Жаҳон | 19:25 / 18.11.2020
28321
8 дақиқада ўқилади

Байден даври АҚШ–Россия муносабатларига қандай таъсир қилиши мумкин?

АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловлари бутун дунёда бўлгани каби Россия Федерациясида ҳам катта қизиқиш билан муҳокама қилинмоқда. Бунга нафақат АҚШнинг жаҳон сиёсатида тутган ўрни, балки 2014 йилдан бери АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бораётгани ҳам катта таъсир кўрсатмоқда.

Қолаверса, Кремль сайловларда ғалаба қозонгани деярли аниқ бўлган Жо Байденни табриклашга шошилмаяпти. Владимир Путин сайлов натижалари расмий эълон қилинишини кутмоқда. Ҳолбуки, бундан тўрт йил олдин худди шундай вазиятда Кремль Доналд Трампни табриклашга ошиққанди. Афтидан, Москва Жо Байденни эрта табриклашда бирор-бир наф кўрмаяпти ва икки давлат орасидаги алоқалар келажагига кўп ҳам умид боғламаяпти.

Сўнгги бир неча ойдан бери россияликлар Байден ёки Трампнинг қайси бири ўз нуқтайи назарларига кўра яхшироқ президент бўлиши борасида фикр билдиришмоқда. Жавобни ҳам рус мақоли билан беришяпти: «Ёввойи турп оқ турпдан ширин эмас».

Бунинг сабаби шундаки, СССР қулаганидан бери муносабатлар энг паст даражада сақланиб қолди ва Доналд Трамп даврида ҳам олдинга силжиш кузатилмади. Бошқача қилиб айтганда, Россия жамоатчилиги Россияга нисбатан кескин муносабатда бўлган демократлар номзоди Байденнинг сайловларда ғалаба қозониши муносабатларни бузмайди, деган фикрни билдирмоқда. Чунки русларнинг фикрича, икки ўртада бузиладиган нарсанинг ўзи қолмаган.

Трампнинг «мерос»и

Байден президентлиги даврида АҚШ-Россия муносабатларининг кун тартибида туриши мумкин бўлган масалаларга тўхталишдан аввал Трамп давридан қолаётган «мерос»га назар ташлаш лозим.

Барак Обамадан кейин Трампнинг ҳокимият тепасига келиши жуда илиқ кутиб олинган ва муносабатлар илиқлашиши тахмин қилинганди. Бунга эса Трампнинг сайловолди баёнотларида Россия билан муносабатларни яхшилаш борасида билдирган фикрлари сабаб бўлганди. Бироқ у ҳокимият тепасига келган пайтдан эътиборан демократлар Трампни «Россиянинг одами» сифатида, Россияни эса АҚШ сайловларига аралашишда айблади. Трамп эса тўрт йил давомида ушбу айбловларни йўққа чиқариш учун анча ҳаракат қилди ва Россия билан муносабатларни тиклаш йўлида деярли бир қадам ҳам олдинга ташламади. Аксинча, 2016 йил икки мамлакат ўзаро дипломатлар сонини уч бараварга камайтирди. 2017 йил Россия ҳам АҚШ санкция киритувчи Эрон ва Шимолий Корея каби мамлакатлар рўйхатидан ўрин олди. 2018 йил сиёсатчилар ва ишбилармонларнинг «қора рўйхат»лари эълон қилинди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига эса чекловлар ўрнатилди...

АҚШнинг ўрта масофадаги ядровий кучлар тўғрисидаги битимдан чиқиши ҳам нафақат икки томонлама муносабатларни совуқлаштирувчи, балки дунёдаги умумий вазиятни кескинлаштирувчи воқеалардан бири бўлди. Шу сабабли, Трамп даври АҚШ-Россия муносабатлари нуқтайи назаридан Обама давридагидан унчалик фарқ қилмади. Бироқ Трампнинг «Америка биринчи» шиори доирасида НАТО ва Европа Иттифоқи билан ўз алоқаларини сусайтиргани, шунингдек, кўплаб халқаро масалаларда, хусусан, Сурияда фаол сиёсат олиб бормагани Москванинг ҳаракат доирасини кенгайтирди ва уни кўплаб минтақаларда кучли ўйинчига айлантирди.

Байден даврида АҚШ-Россия муносабатлари қандай бўлади?

Аввало, шуни айтиш керакки, Байден Россияни жуда яхши билади. У 1979 йилда Жимми Картер ва совет иттифоқи раҳбари Леонид Брежнев ўртасидаги музокараларда қатнашган ва томонлар ўртасида қуролсизланиш тўғрисидаги битим имзоланишига ҳаракат қилган. Яъни кейинги тўрт йил ичида АҚШнинг бошида СССР давридан бери сиёсат билан шуғулланиб келаётган давлат арбоби туради.

Албатта, АҚШ ташқи сиёсатини Байденнинг ўзигина белгиламайди – ташқи сиёсатда АҚШнинг анъанавий давлат муассасалари ва олдинги республикачи ҳукумат жамоаси, Трампнинг Россия билан муносабатларни ривожлантиришига тўсқинлик қилганлар ҳам сўз ҳаққига эга бўлади.

Афтидан, АҚШ Россияга нисбатан 2014 йилдан бошлаб қўлланаётган санкцияларни давом эттирадиган кўринади. Бироқ Россия, Хитой ва Эрон каби давлатларга нисбатан қўлланган санкциялар ҳеч қандай натижа бермагани ҳам аён ҳақиқат. Бундан ташқари, йиллар давомида санкциялар юки остида қолган мамлакатлар санкциялар билан яшашни ҳам ўрганди. Яъни АҚШнинг бу амалиёти Россия мисолида ҳеч қандай натижа бермайди, деб айтиш мумкин.

Трампдан фарқли ўлароқ, Байден НАТОни кучайтиришни, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни, ҳаттоки Россия ва Хитойга қарши энергетика, сиёсат, иқтисодиёт соҳаларида Ғарбни ўз томонига оғдиришни хоҳламоқда. Байден Россиянинг чегарасида НАТОнинг мавжудлигини таъкидлаб қўйиш ниятида. Бу эса Россияни ташвишлантирувчи энг нохуш вазиятдир. Бироқ шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Москва, айниқса, сўнгги йилларда АҚШ томонидан пассив ташқи сиёсат олиб борилишидан унумли фойдаланиб қолди ва Марказий Осиёда ҳам, Кавказда ҳам, Яқин Шарқда ҳам ўз таъсир доирасини кенгайтириб олди. Вашингтоннинг бу вазиятни ўзгартириши энди осон кечмаслиги аниқ.

Бундан ташқари, АҚШнинг аввалги демократик президентларидан фарқли ўлароқ, Байден «демократия ва инсон ҳуқуқларини ёйишдай имкон»дан маҳрум. Чунки АҚШ ва Ғарб томонидан демократия «экспорт» қилинган мамлакатларда сайлов ғолиблари майдонларда белгиланмоқда. Терроризмга қарши курашадиган минтақалар ҳам террор марказига айланиб қолган. Тоғли Қорабоғдаги уруш ҳам тасдиқлаганидек, Ғарбнинг қўллаб-қувватлашига таяниб иш кўрган кўплаб мамлакатлар, хусусан, Арманистон, энди ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишлари

Байден гарчи НАТО фаолиятини кучайтиришни хоҳлаётган, «Биринчи навбатда АҚШ манфаатлари» шиоридан воз кечиб, хавфсизлик масалаларида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни қайта тиклашни режалаштираётган бўлса-да, унинг даврида икки томонлама муносабатлар нуқтайи назаридан ижобий натижалар ҳам кузатилиши мумкин.

Аввало, демократлар қуролсизланиш ва ядровий қуролларни блокировка қилиш бўйича эски келишувларни тиклашни истайдилар. Бу эса АҚШ ва Россия ўртасидаги музокараларни қайта тиклаш учун замин ҳозирлайди.

Байден Россия учун муаммоли бўлган Украина масаласига ҳам аралашмайди. Бунинг сабаби эса Байденнинг 2014 йил Украинага ташрифидан сўнг ўғли Ҳантер Байден Украинадаги «Burisma Holdings» компанияси директорлар кенгашидан ўрин олгани ва бу компанияни текшираётган бош прокурорни Украина ҳукуматига босим ўтказиш орқали ишдан бўшатиб юборгани ҳақидаги маълумотлардир. Янги даврда Байденнинг Украина маъмуриятини қўллаб-қувватлаши бу можароли масала яна «гуллаши»га сабаб бўлиши мумкин.

Бошқача қилиб айтганда, Трампнинг Россияга яқинлашиши қанчалик қораланган бўлса, Байденнинг Украинага «ўнг кўз билан қараши» ҳам кескин муҳокамаларни келтириб чиқариши мумкин.

НАТОни мустаҳкамлаш режаси

Байден ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Россия эмас, Хитой АҚШнинг диққат марказида бўлиши мумкин. Чунки айни замонда Хитой АҚШ учун кўпроқ хавф туғдирмоқда. Шу боис Байден маъмурияти Обама даврида АҚШ билан Осиё-Тинч океани минтақасининг 11 мамлакати ўртасида имзоланган, бироқ Трамп даврида бекор қилинган битимга қайтиши кутилмоқда.

Худди Россия масаласи каби Байден Хитой масаласида ҳам Европа Иттифоқини ўз томонига оғдириши ва ҳаттоки Хитой ва Россиянинг бирга ҳаракатланишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Байденнинг НАТОни кучайтириши ва уни қайтадан фаол ҳолга келтириш истаги, шубҳасиз, Туркиянинг АҚШ наздидаги аҳамиятини оширади. Қолаверса, АҚШ Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Кавказда Трамп давридагига нисбатан кучлироқ таъсирга эга бўлишни хоҳлайди. Бу ўз навбатида АҚШдан Анқара билан алоқаларни мустаҳкамлашни талаб қилади. Бу эса Анқара-Москва муносабатларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Хулоса ўрнида

АҚШ-Россия муносабатлари Байденнинг сиёсати билангина ўзгариб қолмайди. Яъни унинг Европа Иттифоқи, Хитой, Туркия каби минтақавий кучларни ўз ичига олувчи муносабатлари Кремлга муаммо туғдириши мумкин.

Oтабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид