Ўзбекистон | 12:24 / 20.11.2020
28656
9 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ва пойтахт ўртасида 1,1 гектар ер “талаш” бўляпти. Суд сохта ҳужжатга асосан қарор чиқарган

Кадастр агентлиги номидан жўнатилган сохта хатга асосан, Тошкент шаҳар Маъмурий суди апелляция ҳайъати раиси Ғолиб Давлатов (у UzAuto Motors нархлари бўйича суд ишига раислик қилгани билан жамоатчиликка таниш) баҳсли қарор қабул қилди. Тошкент ҳалқа айланма йўли бўйидаги 1 гектардан ортиқ ер пойтахт ҳудудига кирадими ёки Тошкент вилоятига? Расмий ҳужжатлардаги коллизия боис тадбиркорлар муаммога учрамоқда.

Фото: Google map

Сергели туманидаги «DRIVER’S VILLAGE» автосалони яқинида, Тошкент ҳалқа айланма йўли бўйида жойлашган 1,1 гектар ер майдони «MT» МЧЖга (фирма номлари шартли равишда қисқартирилган) тегишли деб ҳисоблаб келинган. Аммо бу ернинг бир қисмига бошқа бир ташкилот – «FFT» МЧЖ ҳам даъво қилиб, ўзи фойдаланиши учун қозиқ қоқтиради.

«MT» МЧЖ вакиллари ушбу 1,1 гектар ер майдони уларга Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берган ҳолда ажратиб берилганини, мазкур қарорга асосан «Узгашклити» ДУКнинг 2019 йил 24 апрелдаги далолатномасига асосан ер майдонининг чегара нуқталари белгиланиб, қозиқлар қоқилганини, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Сергели тумани филиали томонидан кадастр ҳужжатлари тайёрланганини билдиришига қарамай, ер майдони бўйича низо давом этади.

Зангиота туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрининг 2020 йил 17 августдаги 02/1015-сонли хатига кўра, аслида бу икки ташкилот ер бўйича низолаша олмасди. Яъни ушбу хатда «FFT» МЧЖ фойдаланишидаги 0,50 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 15 апрелдаги 287-сонли қарори асосида Ўзгариш массивига кирувчи 274-контурдан ажратилгани, «MT» МЧЖ эгалигидаги 1,1 гектар ер майдони эса Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарорига асосан ажратилгани ҳамда ушбу ер майдони 276-277-контурларда жойлашгани маълум қилинган.

Бундан тушуниш мумкинки, ўша вақтда ушбу икки корхонага ажратилган ер майдонининг бири Тошкент шаҳрида, иккинчиси эса Тошкент вилоятида жойлашган бўлган.

Низолашувда давом этган «FFT» МЧЖ судга Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ариза киритади.

Чилонзор туман маъмурий суди 2020 йил 16 июл куни ҳал қилув қарори чиқариб, пойтахт ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топади.

Жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва учинчи шахс «MT» МЧЖ ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикоятини келтиради.

Апелляция судига икки ташкилотнинг ерлари бошқа-бошқа жойда жойлашгани ва уларнинг судда тараф бўла олмаслиги тўғрисида Зангиота туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрининг 2020 йил 17 августдаги юқорида тилга олинган хати тақдим этилган бўлса-да, судлов ҳайъати буни инобатга олмайди.

Шунингдек, ишни кўриш жараёнида судга битта ер майдони бўйича икки хил маълумот тақдим этилади. Жумладан:

  • Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари геодезия ва картография Миллий марказининг 2020 йил 9 сентябрдаги 1/3-1850-сонли маълумотида;
  • Тошкент вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг 2020 йил 21 сентябрдаги 6331-сонли маълумотида;
  • Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг 2020 йил 21 августдаги 11/2181-сонли хатида;
  • «Узгашклити» ДУКнинг 2020 йил 13 июлдаги 84/226-20-сонли маълумотида;
  • Тошкент вилояти прокуратурасининг 2020 йил 30 сентябрдаги 21/201-20-сонли мурожаатга жавоб хатида —

«MT» МЧЖга ажратилган ер майдони Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 21 февралдаги «Тошкент шаҳрининг чегаралари тўғрисида»ги 83-сонли қарори, Олий Кенгаш Раёсатининг 1994 йил 16 мартдаги 1031-XII-сонли қарори ҳамда ҳукуматнинг 1996 йил 28 декабрдаги 464-сонли қарори каби ҳужжатларга асосан, Тошкент шаҳри маъмурий ҳудудига кириши ва 1994 йилдан буён Тошкент шаҳри ҳудудига тааллуқли бўлиб келгани қайд этилган.

Шу билан бирга, судга «MT» МЧЖга берилган ер майдони 2018 йилда, яъни Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ажратиб берилган вақтида, аслида, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли бўлган, деган мазмундаги маълумот ҳам тақдим этилган. Жумладан, «Геоинформкадастр» ДУКнинг 2019 йил 19 июлдаги 03/03-167-сонли маълумотномасида шундай ахборот бор.

Мазкур иш ҳужжатларидаги тафовутларга аниқлик киритиш мақсадида апелляция тартибида иш кўраётган Тошкент шаҳар маъмурий суди Кадастр агентлигига 2020 йил 16 сентябр куни сўров хати юбориб, унда низоли ер майдони 2018 йил ноябр ҳолатига қайси туманнинг маъмурий ҳудудига киргани тўғрисида асослантирилган хулоса тақдим этиш сўралади.

Ушбу сўровга Кадастр агентлигининг 2020 йил 6 октябрдаги жавоб хати судга 9 октябр куни келиб тушади. Ушбу хатда низоли масалани узил-кесил ҳал қилиш мақсадида кенг қамровли ўрганиш олиб бориш кераклигини инобатга олиб, низони махсус ишчи гуруҳ тузган ҳолда қайта ўрганиб чиқиш учун суддан 15 кун муҳлат бериш сўралади.

Аммо қисқа фурсатда, яъни 13 октябр куни судга агентлик директори ўринбосари номидан 2 октябр санаси (!) билан имзоланган навбатдаги хат келиб тушади. Унда суднинг сўровига жавобан ўрганиш олиб борилгани, ўрганиш натижаларига кўра, Сенатнинг 2019 йил 3 майдаги СҚ-418-III-сонли қарорига асосан, аниқлик киритилиши сўралган низоли ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарори қабул қилинган пайтда Тошкент вилоятининг маъмурий ҳудудига қарашли бўлгани маълум қилинади.

Жавобнинг мантиқийлигини қаранг: ер майдонининг 2018 йил ноябрда қайси ҳудудга тегишлилиги ҳақидаги фикрни асослаш учун келажакда қабул қилинган (2019 йил 3 майдаги) қарорга таянилмоқда.

Бунисини қўя туринг, ушбу жавоб хати судга 15 кундан кейин эмас, қисқа фурсатда тақдим этилганидан ташқари, яна бир ўта шубҳали жиҳат мавжуд эди – ўрганиш олиб борилгани ҳақидаги ушбу хат 2 октябр куни имзоланган. Яъни ўрганиш олиб борилиши кераклиги туфайли 15 кун муҳлат сўралган хат эса 6 октябр куни имзоланиб, судга жўнатилган!

Кадастр агентлиги номидан келган, 2020 йил 2 октябрдаги 03-05-8349-сонли мазкур хатга асосланиб, 21 октябр куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг судлов ҳайъати раиси – яқиндагина Монополияга қарши курашиш агентлиги ва «UzAuto Motors» АЖ ўртасидаги ишни кўриб чиққани билан жамоатчиликка бирмунча таниш Ғолиб Давлатов бошчилигидаги судлов ҳайъати апелляция қарорини қабул қилади.

Қарорга кўра, низоли ҳудуд Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарори қабул қилинган пайтда Тошкент вилоятининг маъмурий ҳудудига қарашли бўлган, деб ҳисобланиб, шаҳар ҳокимининг мазкур қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги Чилонзор тумани маъмурий судининг 2020 йил 16 июлдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, ўз кучида қолдирилади.

«MT» МЧЖ вакиллари юқоридаги хатдан шубҳаланиб, прокуратурага мурожаат қилади. Сергели тумани прокуратураси 22 октябр куни Кадастр агентлигига хат билан чиқиб, агентликнинг 2 октябрдаги 03-05-8349-сонли ва 6 октябрдаги 03-05-8385-сонли хатлари ҳақиқатда юборилган ёки юборилмагани ҳақида маълумот беришни сўрайди.

Шу тариқа хат сохта экани маълум бўлади.

Агентлик директорининг прокуратурага 26 октябр куни жўнатган жавоб хатида, агентлик томонидан 6 октябрдаги 03-05-8385-сонли хат ростан ҳам юборилгани, бироқ 2 октябрдаги 03-05-8349-сонли хат юборилмагани маълум қилинади.

«MT» МЧЖ вакилининг таъкидлашича, суднинг холис қарор чиқаришига таъсир қилишга урингани учун Кадастр агентлиги тизимида ишловчи 3 нафар ходим ишдан бўшатилган. Бунга ойдинлик киритиш учун агентлик Кадрлар бўлими билан боғланганимизда, ушбу ходимлар ўз хоҳишлари билан ишдан бўшаганликлари маълум қилинди.

Агентликнинг бошқа бир ходими маълум қилишича, айни дамда низоли ернинг қайси ҳудудга тегишлилигини аниқлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, қайсидир ташкилотнинг ёнини олиш мақсадидан йироқмиз. Бизни қизиқтираётган жиҳат шундаки, қайсидир ҳудуднинг ҳар бир қаричигача Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятига тегишлилигини «кўзни юмиб» аниқлаб бера оладиган масъул ташкилотлар нега 1,1 гектардай катта ерга келганда икки хил мазмундаги маълумотлар бермоқда? Ёки бу ерда манфаатлар тўқнашуви пайдо бўлиб, бир ҳудуд шаҳар ёки вилоят ҳудудига «ўтказиб қўйиляпти»ми?

Умид қиламизки, яқинда Давлат солиқ қўмитаси тизимига ўтказилиб, қайта ташкил этилган Кадастр агентлиги ушбу масалага жиддий эътибор қаратади ҳамда мавҳум бўлиб қолаётган масалани узил-кесил ҳал қилади.

Kun.uz ҳолат бўйича суриштирувларини давом эттиради.

Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид