кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Вилоятда транспорт бошқармаси ходимлари томонидан сўнгги 10 ойда 2 864та ноқонуний йўловчи ташиш ҳолати аниқланиб, судларга юборилган. Фақат аниқланган ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатлари соники минглаб экан, қанча одам рухсатсиз бу фаолият билан шуғулланишини тасаввур қилиб кўринг. Мутахассислар Самарқандда ноқонуний йўловчи ташувчилар сони 3000та атрофида деб баҳоламоқда.

Йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида вилоят транспорт бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан 718 марта қўшма рейдлар ўтказилган. Айнан ноқонуний йўловчи ташиш масаласида. Шунга қарамай, муаммо йўқолмаган. Демак, фақат рухсатсиз йўловчи ташиётганларни ушлаш ва жарима қилиш билан иш битмаётган, уларнинг сони камаймаётган экан, муаммо тизимнинг ўзида эмасмикин?

Йўловчи ташиш, умуман, транспорт тизимида ҳайдовчилар учун қандайдир ноқулайлик борки, улар «айланма йўллар»дан юришга мажбур. Ҳар ҳолда, минглаб ҳамюртларимизни қонунни бузишга мойил дейишга тил бормайди.

Айнан ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилардан бири ана шу ноқулайлик ҳақида сўзлаб берди. Дарвоқе, тегишли рухсат асосида фаолият юритаётган қатор ҳайдовчилар ҳам худди шу муаммолар ҳақида айтмоқда.

Ўн сониялик техник ва тиббий кўрик

Бу муаммоларнинг энг асосийси (кулгили дейиш ҳам мумкин) ҳайдовчиларнинг ҳар куни албатта машинани техник кўрикдан ўтказиши ва ўзи ҳам тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ.

Айтайлик, битта йўловчи ташиш корхонасида 60 нафар такси ҳайдовчиси бор. Энди ўйлаб кўринг, бу ҳайдовчиларнинг ҳар бири техник ва тиббий кўрик учун бор ана, 10 дақиқадан сарфласа, 10 соат вақт шу жараённинг ўзига кетиб қоладими? Ҳайдовчида ишлаш учун қанча вақт қолади?

Шундай экан, ҳайдовчи кўрикдан ўтганликни тасдиқловчи кунлик йўлланмани олишнинг бошқа йўлларини излай бошлайди. Дарвоқе, аксарият такси ҳайдовчиларининг йўловчилар билан бирга йўл-йўлакай корхона базасига кириб, «кўрикдан ўтиб» чиққанига кўп гувоҳ бўламиз. Қизиқ, ҳайдовчи бир неча сонияда қандай қилиб тиббий кўрикдан ўтиб, машинасини ҳам техник кўрикдан ўтказиши мумкин? Умуман, кўриб турганингиздек, ҳар куни кўрикдан ўтишнинг мутлақо иложи йўқ, имкони бўлса ишлашга вақт қолмас экан, бу масхарабозликдан кимга қандай наф бор?

Иккинчи муаммо шуки, қонуний такси фаолиятини юритиш учун ҳайдовчи йўловчи ташиш корхоналарига йиллик лицензияга 3 миллион сўмгача тўлов қилади. Бундан ташқари, шаҳарда ҳайдовчи кунлик 40-45 минг сўм «путёвка» учун (йўловчи ташишга кунлик рухсатнома) тўлайди. Бирор сабаб билан ишга чиқмаган кунларида ҳам ҳайдовчи ўша «авлиё» рухсатнома учун тўлов қилишни давом эттиради.

Баъзи туманларда лицензия билан ҳаракатланадиган «Дамас»лар ҳам кунига 40-45 мингдан «путёвка» учун тўлайди. Бу тўловларни қабул қилаётган корхона эса ҳайдовчи учун ҳеч нарса қилиб бермайди: на машинасига эҳтиёт қисм беради, на текин хизмат кўрсатади ва на ёқилғи қуйиб беради. Қонуний ишлашнинг мана шундай харажатлари ва ортиқча, ҳеч қаерда йўқ кунлик бошоғриқлари рухсатсиз такси фаолияти авж олишига сабаб бўлмаётганмикан?

Гап қуруқ бўлмаслиги учун Самарқанд шаҳрининг Даҳбед ва Рўдакий кўчалари кесишган қисмини олайлик. Бу ҳудудда Иштихон, Пайариқ, Оқдарё ва Қўшработ туманларига қатновчи юзлаб рухсатсиз таксиларни кўриш мумкин. Агар рейд ўтказилаётгани ҳақида хабар тарқалса, бу кўча бир зумда бўшаб қолади. Йўловчилар эса манзилга етолмайди. Биринчидан, қонуний ишлашдан кўпчилик қочишини ва унинг сабаблари юқорида айтилди. Иккинчидан эса, мазкур йўналишларда қонуний такси йўналишларининг ўзи йўқ.

Мисол учун, Қўшработ туманига ҳозирда расман бирорта ҳам қонуний такси қатнамайди. Очилганига анча бўлган иккита йўловчи ташиш корхонасининг ҳам машиналари бу йўналишда кўринмайди. Ушбу материал қораланаётган вақтда Қўшработдан мурожаат келиб қолди, қуйида ушбу мурожаат айнан келтирилади: «Маҳалламиз туман марказидан 18-20 км узоқда жойлашган. Таксилар йўл ҳақи 8 минг сўм, хоҳласанг шу деб туради. Одам кўп бўлиб кетса, 10 минг сўмга чиқариб олишади, инсоф ҳам керак. Масъуллар қизиқиб кўришса бўларди».

Туманларда эса вазият чиндан абгор. Сўнгги йигирма йилда туманларда асосан «Дамас»дан фойдаланилади. Бу тармоқда ҳам лицензия олишнинг маълум талаблари ва йиллик, кунлик тўловлари бор. Аммо нисбатан йўловчи кам бўлган аксарият ҳудудларда қонуний йўналишнинг ўзи йўқ. Масалан, сиз туман марказидан қайсидир қишлоққа рухсатнома асосида фаолият юритмоқчи бўлсангиз, аввало, худди шу йўналиш бўйича йўловчи ташиш корхонасидан лицензия олишингиз керак. Аммо бу йўналишда бундай корхонанинг ўзи йўқ. Ана шу тарзда аксарият туманларда ўз ўзидан барча «Дамас»лар ноқонунийга чиқиб қолмоқда.

Мисол келтирамиз: кўпчилик туманларда бўлгани каби Тойлоқда ҳам туман марказидан маҳаллага элтувчи йўловчи ташиш йўналишлари йўқ. Жамоат транспорти қатнови ҳам мавжуд эмас. Чунки юқорида айтилганидек, кичик йўналишларда йўловчи сони кам бўлади. Кўпчилик ҳафтада бир ё икки кун бозорга чиқади, холос. Оқибатда бу йўлларда расмий ишламоқчи бўлган транспорт эгалари йўловчи ташиш корхоналари сўрайдиган ойлик тўловларни етказа олмайди. Дунёнинг ҳеч қаерида учрамайдиган кунлик техник, тиббий кўриклар туманлар учун ҳам бор камига...

Оқибатда бозор бўладиган кунлари кўчага чиқадиган фуқаролар кўчадан ўтадиган шахсий автомобилларга қўл кўтаришга, қайсидир «Дамас» эгаси билан оғзаки келишув қилишга мажбур.

Бироқ, ҳафтанинг бозор бўладиган кунлари Тойлоқда тез-тез бир манзарага дуч келасиз: ўзини транспорт бошқармаси вакиллари деб таништирган ходимлар иштирокидаги гуруҳ «Дамас» ва бошқа енгил автомашиналарни тўхтатиб, йўловчи ташиётган ёки йўқлигига қизиқади. Шу сабабли туман марказидан маҳаллаларга қатнайдиган машиналар тезда тумтарақай бўлади ва йўловчилар аро йўлда қолиб, жабр чекади.

Албатта, ноқонуний йўловчи ташиш нотўғри. Аммо қонунийсининг ўзи бўлмасачи? Одамлар учиб юрсинми? Ахир ҳамманинг ҳам машинаси бўлмаса. Фикримизча, таъқиб қилаётганлар ва жаримага тортаётганлар аввал қонуний йўналишларни очиб қўйиши керак. Таъқиб ва жарималар каби осон йўллар муаммонинг ечими эмас.

Мамлакатимизда йўловчи ташишнинг бу каби муаммоларига ечим сифатида жисмоний шахсларга йўловчи ташишга рухсат берилиши кутилаётганди. Аммо узоқ йиллардан бери кутилаётган бу амалиётга барибир рухсат берилмади. Холбуки, бу президентнинг яширин иқтисодиётни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларига жуда мос эди.

Дарвоқе, сўнгги йилларда бир қатор туманларда йўлга қўйилган автобус қатновлари маълум муддат ўтиб яна тўхтаб қолган ҳолатлар ҳам кам эмас. Бунинг сабаби яна йўловчилар ноқонуний таксилардан ортмаётгани билан боғланмоқда. Йўловчи ташишнинг қонуний йўлига эса анча-мунча ҳайдовчи рози бўлмайди. Фақат рейд ўтказиладиган кунларда рухсатсиз фаолият кўрсатувчилар кўчага чиқмайди ва бу эса юқорида айтилганидек, аҳолининг манзилига ета олмаслигига сабаб бўлмоқда.

Хуллас, эндиги масала шу: мутасаддилар транспорт хизматидаги муаммолар ва уларнинг сабабини, минглаб ҳайдовчилар ноқонуний йўловчи ташишни танлаётгани сабабларини ўрганишлари лозим. Чунки сабабни ўрганмай оқибатлар билан курашиб бўлмайди. Ахир, мақсад фақат қоидабузарларни аниқлаш ва жаримага тортиш эмас-ку!

Яна бир гап. Вилоят транспорт бошқармасига кўра, коронавирусга қарши кураш республика Махсус комиссияси қарори билан «Дамас»да йўловчи ташишга бўлган вақтинчалик тақиқ ҳали ҳам ўз кучида. Фақат баъзи вилоятларда ҳоким қарори билан бунга рухсат берилган. Бошқа барча транспортда, жумладан, 40 кишилик автобусларда ҳам йўловчи ташиш давом этаётган бир пайтда айнан «Дамас»га рухсат йўқлиги йўловчилар учун муаммо устига муаммо туғдирмоқда.

Хулоса ўрнида икки оғиз. Дўстлар, бир нарсани унутмайлик, ривожланишга жамоат транспортисиз эришиб бўлмайди. Агар одамларимиз фалон вақтдан фалон вақтгача уйига олиб борадиган ва нархи аниқ белгиланган маршрути бўлишини билса, ишхонада бемалол ишлайди, кеч қолиб кетса, шеригидан қарз олишга мажбур бўлмайди, охир-оқибат ой бошида йўлкирага деб ажратган пули кейинги ойликкача етади, иш унумдорлиги ошади. Мўлжалидан ортиқ харажат қилмаган фуқаронинг бири икки бўлади. Фуқаронинг бойиши эса Ватаннинг бойишидир.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид