«Танқидлар бўлмоқда, аммо уларга жавоб йўқ» — сенатор айрим давлат органларининг ОАВга эътиборсизлиги ҳақида
Айрим вазирлик, идора ва ҳокимликлар ОАВдаги материалларга ўз вақтида муносабат билдирмаяпти, деди сенатор Маҳмуд Парпиев 20 ноябрдаги ялпи мажлисда. У баъзи ҳолларда давлат органлари фақат ўзига яқин ОАВнигина матбуот анжуманларидан бохабар қилаётганини танқид қилди.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг бажарилиши Олий Мажлиси Сенатининг 9-ялпи мажлисида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Сенатор Маҳмуд Парпиев қилинган ишлар қаторида йўл қўйилган камчиликларни ҳам санади.
«2020 йилнинг ўтган даврида ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирларни (мажлис, учрашув, матбуот анжуманлари ва ҳоказо) ўтказиш ҳамда ОАВни хабардор қилиш тартиби ишлаб чиқилмаган. Оқибатда ОАВ вакиллари бу тадбирлардан бехабар қолган.
Иккинчидан, ҳокимият ва бошқарув органларида фақат ўзига яқин ОАВни хабардор қилиш ҳолатлари юзага келган.
Маҳаллий ҳокимликлар қабул қилаётган қарор лойиҳаларининг нафақат аҳоли ўртасида, балки ОАВ вакиллари ўртасида ҳам муҳокамаси ташкил этилмаган», – деди Маҳмуд Парпиев.
Сенатор бу борада ҳудудлар мисолида ахборот хизматлари фаолияти таҳлили ва вазирликларнинг ОАВ мурожаатларини эътиборсиз қолдираётгани бўйича ҳам гапирган.
«Ғаллаорол, Чуст, Наманган, Фарғона, Олтиариқ ҳамда Пастдарғом туманлари ҳокимликларининг веб-сайтларида «Фуқароларнинг мурожаатлари» бўйича рукн умуман ташкил этилмаган.
Ўрганилган ҳудудларда аҳолини қийнаётган мавжуд муаммолар бирор марта ҳокимият органларининг веб-сайтлари ва бошқа ахборот манбаларида ёритилмаган.
ОАВ юборган мурожаатларга ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан ўз вақтида муносабат билдирилмаган. Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш (176 та), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш (140 та), Соғлиқни сақлаш (132 та), Бандлик ва меҳнат муносабатлари (47 та), Олий ва ўрта махсус таълим (39 та) вазирликлари, Олий суд (59 та), «Ўзбекнефтегаз» (19 та), «Ўзавтосаноат» (15 та) акциядорлик жамиятлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги (325 та), Самарқанд (78 та), Тошкент (78 та) ва Хоразм (31 та) вилоятлари ҳокимликлари жами 1139 та мурожаатларга жавоб бермаган.
Қонунга кўра, ҳокимият ва бошқарув органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган фаолиятга оид маълумотлар янгилаб борилмаган. Айрим рукнларга эса маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.
5 та давлат органи ва ташкилотининг расмий веб-сайтлари мавжуд эмас», – деди у.
Қайд этилишича, ўрганилган ҳокимият ва бошқарув органлари мутасаддилари томонидан ахборот тақдим этиш учун мансабдор шахс белгиланмаган, фаолият очиқлигини бузган мансабдор шахсларга эса чора кўриш механизми йўқ.
Парпиев бу борада таҳлил қилинган 113 нафар матбуот котибидан 12 нафарининг (11 фоиз) иш натижалари юқори, 55 нафари (47 фоиз) ўрта даражада баҳоланган бўлса, 20 нафари (18 фоиз) қониқарли, 26 нафарининг (23 фоиз) фаолияти паст даражада деб топилганини таъкидлади.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот-маълумот материалларда имловий ҳамда грамматик хатолар сақланиб қолган.
Шунингдек, турли ижтимоий тармоқлар, гуруҳлар, каналлар ва интернет саҳифаларида муаммолар жисмоний шахслар томонидан турли миш-мишлар ва бўрттирилган, асосланмаган тарзда тарқатилмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозиликларнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Айрим вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ОАВ орқали мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдирмай келмоқда. Танқидлар бўлмоқда, аммо уларга жавоб йўқ. Бундай ҳолатлар, афсуски, вазирликларнинг обрўсини туширишга олиб келиб, одамларда ислоҳотлар тақдирига ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин.
Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар тизимли эканини ҳамда уларнинг ечими туб ўзгаришларни талаб қилишини кўрсатади», – деди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуд Парпиев.
Мажлисда аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024