Жаҳон | 00:00 / 19.11.2020
3551
1 дақиқада ўқилади

Таиландда коронавирус сабабли киритилган фавқулодда ҳолат яна 2 ойга узайтирилди 

Таиланд ҳукумати коронавирус сабабли март ойида киритилган умуммиллий фавқулодда ҳолат режимини Янги йил байрамлари арафасида 2021 йил 15 январгача узайтиришга қарор қилди. 

Фото: Jorge Silva / Reuters

Бу борадаги қарор бош вазир Прают Чан-Оча раислигидаги ишчи гуруҳ йиғилишида қабул қилинган.

Таиланд вазирлар маҳкамаси ушбу қарорни келаси ҳафтада тасдиқлайди. Бу март ойида киритилган фавқулодда ҳолатнинг саккизинчи марта узайтирилиши бўлади. Ҳукумат шу билан бирга охирги ойлар баъзи чекловларни юмшатиб келган. Таиландда пандемия сабабли туризм соҳаси катта зарар кўрган.

Таиланд ҳукумати AstraZeneca компанияси вакцинаси чиқарилиши билан уни сотиб олишга маблағлар ажратилишини тасдиқлаган. Бу мақсадда мамлакат бюджетига 26 млн доза вакцина сотиб олиш учун 190,6 млн доллар маблағ киритилган. 

Таиланд коронавирусдан касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони бўйича дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бирига эга. ЖССТ раҳбари Таиландни пандемияга энг яхши тайёрланган давлатлар қаторига киритган.

Айни вақтда қиролликда пандемия бошидан бери касалланиш ҳолатлари сони 3,88 мингни, ўлим ҳолатлари сони 60тани ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид