«Буни бир кўриб чиқишимиз керак» — Тошкент шаҳар ҳокими волонтёрлар фаолиятига шубҳа билдирди
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фикрича, Тошкентда волонтёрлар «ҳаддан ташқари кўпайиб кетяпти». Пойтахт ҳокими охирги пайтларда волонтёрлар фаолиятига шубҳа билан қараётганини айтиб, бу масалани кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 17 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида ёшлар билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги видеохабар берган.
Учрашувда ёшлардан бири Волонтёрлар ассоциацияси ёки федерацияси очилса, Ўзбекистондаги барча волонтёрларнинг бир жойда жамланиб ишлашига имконият яратилиши ҳақида фикр билдирган. Бунга жавобан ҳоким волонтёрлик хизматларига шубҳа билан қарашини таъкидлаб ўтган.
«Товар, пул олиш, Payme'дан пул ўтказиб бериш, кимнингдир нимасига олиб бориб бериш... Ҳаддан ташқари кўпайиб кетяпти волонтёрлар. Битта нарсани тўғри тушунинглар, сал шубҳага боряпман-да охирги пайтда.
Бу волонтёрлик касбми, ё ҳақиқатда ёрдам беришми, ё бундан даромад олишми, шунинг фарқига боролмаяпман. Тушунтира олдимми? Ўзи волонтёр тушунчаси нима дегани? Кўнгилли ишчи. Лекин мен бирор волонтёр уйда ётган қариянинг оёғига тоғора тутиб, совунлаб ювиб қўйганини кўрмадим. Уйда ётган аёлларнинг сочини тараб қўйинг, сочини ювиб қўйинг, дейиш мумкин аёл-қиз волонтёрларга. Ҳеч шуни кўрганим йўқ-да.
Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб бориб ташлаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак. Волонтёрлик хизматлари бўйича ҳам ўзи бир кўриб чиқиб, чуқур ўйлашимиз керак. Бу енгил ўйлаб ўтирадиган нарса эмас», – деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Қайд этиш жоиз, пандемия Ўзбекистондаги волонтёрлик ривожига туртки бўлиб, соҳани қўллаб-қувватлаш зарурати борлигини кўрсатиб берганди.
Карантин даврида кўплаб жамоатчилик фаоллари эҳтиёжманд оилаларга беғараз кўмак кўрсатгани, хайрия қилмоқчи бўлган тадбиркорлар ва муҳтож инсонлар ўртасида боғловчи кўприк бўлгани диққатга сазовор.
Ижтимоий тармоқларда ёйилган хайрия акциялари билан бирга, расман ташкил этилган Ягона мувофиқлаштирувчи марказ, «Хавфсиз ёрдам» акцияси, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларини амалга оширишда ҳам волонтёрлар гуруҳлари марказий ўрин тутди.
Президент Шавкат Мирзиёев баҳор ойларида кўнгилли бўлиб волонтёрлик ҳаракатида қатнашаётган фидойи ёшларга миннатдорчилик билдирган эди.
Август ойида бир гуруҳ ташаббускор ва фаол фуқаролар президент фармони асосида «Меҳр-саховат» кўкрак нишони, икки фуқаро эса «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг волонтёрлар фаолиятини тафтиш қилиш кераклигини айтиши ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди.
Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов Тошкентда волонтёрлардан бошқа ўрганиш керак бўлган масалалар кўплигини айтди.
«Тегилмаган шу волонтёрлар қолганди. Бу ёшларга мотивация эмас, қўлига бир урадиган тадбир бўлибди. Ваҳоланки, пандемия даврида барча ёшлар бирлашди, Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлди. Ўша пайтда ёрдамга муҳтож бўлиб, уйда ётган айрим қарияларга оёғини тоғорага сув солиб, совун билан ювиш эмас, балки сумкада ташилган егуликлар керак эди. Энди уларни ўрганиш керакмиш. Улар даромад оляптими ёки кўнгилли ёрдамчиларми, шуни ўрганиш керакмиш. Ўрганиш эмас, раҳмат дейиш керак. Ўрганиш керак бўлса, Тошкентда масала кўп», – дея ёзди Алламжонов.
Унинг фикрларини қўллаб-қувватлаган иқтисодчи Отабек Бакиров кўнгиллиларни эмас, балки манфаатлар тўқнашуви кузатилаётган ҳолатларни текшириш кераклигига урғу берди.
«Агар текшириш ва ўрганиш лозим бўлса, қаерда давлатники, қаерда тадбиркорники ажратиб бўлмай қолган, қабул қилинаётган қарорларда манфаатлар тўқнашуви йўқ нуқтанинг ўзи қолмаган, ҳокимликнинг ваколатлари аффилланган бизнес манфаатлар йўлида реализация қилинаётган ҳокимнинг фаолияти текширилиши лозим», – дейди Отабек Бакиров.
Журналист Хуршид Далиев мавзуга муносабат билдириб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бизнес империясини ўрганишга чақирди.
«Қарияларнинг оёғини ювадиган волонтёр камерага тушмасдан қилган шу ишни. Сочини тараб қўйиш тугул ўлигини кўмган волонтёрларни танийман.
Тошкент шаҳар ҳокими волонтёрларни ўрганиш керак деган фикрни илгари сургани ошиб тушибди.
Келинглар, Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳокимлик фаолиятини, бизнес империясини ўрганайлик.
Ҳокимнинг кўнглида волонтёрлар фаолиятига шубҳа бўлганидек, бизда ҳам уларнинг фаолиятига шубҳа бор», – дея ёзган Хуршид Далиев.
Ўтган йили қабул қилинган «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга кўра, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали ихтиёрий фаолиятдир.
Мавзуга оид
17:42 / 04.12.2024
«Пахтакор» бюджети 100 миллиарддан ошади». Ортиқхўжаев қониқарсиз натижа, янги мураббий, Черан ва режалар ҳақида
12:00 / 04.12.2024
«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди
20:36 / 02.03.2024
«Пулни ўзи сизни қувсин». Жаҳонгир Ортиқхўжаев Суперлига стартидан олдин «Пахтакор» жамоаси билан учрашди
17:29 / 08.02.2024