«Ногиронлик – биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари масаласи» — Зироат Мирзиёева инклюзив таълимга эътиборни оширишга чақирди
«Замин» халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева болалар таълимига бағишлаб ўтказилган халқаро веб-форумда нутқ сўзлади.
«Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи: пандемия давридаги долзарблик, бардавомлик ва инновациялар» мавзусидаги форум «Замин» фонди ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида, 20 ноябр – Жаҳон болалар куни арафасида ташкил этилди.
Зироат Мирзиёева ўз нутқида ногиронлиги бўлган болалар таълими ачинарли аҳволда қолаётганини қайд этди.
«ЮНЕСКО маълумотларига кўра, пандемия туфайли ҳанузгача дунёдаги мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми анъанавий таълим олиш имкониятига қайта олмаяпти. Бу жуда ачинарли албатта. Ушбу муаммо онлайн ўқув курслари орқали қисман ҳал қилинишига эришиляпти. Лекин ногиронлиги бўлган болалар таълими масаласи ҳанузгача жуда ачинарли аҳволда қолмоқда.
Бугун фурсатдан фойдаланиб, ушбу болаларга ҳам бошқа болалар каби тенг имконият ва шароит яратиш, уларнинг барча ҳуқуқларини таъминлаш ўта муҳим масала эканини таъкидламоқчиман. Ва нафақат давлат идораси мутассадилари, балки бутун жамоатчиликни мазкур масалага жиддий масъулият билан қарашга чақириб қоламан.
Чунки ҳар бир боланинг ўзлиги бор. Болалар ҳар хил бўлганлиги билан уларнинг ҳуқуқлари тенг бўлиши лозим. Шу сабабли таълим жараёнларида ҳар бир бола учун индивидуал ёндашувни топиш, ҳеч бир ўғил ва қизни эътибордан четда қолдирмаслик зарур», – деди у.
Фонд раиси ногиронлик тиббий масала эмас, биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари масаласи эканини таъкидлади.
«Ўтган даврда бу соҳада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди, ўнлаб қонунлар қабул қилинди. Республикамиз БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилди ва унинг ратификация қилиниши илк халқаро ҳужжатлардан бири бўлди.
Шу йилнинг 23 сентябр куни қабул қилинган янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунга илк бора «инклюзив таълим» тушунчаси киритилди. Шунингдек, «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунда илк бор «ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик» тамойили киритилди.
Ногиронлик эндиликда тиббий масала эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари масаласи дея қонуний эътироф этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан холи ва инклюзив муҳитни яратиш орқали уларнинг тўлиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш – бола ҳуқуқларини амалга оширишнинг самарали йўлларидан биридир», – деди Зироат Мирзиёева.
«Замин» фонди раҳбари ногиронлиги бўлган болаларнинг барча билан тенг бўлиши ва ўз ўринларини топиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш фонднинг асосий мақсадларидан бири эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, фонд эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиққан ва унинг асосида «Zamin Education», «Инклюзив таълимни қўллаш» лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Зироат Мирзиёева ўз сўзида Жаҳон болалар куни арафасида бу каби халқаро форумни ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.
«Жаҳон болалар куни муносабати билан, дунёдаги барча болалар ва уларнинг ҳуқуқларига ҳурмат изҳор этиш мақсадида бугун соат 18:00дан бошлаб Ўзбекистондаги тарихий ва замонавий бинолар мовий рангда ёритилади. Бу – болаларимизга ўз меҳримизни яна бир бор изҳор қилишимизнинг ифодасидир», – деди «Замин» халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси.
Мавзуга оид
20:07 / 03.12.2024
“Қарор қабул қилишда ногиронлиги бор шахслар ҳам иштирок этиши шарт” – Ўзбекистонда ногиронлик муаммолари ҳақида
11:47 / 03.12.2024
BBC ўзбекистонлик тадбиркор — Дилором Йўлдошевани «дунё бўйлаб илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл» рўйхатига киритди
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
07:52 / 13.11.2024